Андижон 24

МАЪРИФАТЛИ НАШРГА ЯНГИ ҲАЁТ МУБОРАК БЎЛСИН!


30.05.2021   4724

Одатда, исталган соҳа билан боғлиқ эътиборли сана ҳақида фикр билдираётиб, имкони борича тантанавор сўзлар топишга, таърифу тавсифни ҳадди аълосига етказишга чоғланамиз. Бироқ сўнгги йилларда босма оммавий ахборот воситалари ҳаёти ёхуд уларда жавлон ураётган заҳматкашлар фаолияти билан алоқадор сўз айтиш асносида ўйга толишга мажбурбўляпмиз.

Аёнки, бунга ижтимоий тармоқ имкониятларининг кун сайин ортиб, ахборот олиш манбаларининг тобора янгиланиб, босма оммавий ахборот воситаларига эҳтиёж кундан-кунга камайиб бораётганлиги омил бўлмоқда. Шу аснода, аслида мақсади ягона бўлиши зарур бўлган бу икки тоифа ахборот манбаи вакилларининг икки томонга бўлиниб олиб, бирининг босма нашрлар умри тугаганлигини "башорат" қилишдан, иккинчисининг умид ва ишонч этагини тутишдан чарчамаётганлиги ҳам чуқур ўйга толдиради кишини...

Нима бўлганда ҳам, босма оммавий ахборот воситалари яшашда давом этяпти, улар таҳририятларида ҳали-ҳануз юзлаб фидойи инсонлар қасамини муқаддас билиб, сўзга содиқ, халққа хизматкор бўлиб меҳнат қилмоқда. Жумладан, бировлар назарида "шарти кетиб, парти қолган, умрининг сўнгги кунларини яшаётган" "Бухоронома" ва "Андижоннома" сингари отахон нашрлар ва уларнинг заҳматкаш зиёлилари ҳам.

Аслида, босма нашр-ларни, айниқса, кўп йиллик тарихга эга, неча ўн йилликлар давомида ўзини маънавият ва маърифат фидойиси сифатида тасаввур этган, яхшилик қилиш ва унга даъват этишни муқаддас бурчи деб ҳисоблайдиган босма нашрлар ижодий ходимларини ахборот тарқатишнинг бугун оммалашаётган ўзанларига солиш анча-йин мушкул. Аниқки, улар ҳали-ҳануз бировларнинг кулфатини дунёга достон қилиб рўзғор тебратишдан андиша қилишади ва бунинг учун уларга замондан орқада қолган, деб таъна қилиш ноўрин.

Қолаверса, кўп йиллик тарихга эга аксарият босма оммавий ахборотнашрларига биз бугун хоки-пойини кўзга сурадиган улуғ маърифатпарварларимиз саъй-ҳаракати билан асос солинганки, бундай нашрларда ишлаб кўпроқ пул топиш ҳаракатига тушган одамнинг кўз олдида ана ўша ойдинларимиз сиймоси гавдаланаверади, бугунги давомчиларининг хатти-ҳаракатларини тафтиш қилиб тургандек, огоҳлик ва ҳалолликка даъват этаверади.

"Бухоронома"ни бугун 100 йиллигини нишонлаётган "Андижоннома" билан боғлаб турадиган ришталар бисёр. Ўтган асрнинг 20-йилларида Андижон фарзанди, буюк Чўлпон дўсти ва маслакдоши Файзулла Хўжаев таклифи билан бир муддат Бухорода яшаган ва Бухоро Халқ Совет Республикаси (БХСР)нинг ўшапайтларда "Бухоро ахбори" номи билан юритилган бош нашрида 1920-1921 йилларда муҳаррирлик қилган. Улуғ шоирнинг машҳур "Халқ" шеъри ҳам Бухорода ёзилган ва бухороликлар бу тарихий далилларни ҳали-ҳануз фахр билан эътироф этиб юришади.

Андижонлик яна бир заҳматкаш инсон, фидойи журналист Обоқул Эгамов ўтган асрнинг учинчи чорагида, аниқроғи, 1960-1965 йилларда ўша пайтларда "Бухоро ҳақиқати" номи билан юритилган вилоят бош нашрида муҳаррир лавозимида ишлаган. Бухоролик журналистлар ҳозир ҳам Обоқул акани меҳрибон ва жонкуяр устоз сифатида хотирлашади.

Икки отахон нашр ижодий жамоаси ўртасидаги илиқ муносабат, ижодий ҳамкорлик ва тажриба алмашиш анъанаси яқин йилларгача давом этди. Таҳририятимиз ходимларини гапга солсангиз, Андижонга уюштирилган ижодий сафарлар ёхуд "Андижоннома" ходимларининг Бухорога ташрифи хусусида тўлиб-тошиб, соғинч ва қўмсаш билан сўзлашади. Таассуфки, бугун, айниқса, босма оммавий ахборот воситалари "ўзи билан ўзи бўлиб қолди". Ҳар ҳолда, газета чиқаётганига, ҳар ҳолда, туриш-турмушга етгулик ризқ топилганига шукур қилиб яшашга одатланиб ҳам қолдик.

Бироқ дунё - боумид! Аминманки, босма оммавий ахборот воситалари, жумладан, "Андижоннома" ҳам ора йўлда қолиб кетмайди. Зеро, Андижонда маърифатли инсонлар, маънавияти баланд раҳбарлар жуда-жуда кўп. Улар газета-журналнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмаслигини, бу - кундалик ҳаётимизда аллақачон ўз исботини топганлигини, бугун дунёнинг меҳварини ушлаб турган ва ҳаёт бардавомлигини таъминлаётган авлод газета-журнал ўқиб вояга етганлигини, келажагимиз яратувчилари бўлмиш ёш авлодни бу маърифатдан мосуво этишга ҳеч ким ҳақли эмаслигини жуда яхши билишади.

Шу маънода, комил ишонч билан айта оламанки, 100 ёшини қарши олаётган "Андижоннома" аслида бугун қайта дунёга келаётир. Маърифатни байроқ қилиб, маънавиятни муқаддас туғ янглиғ бошида кўтариб, қайта майдонга чиқаётир. Ана шу саодат барча андижонлик азизларимизга, ҳамкасб устоз ва дўстларимизга муборак бўлсин! Ишонаманки, ўнлаб ойдинларимизни дунёга келтириб вояга етказган, бутун мамлакатда маърифатпарвар кент сифатида довруғ қозониб келаётган Андижон ва унинг бош нашри бўлмиш "Андижоннома" пешқадамликни яна қўлга олади!

Қутлуғ сана муборак бўлсин, азизлар!

Шогирдлик эҳтироми ила,

Шодмон

СУЛАЙМОНОВ,

"Бухоронома" ва "Бухарский вестник" газеталари

бош муҳаррири.