Андижон 24

«МАРДОНА ЯШАМОҚ, ВАТАННИ АСРАМОҚ - ЧИН ИНСОН БАХТИ!» + ФОТО


13.07.2018   3263

Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 27 йиллиги олдидан

«Мардона яшамоқ, Ватанни асрамоқ - чин инсон бахти!»

деб номланган байрам тадбири бугун Марҳамат туманида кўтаринки руҳда ўтказилди

Марҳамат тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабининг марказий ўйингоҳи ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан кўплаб корхона, ташкилот, муассасалар иштирокида мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган “Мардона яшамоқ, Ватанни асрамоқ - чин инсон бахти!” шиори остида тадбир бўлиб ўтди.

Ҳарбий техника, жанговар қуроллар намойиши катта қизиқиш уйғотди. Фавқулодда вазиятлар ҳамда ёнғин хавфсизлиги бошқармалари техникалари иштирокчилар эътиборидан четда қолмади.

Ўйингоҳда мудофаа ва ички ишлар тизимидаги қисмлар, миллий гвардия ҳарбийларининг кўргазмали чиқишлари олқишларга сазовор бўлди. Техника ва қуроллардан фойдаланиш жараёни саҳна кўриниши тарзида намойиш этилди. Спортчилар, “Ватанпарвар” ташкилотида техника, амалий спорт билан шуғулланаётган ёшлар маҳоратларини кўрсатдилар.

-Уларнинг аксарияти республика мусобақалари чемпионлари ва совриндорларидир, - дейди мудофаага кўмаклашувчи ”Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгаши раиси Муҳиддин Сотқулов.

“Оналар ва болалар” маданият ва истироҳат боғида бадиий, илмий-оммабоп, болалар адабиётлари ўрин олган китоб ярмаркаси ташкил этилди. “Андижонкитобсавдо” масъулияти чекланган жамияти ҳамда “Янги аср авлоди” нашриётининг вилоятдаги вакиллиги томонидан янги китоблар тавсия этилди.

Аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган тадбирлар кўлами ҳам кенг бўлди. Етакчи мутахассислар тиббий кўрикда керакли тавсия ва маслаҳатлар бердилар.

- Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиалидан ўндан ортиқ шифокорлар ташриф буюрдилар, - деди филиал директори Дониёрбек Бўрибоев. - Мурожаат қилганлар УЗИ, офтолмоскоп, ЭКГ, отоскоп ускуналари ёрдамида текширувдан ўтказилдилар.

Жамият саломатлиги ва соғлиқни сақлашни ташкил этиш илмий тадқиқот институти вилоят бўлинмаси томонидан иштирокчиларга буклетлар тарқатилди, соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи роликлар намойиш қилинди.

Вилоят адлия бошқармаси тизимидаги хизматлар гуруҳи фуқароларнинг ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган тарғибот, тушунтириш ишлари, ҳар бир йўналиш бўйича кўргазма ташкил этди. Малакали ҳуқуқшунослар саволларга атрофлича жавоб қайтардилар.

Вилоят иқтисодий суди судьяси Дилмурод Қосимов дон маҳсулотлари корхонасидан ҳақини ололмаётган фермер хўжалиги раҳбарига билан мулоқотда бўлди. Судга бормасдан интернет орқали ариза бериш ва қарорни олиш мумкинлигини тушунтирди. Шундай мурожаатларнинг тартиби баён қилинган буклет ҳавола қилди.

Туманда 169 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. “Ҳар бир оила-тадбиркор” дастури бўйича 7 минг 907 та оила қамраб олиниши кўзда тутилган. Тижорат банклари хизматларини таклиф қилган бўлсалар, ишлаб чиқарувчилар маҳсулотлари билан иштирок этдилар. Балиқчилик учун ховузлар, чорва ҳайвонлари, тикув-трикотаж ускуналари кўргазмаларида тадбиркор бўлишни истаганлар шу ернинг ўзида шартнома туздилар. Шунингдек, ёшлар учун ”Тадбиркорлик ва бандлик” ярмаркаси ташкил этилди.

Ардоқли қўшиқчилар, хаваскор ёшлар иштирокидаги концерт дастури, расмлар, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиши ҳамда “Ош танлови” тадбирга янада оммавийлик бахш этди.

М.ТЎХТАНАЗАРОВ.

Суратда: тадбирдан лавҳалар.

Р. ЭШОНОВ олган суратлар.