Ҳужжатлар

МАНСАБИНИ СУИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАНЛАР ЭНДИ БЕШ ЙИЛДАН ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНАДИ


28.02.2019   1143

Жиноят ишлари бўйча вилоят судида Жиноят Кодексининг 167-моддаси “Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш жинояти” мазмун-моҳиятини тушунтириш, мавзуга доир тергов ва суд амалиётида юзага келаётган муаммоларга бағишланган семинар ўтказилди.

Вилоят суди судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расуловнинг хабар беришича, унда жиноят ишлари бўйича Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларида фаолият олиб бораётган судлар судьялари, тергов ва суриштирув органлари ходимлари, адвокатлар иштирок этган.

Видеоконференция тарзида ўтказилган семинарда ЖК 167-моддаси мазмун-моҳияти тушунтирилиб, унда кўзда тутилган жазолар ҳақида маълумотлар берилди.

- Ушбу моддага асосан, айбдорга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш - энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади, - дейди жиноят ишлари бўйича вилоят суди раис ўринбосари Адҳамжон Мирзаев. – Агарда ўша ҳаракат кўп миқдорда, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш йўли билан содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланади. Етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди.

Бош прокуратура маълумотига кўра, республика бўйлаб 2018 йилда 1561 нафар турли тоифадаги мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Бу шахсларнинг 821 нафари ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш, 138 нафари пора олиш ва бериш, қолганлари эса бошқа мансабдорлик жиноятларида айбланган.

Коррупцияга алоқадорликда айбланиб, жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг аксариятини - хўжалик юритувчи субъект раҳбарлари, таълим соҳаси вакиллари, соғлиқни сақлаш тизими вакиллари ва қолган қисмини бошқа соҳа вакиллари ташкил қилган.

«Auz.uz» онлайн гуруҳи.