Андижон 24

МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ВАЗИРЛИГИ МАСОФАВИЙ ОНЛАЙН МАШҒУЛОТЛАРНИ БОШЛАМОҚДА


31.03.2020   2329

Мактабгача таълим вазирлиги MTRK билан ҳамкорликда болажонларнинг карантин давридаги вақтларини унумли ўтказишга кўмак бериш учун “онлайн боғча“-мактабгача таълим машғулотлар теле лойиҳасини йўлга қўймоқда.

Вазирлик ахборот хизматидан хабар беришларича, мазкур лойиҳа мактабгача таълим тизимининг “ИЛК ҚАДАМ” давлат таълим стандарти асосида ишлаб чиқилган бўлиб, 3 ёшдан 6 ёшгача бўлган болалар учун мўлжалланган. Унинг ёрдамида энди ота-оналар боғча машғулотларини ўз фарзандлари билан уйда бажаришлари мумкин бўлади.

1-синфга тайёргарлик кўраётган болажонлар ижодкорлар томонидан давлат дастури асосида тайёрланган “Ақлвой” номли мактабга тайёрлов машғулотларини кузатиб борсалар, “Илк қадам” дастури доирасида 3-6 ёшлик болажонлар “Бардам болажон”, “Ментал арифметика”, “Моҳир қўллар”, “Luckin English”, “Болалар ошхонаси”, “Менинг диёрим”, “Ровон нутқ” каби машғулотларининг жажжи иштирокчисига айланишлари мумкин.

“Илк қадам” мактабгача таълим машғулотлари дастури энди 1 апрелдан бошлаб ҳар куни душанбадан жумагача соат 8:00 дан 12:00 га қадар, 6 ёшли болалар учун мўлжалланган “Ақлвой” машғулотлари эса ҳар куни соат 11:00 ва 15:00 да ўзбек ва рус тилларида “Болажон” телеканали орқали эфирга узатилади.

Шунингдек, онлайн машғулотлар Мактабгача таълим вазирлигининг расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жойлаштириб борилади.

Онлайн машғулотларнинг вақти билан “Болажон” телеканали ҳафталик дастурлар жадвали орқали танишиш мумкин.

Мактабгача таълим вазирлиги мутахассислари томонидан “Болажон” канали орқали ота-оналарни ҳам таълим методикаси ва болалар психологияси каби мавзулар ҳақида яқиндан таништириб бориш режалаштирилган.

Манба: UzA.uz