Андижон 24

Мактабда ички туризм сабоқлари


05.03.2018   1825

Мамлакатимизда туризмни ривожлантириш ва уни жаҳон талаблари даражасига олиб чиқиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу йўналишда умумтаълим мактабларида ҳам белгиланган режа ва дастурлар асосида иш ташкил этилаётгани ўқувчи ёшларда соҳага доир билим ва кўникмаларни шаклланишига хизмат қилмоқда.

Жалақудуқ туманидаги 40-умумтаълим мактабида ўтказилган семинардан кўзланган мақсад ҳам туризмни ўқитиш йўналишида эришилган ютуқ ва тажрибаларни оммалаштиришдан иборат бўлди. Меҳмонлар тадбирлар аввалида мактаб ўқувчиларининг спорт соҳасида эришган ютуқлари, қўл меҳнати намуналари ва ижодкор ёшларнинг асарлари билан танишдилар. Шундан сўнг янги педагогик технологиялар асосида ташкил этилган дарсларни кузатдилар. Айниқса, ички туризм мавзусига бағишланган дарслар семинар иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

“Бугунги ёшлар эртанги кун давлат ва жамият қурилишининг асосий меъморлари” мавзусидаги семинарга уланиб кетган тадбир ёш китобсеварларнинг ёддан айтган шеърлари билан янада файзли ўтди.

Ўқувчиларнинг бўш вақтларини мароқли ва мазмунли ташкил этилишида турли спорт, ижодий ва фан тўгаракларининг ўрни алоҳида. Мактабда олиб борилаётган ана шундай тўгарак машғулотларига барча ўқувчиларни қамраб олишга ҳаракат қилинмоқда. Натижада фанлардан ўзлаштириш яхшиланиб, ўқувчилар ўз қизиқишлари бўйича қобилиятларини оширишга эришмоқдалар.

Эгамназар АБДУЛБОҚИЕВ.