ЖАМИЯТ

МАҚСАДИ БУЮК ИНСОННИНГ ҲАРАКАТИ ҲАМ САЛМОҚЛИ БЎЛАДИ


14.09.2020   2830

Халқни рози қилиш тамойили ҳар бир депутат зиммасига катта вазифаларни белгилаб берди. Одамлар ўзи сайлаган вакилни, аввало, ҳар соҳада ибрат бўла оладиган киши сифатида кўришни хоҳлайди. Демак, “мен ишончга қай даражада сазоворман,” деган савол остидаги талабга жавоб бериш депутатни ҳар лаҳза хушёрликка чорлаб туриши шарт.

–Дориломон замонда яшаяпмиз, – дейди халқ депутатлариҚўрғонтепа тумани кенгаши депутати Муҳаббатхон Йўлдошева. – Тадбиркорликка қўл урган ҳар қандай инсонга меҳнатининг қадри, роҳату фароғатини кўриш учун бирозгина ҳаракат кифоя. Давлат томонидан берилаётган имтиёзу имкониятлар, қўллов ҳамда рағбат билан оёққа туриб, фаровон турмуш кечираётган, шунинг баробарида юрт ва жамият тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган инсонлар сафи кенгайиб бормоқда.

Муҳаббатхон 2009 йилда фаолиятини иккита тикув машинаси билан бошлаб, чеварликка ҳавасманд ўн нафар кишлоқдош қизни шогирдликка олиб, уларга тикиш сирларини ўргатди. Устоз-шогирдлар маҳалладошларининг эҳтиёжларидан келиб чиқиб, турли-туман либослар тайёрлаб эътиборга тушишди.

– Мен тайёрлаган маҳсулотга талаб ҳамиша юқори бўлиши керак, деган мақсадда изланганларим эсимда, – дейди суҳбатдошимиз. – Мавжуд имкониятлар самараси ўлароқ, корхонамизда катта ўзгаришлар юз берди. “Агробанк”нинг туман бўлимидан олинган 180 миллион сўм кредит ҳисобига хориждан ўттизта замонавий тикув дастгоҳи келтирдик. Корхона фаолияти кенгайди, тайёрланаётган трикотаж маҳсулотлари тури ва ишлаб чиқариш ҳажми ошди.

Иш сифати юксалгач, ўз-ўзидан файзу барака ёғилаверар экан. Бунинг учун эса раҳбар қўл остидаги ходимларга мунтазам эътибор қилиши, меҳнатига яраша рағбатлантириши, уларнинг ижтимоий ҳимоясини назардан қочирмаслиги даркор. Шунингдек, ишчиларнинг малака ва тажриба ошириб боришларига ҳам шарт-шароит яратиб берилиши зарур. Муҳаббат Йўлдошева фаолиятида мана шу уч жиҳатни уйғунлаштиришга эриша олди. Замонавий дастгоҳлар билан таьминланган корхонада ходимлар қўл-оёғи билан бирга тафаккурни баравар ишлатишга ўргандилар. “Учирма” бўлиб, мустақил равишда тадбиркорликнинг этагини тутган ёшлар ҳам талайгина.

– Бизнес остонасида иккиланиб турганларга босиб ўтган йўлимизни мисол қилиб келтираман, – дейдии опа. – Эринмасдан соҳанинг пасту баландини тушунтираман. Чўчимаслик керак. Аввало, қайсидир маънода таваккалчилик зарур. Лекин етти ўлчаб, бир кесадиган жиҳатлар ҳам анчагина. Ҳозир эркин фаолият учун афзаллик талайгина. “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури асосида кредит олиб, йўлини топиб олганлар анча.

Андижонлик аёлларнинг қонида ишбилармонлик, яхши маънода янгиликка ўчлик бор. Вилоятимиздаги йирик тадбиркорлик субъектларини бошқариб келаётган дугоналарим билан мулоқотларда бизнес борасидаги билимларимизни ўртоқлашамиз. «Ўзимиздан ортиб, халққа нима беряпмиз?»деган ўй ҳар куни бизни безовта қилиб туради. Юрган йўлимизни, босган изимизни оқлаб яшашимиз керак. Мен иқтисодиётимиз ривожига тадбиркорлар қўшаётган ҳиссаларни аниқ-тиниқ ҳис қиламан. Ўзимдан қиёс: меҳнатимиз туфайли эришаётган йиллик даромаднинг соф фойдасидан барча баҳраманд бўлсин, дейман. Қишлоғимиздаги кам таъминланганхонадонларга,махсус мактаб-интернатгаҳомийлик қиламиз.«Мурувват уйи»даги ногирон аёллар ҳузурида бўлганимизда кимнингдир дилига ёруғлик олиб кира олганимиздан кўнглимиз равшан тортади.

Пандемия шароитида оилаларга соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларга амалий кўмак бериш мақсадида туман ҳокимлиги, Давлат хизматлари агентлиги бўлими ташаббуси билан ташкил этилган “Меҳр гулининг ифори - Аёл” икки босқичли акциясида фаол иштирок этдик. Туманнинг Деҳқончек, Чимён, Савай каби ўнлаб қишлоқларида бўлиб, аёллар турмуш тарзи билан яқиндан танишдик. Уларнинг муаммоларини тингладик, ечимини биргалашиб қидирдик.

Кузатувларим давомида бандлик масала кўп нарсанинг ечими эканлигини англадим. Раҳбар сифатида иш ўринлариниянада кўпайтиришни дастуриламал қилиб олганман. Даромадларимиз эвазига кичик цех очиб, эл дастурхонига нон маҳсулотлари етказиб беришни йўлга қўйдик. Ўн нафар йигит-қкиз ишли бўлди. Экспорт салоҳияти кундан-кун равнақ топаётган корхонамизни кенгайтириш зарур. Маҳсулотларнинг янги моделларини яратиш, тизимни ривожлантиришга ҳисса қўшувчи инновацион лойиҳалар устида ишлаётган ёшларни қўллаб-қувватлашга ҳамиша тайёрмиз.

Албатта, ҳар бир инсон эришган ютуқ ва муваффақиятларга, уни тушуниб, қўллаб-қувватловчи яқинлари катта туртки беришади. Муҳаббатхон Йўлдошевани бу борада турмуш ўртоғи Маъруфжон ака ҳамиша қўллаб-қувватлайди. Аҳил оилада камолга етган фарзандлар – Жавлонбек ҳамда Шаҳнозахонлар ҳам ўзларининг йўлларини топиб, эл корига ярайдиган инсон бўлиб етишдилар. Опанинг тадбиркор сифатидаги ютуқлари, мамлакат тараққиётига қўшаётган озми-кўп ҳиссаси алоҳида эътироф этилиб, Президентимиз Фармони билан «Дўстлик» ордени билан мукофотланган. Зеро, мақсадларии буюк инсонларнинг ҳаракатлари ҳам салмоқли бўлади, деганларининг исботи бу.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА тайёрлади.

Азаматжон ТОШМАТОВ олган сурат.