Андижон 24

МАҚСАД КЎНГИЛСИЗ ҲОЛАТЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШДИР


30.07.2019   1694

Жиноятчиликлар профилактикаси ва ҳуқуқбузарликларни олдини олишда суд соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ва судьяларнинг бевосита халқ билан ўтказилаётган мулоқотлар катта аҳамиятга эга. Айниқса, ҳудудларда турли сайёр қабулларнинг ташкил этилиши, суд соҳасидаги мутахассисларнинг аҳоли билан давра суҳбатларининг ўтказилаётгани юзага келиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишга яқиндан кўмак бермоқда. Бу борада жиноят ишлари бўйича вилоят суди томонидан жойларда бир қатор тадбирлар ташкил этилмоқда. Бу ҳақда жиноят ишлар бўйича вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расулов хабар бермоқда.

Андижон шаҳрининг Яхши маҳалла фуқаролар йиғинида жиноят ишлар бўйича вилоят судининг судьяси Шавкатбек Шодмонов, иштирокида “Жабрланувчининг виктимологияси ва жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари” мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбир давомида маҳаллада истиқомат қилаётган аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ҳамда ёшларнинг миллий қадриятларимизга ёт бўлган диний экстремистик оқимлар кириб қолишига қарши кураш ва уларда бу борада ғоявий иммунитет ҳосил қилиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Андижон туманининг Саноат маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам жиноят ишлари бўйича туман суди судьяси Акмалжон Кенжабоев ва вилоят суди ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик иштирокида давра суҳбати ўтказилди.

Ҳудди шундай тадбир Андижон шаҳрининг Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғинида жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси Улуғбеек Каримов ва вилоят суди ходимлари иштирокида бўлиб ўтди. Давра суҳбати давомида жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳар қандай қилмиш учун жазо муқаррарлиги борасида фикрлар билдирилди ва суд-ҳуқуқ соҳасида аҳолини қийнаб келаётган муаммолар бўйича йўл-йўриқ ва кўрсатмалар берилди. Шунингдек тадбир давомида худуда истиқомат қилаётган фуқаролар меҳмонларга саволлар билан мурожаат этиб, уларга батафсил жавоб олидилар.

Айтиш жоизки, бундай тадбирлар юртимизда тинчлик-омонлик, осудалик бардавом бўлишига замин яратиб, фуқаролар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар сони камайиши, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти эса ортишига олиб келиши шубҳасиздир.