ЖАМИЯТ

МАҚСАД – ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ


26.12.2019   953

Андижон вилояти ёнғин хавфсизлиги бошқармасида алоқадор ташкилотлар ҳамкорлигида фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, қиш мавсумини кўнгилсизликларсиз ўтказиш, ис газидан заҳарланиш ва чақнаш ҳодисаларини олдини олиш мақсадида кенг қамровли тадбир ўтказилди. Тадбир иштирокчиларига фуқаролар ўртасида ҳушёрликни оширишга қаратилган ишларни ташкил этиш муҳимлиги таъкидланиб, бунинг учун ҳамкорликда амалга ошириладиган долзарб вазифалар тушунтирилди. Шундан сўнг Андижон вилояти ҳамда шаҳар ёнғин хавфсизлиги хизмати, ёнғинга қарши курашиш жамияти, электр тармоқлари, газ идораси вакилларидан иборат гуруҳлар шаҳар ўрамидаги маҳаллаларда тарғибот ишларини олиб бориш, носоз иситиш воситаларидан фойдаланишга чек қўйиш, аҳолига амалий кўмак бериш мақсадида сафарбар этилдилар.

Аҳоли билан суҳбатда бўлган гуруҳ аъзолари табиий газ ҳамда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари иситиш тизимига табиий газни улашда меъёрий талабларга риоя этмаслик ҳамда фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилмаслик, иситиш учун мўлжалланган печлар ҳамда мўриларнинг соз ҳолатда эмаслиги, яхши тозаланмаганлиги боис юзага келишини тушунтирдилар. Электр ва иситиш жиҳозларининг созлигини ўрганган мутахассислар камчиликларни бартараф этиш бўйича йўл-йўриқ бериш билан бирга фуқароларнинг муаммоларини жойида ҳал қилиш чораларини кўрдилар.

Кўп қаватли уйлар, аҳоли гавжум бўладиган иншоотларнинг эвакуация йўлакларини беркитиб қўйилиши кўплаб фуқароларнинг жабр кўришига сабаб бўлиши хорижий давлатларда содир бўлган ёнғинларда яна бир карра барчага сабоқ бўлди. Лекин шунга қарамасдан айрим фуқароларнинг ўзи, яқинлари тақдирига бефарқлиги кишини ўйлантириб қўяди. Андижон шаҳридаги оилавий ётоқхоналарда ёнғин келиб чиққанида фуқароларни эвакуация қилиш учун бино ёнига ўрнатилган темир зинапоя хонадон эгалари томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган. Ўтиш жойларига пол ва панжаралар ўрнатилган. Яшаш хонадонига, омбохонага айлантирилган. Ишчи гуруҳ томонидан камчиликлар бартараф этилиб, хонадон эгаларига тушунчалар берилди.

Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежида куз-қиш мавсумини кўнгилсизликларсиз ўтказиш, ёшларнинг ҳушёрлигини ошириш мақсадида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда сўзга чиққан соҳа мутахассислари мавсум давомида эътибор қаратилиши лозим бўлган хавфсизлик қоидалари ҳақида атрофлича тушунчалар бердилар. Ёнғин ўчирувчилар қўлланиладиган техникалар, жиҳоз ва ускуналарнинг кўргазмали намойишини ташкил этдилар. Шунингдек содир бўлган ёнғинни қисқа фурсатда бартараф этиш бўйича экипаж аъзоларининг ҳаракатлари амалий тарзда кўрсатиб берилди. Турли хил эслатма, йўриқномалар тарқатилди.

“Трастбанк”нинг вилоят бошқармасида ўтказилган суҳбатда ҳам ёнғинларнинг олдини олиш, яшаш хонадонлари, иш ва жамоат жойларида ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш бўйича тушунчалар берилди. Қиш мавсумида кўп учрайдиган ёнғин ҳодисалари ҳақида гапирилиб, уларнинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар тушунтирилди. Шунингдек, ис газидан заҳарланиш, чақнаш сингари кўнгилсиз ҳолатларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари бўйича маълумотлар берилди.

Хуршидбек Солиев,

Андижон шаҳар ФВБ ЁХБ инспектори.