ЖАМИЯТ

Мақолангизни ўқидим: БОЛА ТИЛ БИЛИШИ ШАРТ БУНИНГ УЧУН ШАРОИТ ВА МУҲИТНИ ЯРАТИБ БЕРИНГ


18.12.2018   1402

Мактабда инглиз тили фанидан сабоқ бераман. Шундай талабим бор: қўнғироқ чалиндими, танаффусгача ҳамма инглиз тилида гапириши шарт. Дастлаб ўқувчилар қийналишади, бир-икки машғулотдан сўнг ўзлари луғат варақлаб, янги сўзлар топишга, улардан гаплар тузишга ҳаракат қилганини кўриб қувонаман.

Матбуотни доимо кузатаман. Газета ўқимасам, бир куним кемтикдай туюлади. «Андижоннома» газетасининг шу йил 24ноябрь сонида “Бола рус тилида таълим олиши шартми?” сарлавҳали мақола чоп этилди. Тўғриси, таҳлилий-танқидий бу чиқиш биз - таълим ходимлари ўртасида анча мунозараларга сабаб бўлди.Вилоятимизда рус синфларига дарс берадиган фан ўқитувчиларининг етишмаслиги танганинг бир тарафи бўлса, ўқувчиларнинг оддий сўзлашув нутқи ривожланиши учун мактабда ҳам, оилада ҳам шароитнинг йўқлиги иккинчи тарафи. Мақолада вилоятимиздаги рус тилида таълим олаётган қарийб 54 минг бола – фарзандларимизнинг тақдири ҳақида сўз юритилган.

Мактабимизда икки тилли таълим йўлга қўйилган. Жияним Рухшона Рашидова 5- рус синфида ўқийди. Ўзбек, рус, инглиз тилида жуда бийрон сўзлайди. Сабаби оддий - оилада ҳар уч тилда сўзлашадилар. Энг, ҳайратланарлиси, кичкинтойларнинг ташаббуси билан ота-онаси, бобо ва бувиси ҳам чет тилларида анчагина “сўзлашадиган”, бирон-бирнарсанинг таржимасини дарров айтиб берадиган бўлиб қолишди.

Мақоладаги бола учун мактабдаги дарсларнинг ўзи етарли эмас, уни ўраб турган муҳит бевосита машғулотларнинг давоми бўлиши керак, деган фикр жуда тўғри. Рухшона боғчадаги укасига Янги йил ҳақида русча, инглизча шеърлар ўргатяпти. Ёддан айтса, китоб совға қилар экан. Ана, рағбат орқали кенжатойнинг ҳам зукколиги ортиб боряпти.

Тил билган – эл билади. Илм оламан, ўрганаман деган одамга ҳеч қачон кеч эмас деймизу, хотирамиз ўткирлигида, ёшлигимизда уққанларимиз ёдимизда кўпроқ қолиши шубҳасиз.

Дилдора ХОЛМАТОВА,

Андижон шаҳридаги 14-мактаб ўқитувчиси.