Андижон 24

МАҲАЛЛАЛАРДА НАВРЎЗ ШУКУХИ


22.03.2021   838

Мамлакатимизда бошланган Наврўз байрами маҳалларларга кўчди. Қишлоқларда, шаҳарларда қутлуғ айёмга пухта тайёргарлик кўрилди. Бунёдкорлик, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш кенг кўламда амалга оширилди. Шаҳрихонинг ҳар бир гўшаси баҳор, байрам арафасида ўзгача ороланди, байрамлар байрамларга уланди. Қишлоқдошлар, маҳалладошлар бир-бирларини табриклаб, эзгу тилаклар билдирдилар. Нуронийлар, ижтимоий ҳимояга мухтож оилалар холидан хабар олинди.

Наврўз маҳалла фуқаролар йиғин аҳли хам Наврўзни кўтаринки кайфиятда кутиб олдилар. 961 хонадонда истиқомат қилаётган аҳоли ободонлаштириш, кўкаламзорлаштиришда фаол қатнашдилар. 2 000 туп манзарали дарахт, 1 000 тупга яқин мевали кўчатлар, турфа гуллар ўтқазилди.

- Улуғ ва миллий байрам кунлари маҳалламиз номига монанд чирой очди, - деди Наврўз маҳалла фуқаролар йиғини раиси Файзулло Абдурахмонов. - Маҳалладошларимиз меҳр-оқибат кўрсатишди. Кам таъминланган оила соҳибаси Марҳабохон Абдураҳмонова жуда хурсанд. Эътиборли муносабат туфайли бу хонадонда иссиқхона тикланди. Марҳобохон опа оила аъзолари билан иссиқхонада помидор, булғор қалампири, бодринг кўчатлари парваришлаяпти.

- Ўн беш минг туп ниҳолларни хадемай эҳтиёжмандларга сотамиз, - деди хонадон соҳибаси. – Бу даромад дегани. Бизни қўллаб-қувватлаётганларга минг раҳмат.

Маҳаллада Наврўз тадбирлари карантин қоидаларига риоя этилган холда амалга оширилиши кўпчиликнинг манфатини ўйлаб, сиҳат-саломатликни мустаҳкамлаш ҳаракати самарасидир.

Қум маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси учун қўш шодиёна. Шаҳрихон туман ҳокимлиги, тадбиркорларнинг кўмаги билан маҳалла фуқаролар йиғинининг замонавий биноси қуриб битказилди.

- Ҳаммамиз жуда хурсандмиз, - деди Қум маҳалла фуқаролар йиғини раиси, халқ депутатлари туман кенгаши депутати Мақсудбек Акбаров. - Бугун янги идорамизнинг очилиш маросими 22 март маҳалла тизими ходимлари кунига тўғри келди. Кўнглимиз чоғ.

- 4-сектор ҳудудидаги «Андажон» маҳалла фуқаролар йиғини ўрамида кўпни кўрган кексалар, фаоллар, кам таъминланган оилалар вакиллари билан байрамона дастурхон атрофида суҳбатлашдик, - деди Шаҳрихон тумани маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари Сайдали ака Мадаминов. – Бир-биримиздан хол аҳвол сўрадик, эзгу ниятлар билдирдик. Муҳими, меҳр-оқибатдан бахраманд бўлдик. Маҳаллалар фаоллари келгуси режалар хақида сўзлашди. Ошпазлар дамлаган палов дастурхонга тортилди.

Шаҳрихоннинг барча масканларида Наврўз айёми қувончли тадбирлари давом этяпти. Деҳқонлар далалар, боғбонлар боғ оралаяпти. Юртдошлар кўклам тадбирларини режали бажаряптилар. Маҳаллалар марказларида сумалак пишириляпти. Қўни-қўшнилар яхшиликни илиниб, дуолар қилишмоқда.

Ахмадилло СОЛИЕВ,

Хурсандбек АРАББОЕВ.

Суратларда: Шаҳрихон тумани маҳаллалардаги тадбирлардан лавҳалар.