ЖАМИЯТ

Махсус ўзбек кинокомиссияси ташкил этилди


14.04.2018   1248

Ўзбек кинематографиясини ривожлантириш йўлида яна бир муҳим қадам ташланди. Хўш, янги тузилманинг вазифалари нималардан иборат?

“Ўзбеккино” миллий агентлиги, Кинематографияни ривожлантириш маркази ва Ёш киноижодкорлар кенгаши қошида Ўзбекистонда кино туризмини ривожлантириш ҳамда хорижий кинокомпанияларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фильмларни тасвирга олиш ишларида ташкилий ва ишлаб чиқариш-техник хизматларни кўрсатиш бўйича доимий фаолият юритадиган махсус ўзбек кинокомиссияси ташкил этилди.

Бу ўзбек кинематографиясини ривожлантириш йўлида ташланган яна бир муҳим қадамдир.

Юқорида номлари келтирилган ташкилотлар бундан буён республика ҳудудида фильмларни тасвирга олиш учун хорижий кинокомпанияларни кенг жалб қилиш ҳамда уларга халқаро тажриба асосида киносервис хизматларини кўрсатиш бўйича ҳамкорлик қилади.

Кинокомиссиянинг асосий вазифалари – хорижий инвесторларни Ўзбекистонга жалб этиш, мамлакатнинг маданий-тарихий мероси ва табиий бойликларини кенг тарғиб қилиш, хорижий кинокомпанияларга юртимиз ҳудудида қулай шароит яратиш, уларга ташкилий ва техник хизмат кўрсатиш, уларнинг маҳаллий киностудиялар билан ҳамкорликда фильмлар (копродукция) ишлаб чиқаришини ташкиллаштириш, Ўзбекистонда суратга олинаётган хорижий картиналарга маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш, республиканинг диққатга сазовор жойларида тасвирга олинган фильмларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш орқали мамлакатнинг туристик жозибадорлигини намоён қилиш ва кинотуризм соҳасини ривожлантиришдан иборатдир.

Маълумот ўрнида: кинокомиссиянинг сайти – uzbekistanfilmcommission.com ишга туширилди. Унда юртимизнинг диққатга сазовор жойлари ҳамда комиссия томонидан кўрсатиладиган асосий хизматлар ҳақида ахборот акс эттирилган.

Мазкур фаолият келгусида янги иш ўринларини яратиш, инфраструктурани ривожлантириш, мамлакатга инвестиция жалб қилишга хизмат қилади.

Кинокомиссия шу йилнинг май ойида Францияда бўлиб ўтадиган 71-Канн халқаро кинофестивали доирасидаги “Uzbekistan” павильонида тақдимот қилинади. Шунингдек, тез орада ўзбек кинокомиссиясининг штаб квартираси Лос-Анжелес шаҳрида жойлашган халқаро кинокомиссия асоциациясига аъзо бўлиш масаласи ҳам кўрилмоқда. Бундан мақсад эса юртимизга илғор хорижий кинокомпанияларнинг фильмларни суратга олишга бўлган қизиқишлари янада ошириш ҳамда улар иштирокида ҳамкорликда фильмлар ишлаб чиқаришни жадал йўлга қўйишдир.

Моҳигул Қосимова.

UZA.UZ сайтидан олинди.