ЖАМИЯТ

МАДАНИЙ “УЙҒОНИШ”НИНГ МАЪНАВИЙ ЮТУҚЛАРИНИ ФАОЛИЯТИДА МУЖАССАМЛАШТИРГАН МУТАФАККИР


24.08.2020   614

Марказий Осиё халқлари маданиятини ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан мутафаккирлардан бири Абу Али Ҳусайн ибн Абдуллоҳ ибн Синодир. У Европада Авиценна номи билан машҳур.

Ибн Сино истеъдоли, хотираси кучли, зеҳни ўткир бўлганидан ўз даврида маълум бўлган илмларни мукаммал эгаллай бошлади. Хусусан, 10 ёшидаёқ Қуръони каримни бошдан-оёқ ёд ўқир эди.

Тиб илмининг буюк мутафаккирининг ҳаёт йўли ўзи ёзган таржимаи ҳоли ва шогирди Жузжоний томонидан қолдирилган манбалардан маълум. Илмий қизиқишлари, дунёқарашиннг шаклланишида қадимги Шарқ маданияти, юнон илми, фалсафаси, Марказий Осиё халқларининг мустақиллик учун олиб борган курашлари муҳим аҳамият касб этди. Асарларининг умумий сони 450дан ошади, аммо бизгача фақат 242 та асари етиб келган. Кўп манбаларда бу зот, аввало, табиб сифатида талқин қилинади. Ҳолбуки табобат унинг илмий соҳалари орасида муҳими, холос.

Ибн Синонинг “Уржуза” номли асарида табобат масалалари оммабоп ҳолда назм билан изоҳланган. Анатомия, психология, фармоколгоия, терапия, хирургия, диагностика, гигиена каби илмлар унинг ижодида янги ихтиролар билан бойиди. Бундан ташқари, унинг “Китоб ал-қонун фит-тибб” (“Тиб қонунлари”), “Китобул-қуланж” (“Ичак санчиқлари”), “Китобун-набз” (“Томир кўриш ҳақида китоб”) сингари асарлари ҳам тиббиёт соҳасида алоҳида эътиборга молик. Булар орасида энг машҳури “Тиб қонунлари”ҳозир ҳам тиббиёт қомуси сифатида эътироф этилади. Касалликнинг келиб чиқиши, аломатлари, даволаш усуллари, оддий дорилар тайёрлаш, доришунослик, саломатликни асрашда соғлом турмуш тарзи тамойиллари ва бошқа жиҳатлар муфассал ёритилган бу китоб Европанинг турли тилларига таржима қилинган. Қарийб беш аср давомида қитъанинг тиббиёт ўқув юртларида дарслик сифатида ўқитилгани ҳам унинг ноёблигидан далолат.

Жаҳонда Авиценна номи билан машҳур бўлган буюк аждодимизнинг кўп қиррали илмий-маданий меросини ўрганиш, унинг таълимотидаги турли йўналишларга оид маърузаларни муҳокама қилиш, халқаро тажриба алмашиш, хорижий илмий-тадқиқот институтлари, олимлари билан ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ишлари кенг қамровда амалга оширилмоқда.

Ибн Сино ўзининг кўп тармоқли маҳсулдор ижоди, бой мероси билан жаҳон маданияти тараққиётида катта роль ўйнади. Ўз ижоди, илмий фаолиятида Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларидаги юқори маданий кўтаринкилик, маданий “уйғониш”нинг маънавий ютуқларини мужассамлаштира олган буюк мутафаккирдир.

Мавлудахон АДҲАМЖОНОВА,

Олий МАжлис Қонунчилик палатаси депутати