Спорт

“ЛИВЕРПУЛЬ” ФУТБОЛЧИЛАРИ ОЛТИН ТЕЛЕФОН БИЛАН СИЙЛАНИШДИ


12.06.2019   107

Британиянинг iDesign Gold компанияси томонидан “Ливерпуль” футболчилари Чемпионлар лигасидаги ғалаба учун мукофотланди.

Компания “мерсисайдлар”нинг ҳар бир футболчисига олтин айфон телефонларини совға қилди, деб хабар беради Россиянинг www.sports.ru сайти. Компания “қизиллар”нинг 27 нафар футболчиси ҳамда жамоа бош мураббийи Юрген Клопп учун алоҳида iPhone телефонларини тайёрлади.

Телефонлар ўз эгаларига махсус жомадонларда етказиб берилади.

Ушбу iPhone XS MAX 512 GB русумли смартфонларнинг устки қисмига “Ливерпуль” футболчиларининг фамилияси, жамоа либосидаги рақами, Чемпионлар лигаси рамзи ва кубок расми туширилган. Телефоннинг корпуси 24 каратли тилладан ясалган.

Мазкур компания Европа бозорида машҳур брендлардан ҳисобланиб, Стивен Жеррард, Иван Ракитич, Кевин де Брюйне, Деле Алли сингари номдор футболчилар унинг мижозларига айланган.