Андижон 24

ҚУЁШ ТАФТИДАН ҚИЗИГАН ҲАШАР


26.01.2019   1183

Қишнинг иккинчи ойи сўнгги шанбасида республика бўйлаб эълон қилинган экологик ҳашарда Андижон вилояти аҳолиси, ташкилот ва корхоналар ходимлари, жамоат бирлашмалари вакиллари, ёшлар фаол иштирок этдилар.

Табиатнинг ўзи ҳам бу хайрли ишга чорлагандек – қуёш тафтидан баҳра олиб, кўчалар, ҳиёбонлар, боғлар, майдонларни йиғилиб қолган шох-шаббалар, чиқиндилардан тозалашга киришилди. Дарахтларни буташ, шакл бериш, ариқ ва лотокларни тартибга келтиришга эътибор қаратилди.

“Eco clean trans” масъулияти чекланган жамиятининг 48 та турли тоннаждагимахсус юк машиналари, 20 та мотороллерлари Андижон шаҳри кўчалари бўйлаб ҳаракатланган холда озодаликни таъминладилар.

Биргина шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармасида 1,5 минг ходим меҳнат қилади. Супуриб-сидиришдан ташқари улар супуриб-сидиришдан ташқари вилоят марказининг шоҳкўчаларига манзарали дарахт кўчатларини экишмоқда.

-Тупроқ музламаган, дарахтлар эса уйқуда, - дейди бошқарманинг кўкаламзорлаштириш участкаси етакчи мутахассиси Асилбек Тойлақов. –Бундай шароитда ҳаво ҳароратидан қатъи назар ниҳолларни бемалол экса бўлади. Навоий шоҳкўчасининг ҳар икки тарафига 150 туп Ҳиндистон сирени ва магнолия кўчатларини ўтқаздик. Жами эса 600 туп экишни режалаштирганмиз.

Эслатиб ўтамиз, хайрия ҳашаридан тушган маблағлар Орол денгизининг суви қуриган майдонларида ҳимоя ўрмонлари ташкил этиш, минтақада экологик ҳолатни ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга сарфланади.

оn-line гуруҳи.