Ижод гулшани

Қўшни сиғмаган уй


17.05.2017   535

Муаллиф ва унинг профессионал фаолияти тўғрисида

Нажмиддин Икромий (Эргашев) Андижон шаҳрида туғилган. 1980-йилдан буён вилоят ва республика оммавий ахборот воситаларида фаол қатнашиб келади.

Н. Эргашев 2000-йилдан буён «Андижоннома» газетасида меҳнат қилиб келяпти. У ижтимоий ҳаётда учрайдиган салбий иллат ва воқеалар, ҳамюртларимизнинг муваффақиятлари, ислоҳотлар таҳлили қаламга олинган публицистик, танқидий-таҳлилий мақолалари билан газетхонлар эътиборини қозонди.

Муаллифнинг «Эрта ботган ой» шеърлар тўплами, «Бошловчи журналист ва маҳорат машаққати», “Амалий журналистика ва маҳорат” ўқув қўлланмалари чоп этилган. «Тараддуд фасли» шеърий, «Ота уй» ҳикоялар ва «Ватанни борлиги учун севадилар» публицистик тўпламлари нашрга тайёрлаб қўйилган.

Муаллифнинг боғланиш телефонлари

Телефон: (8 374) 223-19-96. E-mail: ikromiy@mail.ru

ҚЎШНИЛАР

Сaминжон анчадан бери битказолмаётган меҳмонхонасига яна қўл урди. Меҳнат таътилига чиқиб, олган пулига керакли қурилиш буюмларини харид қилди. Етмаганига ишхонасининг ўзидан ойлик маошидан ушлаб қолиш шарти билан қарз кўтарди.

Меҳмонхонанинг баҳонасида дарвозахона шифти ҳам битадиган бўлди. Бунинг учун уста ёллади-да, ёнига ўзи ўғли билан кирди. Деворларнинг сувоғи, оқлаш, бўяш ишлари ўзларидан ортмади.

Қўшничилик экан-да! Ўзида йўқ айрим асбобларни қўни-қўшнидан олди. Ҳали ишлар тугагани йўқ эди. Роса қизиғида энг яқин қўшниси уч-тўрт кун илгари берган лойидиш – баёгини бўшатиб беришни сўради.

-Ўзимизам ремонт қиладиган бўпқолдик, узр. Шунга…

Хўп, деди, олиб чиқиб берди.

Яна бир қўшниси бўлса, уни неча бор уялтириб, камчилик бор-йўқлигини сўрайверади. Сaминжон уни кўрса, хижолатдан қизаради. Сабаби, ҳавоза қиламан, деб, унинг беш-ўнта тахтасини олган. Ҳали бўшамагани учун қайтармаганидан хижолат бўлади-да.

- Сaминжон, - дейди ўша қўшни, - сиз бемалол ишлатаверинг. Яна нима камингиз бўлса, айтинг. Ўзимиз ёрдам беролмаганимизга яраша бир гап-да…

Бир куни шогирдлари ҳашарга келишди. Бетон қоришга белкурак етмай қолди. Сaминжон ўғлини бир девор қўшниникига чиқарди.

-Дада, Қамар акани белкураги йўғакан, - деб қайтди ўғли бир оздан сўнг.

«Бор эди-ку… Тунов куни дарвозаси ёнидаги тупроқларни текислаганди. Бергиси келмабди-да…»

Бу орада ўғли уч эшик наридаги янги кўчиб келган қўшнининг отини тилга олиб, ўшаникига кириб чиқмоқчи бўлди. Сaминжон унда бундай белкурак йўқлигини айтишга ҳам улгурмади. Ўғли югуриб кетиб бўлибди.

Айтганидай, қуруқ қайтди. Қўшимча белкураксиз ҳам ишни амаллаш учун шогирдлар янада астойдил бўлишди.

Орадан кўп ўтмади. Дарвоза илкис тақиллаб, кимдир чақирди. Шошиб чиқса, янги қўшни турибди. Қўлида иккита белкурак.

- Сaминжон ака, боя ўғлингиз чиқувди, - деди у. – Ўша нарса бизда йўғакан, келинингиз топиб беролмагач, жаа хижолат бўлдим-да. Дарров машинада бозорга чиқиб, олиб келдим. Мана, ака, ишлатинглар…

- Овора бўпсиз-да. Бори билан эплаётгандик…

Янги қўшни қўярда-қўймай, белкуракларни қўлига тутқазиб кетди. «Дунёнинг ишлариям, одамлариям қизиқ-да, - дея ўйлади у шундан кейин. – Эллик йилдан бери девор-дармиён яшаб келаётган бир қўшнинг борини қизғонса, кечаги келгани ўзида йўқ нарсани бозордан опкелиб берса… Оллоҳ рози бўлсин…»

Бу ҳолдан шогирдлар ҳам таъсирланишди. Бири, диний илмдан хабари бори, шундай деди:

  • Ҳақиқий қўшничилик ҳақини ўша янги қўшнингиз адо этибди. Имон, эътиқоди мустаҳкам экан. Негаки, қўшнининг сўраган нарсасини бериш асл мусулмон кишининг иши. Ўша асбоб кимнингдир оғирини енгил қилгани учун катта ажру савоб олади. Бор бўлса-да, бермаганлар ўша савобдан бенасиб қолишади...

У ҳақ гапни айтганини Сaминжон ич-ичидан ҳис этди.

*****

Икки кун ўтиб, бир иш билан Қамаржонникини чақирди. Дунёнинг қизиқлигини қарангки, у қўлида белкурак кўтарганча, дарвозахонагача келди-да, уни ровотга суяб, сўнг ташқарига чиқди. Бу ҳаракатларни Сaминжон кўрганини хаёл қилиб, Қамаржоннинг юзлари қизарди.

- Ошна, тузукмисан, - дея, қуюқ ҳол сўрашаркан, дабдурустдан шундай деди: - Белкурагимни бериб турмаганимга хафасан-а? Тўғри, хафасан...

Қўшниси нега бирданига белкуракдан сўз очганини Сaминжон аввалига тушунолмади. Қия очиқ эшикдан белкуракнинг ўзини кўрмаганида, яна ҳайронлиги ортган бўларди. Шунинг учун Қамарнинг гапини узрга йўйиб қўя қолмоқчи бўлди.

- Йўғе, қўйсанг-чи, ўтган гапларни, хафа бўлганим йўқ. Бергинг келмабди, бермапсан, шунга шунчами?..

- Бергим келмаганини қайдан билдинг?

- Шунчаки айтдим-да...

- Бу, шунчаки гапмас, лекин, тўғри айтдинг, - деди ер чизганча Қамаржон. Кейин бирдан Сaминжон нинг юзига тик боққанча, сўради: - Отангдан тилла қолмовдими? Ё бирор жойга кўмиб кетган бўлса, топволдингми-а?

- Отамнинг ўлиб кетганига ўн йил бўлдию, нега буни энди сўраяпсан?

- Нега сўрамай, нега? Ахир, маҳаллада сенинг гапинг айланиб қолди. Кимдир «ўзи ойликчи бўлса, шунча пулни қайдан топдийкин,» деди. Яна бошқаси бошқача гапирди. Хуллас, сенинг бир ойдан буён уйингда сувоқ, бўяш ишларини қилаётганинг кўпчиликни ўйлантириб қўйди...

- Сениямми?.. – Сaминжон айни саволни қўшнисининг кўзига қараган кўйи берди.

- Ҳа, мениям, - тан олди у. – Худди сен белкурак сўратган кунинг шуни ўйлаб ётувдим. Ўғлингнинг гапини охиригача эшитмаёқ йўқ, деганим шундан эди. Ахир, оддий ўқитувчи бўлсанг, ҳақиқатан шунча пулни қайдан топдинг?..

Қамарнинг ичидаги сиртига чиққанини Сaминжон тушунди. Тушундию, шунча йилдан буён уни «ён қўшни – жон қўшни» билиб, анча-мунча сирларини айтиб юрганидан ўкинди. Демак, атрофдаги гапларни ҳам шу тарқатган бўлиб чиқмайдими?.. Бўлмаса, таътил пулини ишлатиб, етмаганига ишхонасидан қарз олганини Қамарга айтган эди. Қолаверса, уста ишлатмай, ўзи ўғиллари билан қилишяпти. Буни Қамар кўриб, кўрмасликка олиб, ҳар хил миш-миш тарқатгани нимаси?..

- Сен гап айланиб юрибди, деганинг - ўзингнинг гапинг, - деди Сaминжон аччиқ сўз айтишдан зўрға тийилиб. – Мен ҳеч кимдан ҳеч нарса эшитганим йўқ. Қайтанга ҳорманг, дейишиб, кўча девор-тошларни оқлаб, чиройли қилиб қўйганимга суюнишяпти. Сен эса...

У қўл силтадию, ўз уйи томон юриб кетди. Нега Қамарникини чақиргани эса, кейин минг ўйласа-да, ёдига келмади.

****

Орадан уч ой ўтди. Кўп нарса эсдан чиқди. Лойидишни олиб чиқиб кетиб, ҳалигача уйини таъмирламаган қўшни ҳам, белкурагини бермагани ҳам унутилди.

Иттифоқо, Қамаржон қизини чиқарадиган ва неварасига суннат тўйи қиладиган бўлиб қолди. Тўйнинг дараги чиққандан бери у Сaминжон билан яқинлашишга ҳаракат қилади. Ҳатто, гап-гаштак, меҳмондорчилигига ён қўшнини айтмайдиган одам уни тез-тез чақирадиган, арзимаган нарсанинг ҳам маслаҳатини сўрайдиган одат чиқарди.

Бир куни ишдан келиб, кечки овқатни еб бўлишгач, аёли Ойниса Қамаржоннинг хотини чиққанидан гап очиб қолди.

- Хўш, нима, деб чиқибди?

- Тўй тезлашиб кетканмиш. Сабохон қозон-товоғу новвойлар сизларникида бўлса, деган илтимос билан чиққанакан, - деди хотини.

- Сен нима жавоб дединг?

- Сиздан бемаслаҳат бир нарса дермидим. Муллакангиз кесин, айтаман, ўша киши ҳал қилатта, дедим. Кейин Қамар акаям ўзи сизга учрармиш шу масалада...

- Йўқ, керакмас, менга учрашмай қўя қосин, - деди Сaминжон белкурак воқеаси ва тунов кунги суҳбат яна эсига тушиб.

- Нега ундай дейсиз, дадаси, ахир, қўшнимиз-а, ўртани бир девор ажратиб туради, холос...

- Тўй уникида бўладию, даҳмазаси биззикидами? Керакмас. У қўшничиликни биларканми? Тўй қилганда, қўшни керак бўбқопти-да...

Ойниса эрининг феълини йигирма беш йилдан бери билади. Тутиб қолса, авлиёсини ҳам танимайди. Аммо, тушунтириб айтилса, унинг асов феъли осон жиловланади.

- Бетон қуйган кунинглар ҳалиги шогирдингиз айтган гап эсингиздами?

- Қайси гап?

- Янги қўшни иккита белкурак олиб келиб берган пайтида қўшничилик одоблари ва унинг ажри ҳақида айтганини айтяпман...

Сaминжон уни яхши эслайди. Хотинига йўқ, деяптию, ўша фикр миясига тиғдек санчилди. Қўшнининг оғирини енгил қилиш, айниқса, мушкулот вақтида ёрдам бериш катта савобларга дохил бўлишини у ҳам билади. Бироқ, ичидаги шайтон тескарисини қилишга буюриб тургани, шунинг учун тархашлик қилаётганини хотинига қандай айтсин?

- У буларни билмайди. Қилган яхшилигингни ҳам бурнингдан булоқ қилиб чиқаради, - деди у, шундай бўлса-да, яна шайтоннинг сўзига кириб. – У деворни бузиб, тешик очадими, кечагина суваб, оқлаган деворга ямоқ тушадими?..

- Майли, дадаси, чиқарса, чиқарар, бунинг савоби бизга, гуноҳи ўзига бўлади, - давом этди Ойниса ва эрининг пасайганини сезиб, яна сўзга зўр берди: - Деворга ямоқ тушсаям, майли, яна суваб, оқлаб қўямиз. Сиз хўп, денг, эртага уялиб қолади. Қоловурса, нариги қўшни томонда уй бор, у ёққа тешик очишга илож йўқ. Биз...

Сaминжоннинг кўнмаслигига чора қолмади. Тўғри-да, битта белкуракни бермаган бўлса, шунга аразлайдими? «Қайдан шунча пул топяпти,» деб гап тарқатган бўлса, нима бўпти? Ўзининг хижолат бўлгани қолди. Хотини тўғри айтди: Қамар қўшничилик одобига амал қилмаса, қилмас. Бир оми одам-да. Ўзи зиёли бўла туриб, буни билмаса ёки амал қилмаса, ёмон-да. Ойниса буни эсига солгани яхши бўлди. Зап хотини бор-да, бўлмаса, шайтоннинг гапига кириб, нақ гуноҳга ботарди-я...»

- Ақлингга беш, маълимнинг хотини...

Сaминжон буни ичида айтдими, ё ташидами, билмай қолди. Аммо, хотинининг унга ширин жилмайиб қараб туриши юрагининг аллақаерини ёшлик пайтидагидек бир жиззиллатиб ўтди.

ОТА УЙ

Негадир бугун ота уйимизга боргим келди. Бошқа жой қилиб, чиқиб кетганимга анча бўлди. Ҳозир бу ерда уч укам оилалари билан туришади. Онамиз ҳаётлигида тез-тез келиб турардим. У ҳам ўтиб кетгач, бу уйнинг «ўз эгалари» пайдо бўлди. Кўнгил тусаганда, дарвозани таққиллатмай, кириб келишлар барҳам топган.

Бугун ота уйга келишимга хотинимнинг бир гапи сабаб бўлди. У кеча ҳали ёшига тўлмаган кичик ўғлимни олиб, онасиникига кетган эди. Ҳар сафар тушга яқин шошилмай келадиган одам эрталабдаёқ терлаб-пишиб кириб келди. «Тинчликми», десам, сўраманг, дегандай, қўл ишорасини қилди. Сал нафас ростлагач, булбулигўёдек сайрай кетди.

-Энди бунингиз билан ҳеч қаерга бормайман, - гап бошлади у иддао билан.

-Демак, уйда ўтирасизлар экан-да, - дедим мен ҳам оловга керосин сепгандек.

-Йўқ, - деди хотин, - мен онамникига борсам, ўғлингизни олиб сиз ўтирасиз…

-Нега?

-Бунингиз кечаси билан ҳеч кимни ухлатмади… Ер синадими ё бошқами, хуллас, туни билан юриб чиқдик. Бирор ери оғрияптими, деб «Тез ёрдам» ҳам чақирдик. «Боланинг оддий хархашаси, холос», дейишди улар. Шунақа гаплар…

-Бошқа жойда ҳам шунақа қиладими, - сўрадим мен. – Масалан, биз томонларга борганда…

Хотин рўмолча билан ўзини елпиганча, пича ўйланиб турди.

-Йўқ, ҳеч қачон… Фақат бизникига борганда, қилади…

-Биззи ўғилча ўзиникиларни, ўз ота уйини танийди-да, - дедим фахр билан.

-Ўтган сафар борганимизда, бувим(менинг онам)нинг уйида пишшиллаб ухлаган эди. Мен бувимга шуни айтдим. Бизникига борсак, ухламай, хархаша қилиб чиқади, дедим. Бувим нима, деди, денг…

-Нима, деди?

-Бу ерда отасининг ҳиди бор, деди… Қизиқ, шу жинқарча буни билмаса, нимайди-я…

Хотинимга қулоқ солганча, онам раҳматлининг бир гапини эслаб кетдим.

Янги участка солиб, кўчиб чиққан пайтларимиз эди. Унгача ўн йил кўп қаватли уйда ўтирган бўлсак, онам бизникига кам борарди. «Тепага чиқишим қийин, мени қийнама, болам», дерди. Ҳовлига тез-тез бориб турарди. Аммо, узоқ қолиб кетмас эди. «Уйимни соғиндим», деб кетиб қоларди. Шу гапни айтдими, тамом, ҳеч ким уни ушлаб қололмасди.

Бир йили онам оғриб қолди. Операция қилиб, ўтини олиб ташлашди. Шифохонадан жавоб беришгач, тўғри уйга олиб кетдим. Уч ойгача бизникида турди. Оёққа туриб, ўзи бемалол юра бошлагач, яна «кетаман»га тушиб қолди. У, десам-да, бу, десам-да, кўнмади. Эр-хотин бирга ялиндик, унамади..

- Шу ерда тураверсангиз-чи? Ана, укаларим келиб туришибди-ку…

-Болам, укаларингни келиши бўлак… Мен бормасам, бўлмайди…

- Ўша уйингизда нима бор, она?

Бир оз иддао билан берилган бу савол тўғри бўлдими ёки йўқ, ўша пайтда ўйламаган эдим. Онамнинг жавобидан кейин нотўғри эканини сездим.

-У уйда отангнинг ҳиди бор, болам!..

-Отамнинг ўтиб кетганига йигирма йилдан ортди-ку… Шунча йилда ҳиди қоптими?..

Буниси биринчисидан ошиб тушганини эса онам мийиғида кулганидан билдим.

-Қолган, болам, қолган… Мен ўша ҳидни ҳар куни туяман. Эрталабдан кечгача у менга ҳамроҳ бўлади. Сенлар кириб келганда, набираларим «бувижонлаб» мени қучоқлаганда, туяман… Дастурхон ёзилганда, дуо-фотиҳа қилинганда, туяман… Ҳар замонда сандиқни очиб, дадангнинг кийимларини кўздан кечирганимда, худди эртага келиб, киядигандек, офтобга ёйиб, кейин яна жойига солаётганимда, туяман…

Онамнинг мижжаларида ёш кўринди. Бу, отам дийдорининг соғинчи эканини тушуниб, ўзимни унинг қучоғига отдим.

-Мени кечиринг… Билмай айтиб қўйдим…

-Хафа бўлганим йўқ, болам… Энди мени обориб қўй. Сизлар яхши ўтиринглар. Келин билан шунча қарадинглар, раҳмат, болаларингнинг роҳатини биргаликда кўринглар. Мен сизлардан розиман…

…Мана, бугун отам қурдирган сўрида ўтирганча, ўша кунни, онамнинг сўзларини эсларканман, димоғимга ажиб бир ис урилди. У на гулнинг, на атирнинг ифорига ўхшарди. Бошқача… Тасвирлай олмайман… Бу, - мен бола шууримда туйганим, кейин йўқотиб қўйганим – отамнинг ҳиди эди. Кейин онамнинг ҳам ҳидини туйдим. Улардан баҳраманд бўлиш истагида тўйиб-тўйиб, чуқур нафас олаётганимни кўриб, лекин, аҳволи руҳиямни сезмаган катта укам сўради:

-Тинчликми, ака, нима бўлди? Ҳаво етмаяптими?..

Унга жавоб айтишга улгурмадим. Қўшнининг магнитофоними, радиосида тўсатдан янграган қўшиқ дил-дилимни титратиб юборди:

-Соғинсам, отажоним, излайин қаерлардан,

Соғинсам, нуржаҳоним, излайин қаерлардан?..

Ҳовлимиз саҳнисида излари қолганмикан,

Ўғлининг оқ юзида ислари қолганмикан…

Атайин биз учун ижро этилгандек, ака-ука иккимиз қўшиқни охиригача сўзсиз тингладик. Кейин хайрлашар чоғда бағримга босганимда, укамда ўша ҳидни туйдим. Уни қучоғимдан узоқ вақт қўйиб юбормадим. Бирам енгил тортдим…

Туғилиб, ўсган ота уйда падари бузрукворинг, волидаи муҳтарамалар ҳиди ҳамиша туришига ўшанда амин бўлдим. Ота уйга боринг-а, албатта, уни туясиз…

“АКАМДАН РОЗИ ЭМАСМАН...”

Холматжон амакимнинг қўшниси эди. Ёши мен билан тенг. Ёзги таътил пайтида амакимникига бориб бир неча ҳафта турар, у билан бирга ўйнардим. Унинг бир акаси ва опаси бўлиб, отаси аёлванд одам эди. Шермат тоға болалик хотирамда энг ҳокисор ва сабрли инсон сифатида муҳрланиб қолган. Онаси Холида ая эса қийиқларга гул тикарди.

Уларнинг оиласидаги бир ҳол мени таажжубга солар эди. Фарзандлар ота-онага сенлаб мурожаат қилиши қандайдир ғайритабиий эди назаримда. Бир-икки бор Холматга бу ҳақда айтсам, бепарво қўл силтади.

-Қўявер, бунга улар ҳам, биз ҳам ўрганиб кетганмиз...

Йиллар ўтди. Бизлар улғайдик. Шермат тоға оғир касалликдан вафот этиб кетди. Холмат мактабни битириб, институтга ўқишга киролмади. Акаси Нормат билан юриб, шофёрликни ўрганди. Ҳар иккови ҳам уйланиб, бола-чақали бўлишди. Шундай бўлса-да, ҳамон бир ҳовлида яшашарди.

Бу орада мен институтни тамомлаб келдим. Яна Холмат билан борди-келдини йўлга қўйдик. У кўп ҳам дилидагини сиртига чиқармас, ичимдан топ, дейдиганлардан эди.

Кунларнинг бирида мени излаб келиб, бафуржа гаплашайлик, деб қолди. Шундоққина дарвозахонадаги меҳмонхонага кириб ўтирдик. Дуо-фотиҳадан сўнг соғлиқ, омонлик сўрашдик. Холмат бир оз танаффусдан сўнг гап бошлади.

-Энди, ошна, ўйлаб кўрсам, сендан бошқа дардимни айтадиганим йўқ экан. Ичимни бўшатмасам бўлмайди. Биласан-ку, акам...

Унинг айтишича, икки овсиннинг даҳанаки жанглари ака-укани ҳам бир-бирига тескари қилиб қўйибди. Нормат ака яхши пул топарди. Алоҳида участка ҳам қуриб қўйган. Торгина ҳовлида иккови оиласи билан яшашса-да, у чиқиб кетишни ўйламас экан. Аксинча, ҳеч вақоси йўқ уканинг чиқиб кетишини талаб қиларкан. Болаларининг ўртасига тушган она ҳам катта ўғилдан “насибаси”ни олибди. Катта жанжалдан кейин каталакдек ҳовлини бўлиб ҳам берибди. Куни-кечаги овсинлар уруши ака укани дўппослаши билан тугабди.

-Ҳаммаёғим зирқираб оғрияпти, ошна. Катта сўйил билан акам мени роса савалади. Бутун аъзойи баданим моматалоқ бўлиб кетган. Қара...

У шундай, дея кўйлагини кўтариб, баданларини кўрсатди. Ҳақиқатан соғ жойи йўқ эди. Кўкарган, шилинган, шишган...

-Дўхтирга бордингми?

-Дўхтири тугул мелисаям келган. Маҳалладагилар аралашишди. Акамга кўчиб кетиш шартини қўйишди. Энди у ҳовлининг ўзи яшаётган қисмини сотаман, деяпти. Шунга маслаҳатга келувдим...

-Нима ёрдам керак?

-Озгина пулдан қарашворсанг, девдим...

У айтган пул менда йўқ эди. Шундай бўлса-да, бирортасидан топиб беришга ваъда қилдим.

Холмат кетди. У кетдию, дарди мен билан қолди гўё. Эрталабгача деярли ухлолмадим. Азонда туриб уйдан чиқиб кетиб, бир-икки жойдан пул даракладим. Топиб, тушга қолмай, уникига етиб бордим. Яхшики, уйда экан.

Бироқ, нохуш хабар билан кутаётган экан бечора. Акаси ҳовлини унга сотмайман, дебди. Ўртага тушган онасини Нормат ака тепиб юборибди. Холида ая ўз боласини ёмон қарғабди.

Орадан ҳеч қанча ўтмай, аянинг вафот этганини эшитдик. Ўша кунги воқеадан кейин ётиб қолганча ўрнидан турмабди.

Фотиҳахонлик, маъракалар ўтгунча ҳам ака-ука бир-бири билан гаплашишмади. Маҳалланинг катталари уларни яраштиришга ҳаракат қилишди. Бироқ, ака унамади. Онанинг қирқи ўтгач, Нормат ака участкасига кўчиб кетди.

Ишга андармон бўлиб, Холмат билан кўришмаганимга ҳам анча бўлди. Бирров кўриб келай, деб, ишдан сўнг уникига бордим. Дарвозани катта ўғли очди.

-Дадам йўқ, баннисада, - деди у қовоғи солинганча.

-Нега? Нима бўлди?

-Амаким урди... Ёмон урди, - дея жавоб берди йиғламсираб.

Ундан дадасининг қайси шифохонада ётганини билиб, тезда етиб бордим. Холмат бош, юзлари бинтланганича ётарди. Гапиришга ҳам ҳоли йўқ. Мен билан сўзсиз қўл узатибгина кўришди. Унга қараётган хотини кейин бор гапни айтиб берди.

Уч кун илгари Нормат ака янги харидорни бошлаб келибди. Бироқ, баҳосига келиша олишмабди. Буни эшитган Холмат чиқиб, “Қўйинг, ака, уйни сотманг, бўлмаса, менга сотинг”, дебди. Шу арзимас гапдан бошланган жанжал охирида яна ака укани калтаклаш билан тугабди.

Бир-икки ҳафтада Холмат анча соғайиб қолди. Бир куни кўргани борсам, шундай деди:

-Акам ҳовлини сотолмай, уйларни бузиб олиб кетибди. Катта-кичик дарахтларгача кесиб ташлабди. Сотолмасам, сенга ҳам бўлмасин, дегани-да бу...

Унинг товуши жуда ғамгин эди. У чуқур хўрсинди-да, гапини давом эттирди.

-Энди сен манави сўзларимни эшитиб ол, ошна: мен акамдан у дунёю бу дунё рози эмасман. Маҳалладагилар келганда ҳам айтдим. Ҳаммага айтяпман. Менинг бунақа акам йўқ...

Мен унга тасалли бериш мақсадида сабр қилишга ундадим. Бўлмади, у сўзидан қайтмади.

Орадан бир неча йил ўтди. Холмат бутунлай тузалиб кетолмади. Беланги бўлиб қолди. Элликка кирмай, белини тик тутиб юролмайди. Ишга ҳам яролмай қолди. Яхшики, ўғиллари эс-ҳушли, қобил чиқишди. Ёш бўлишса ҳам бозорда у-бу сотиб, топганига рўзғор тебратишяпти.

Акаси Нормат икки йил илгари ўғлини уйлантирди. Куёвнинг бир неча ўртоқларини айтмаса, тўйига ҳеч ким келмади. Унинг устига, дастурхон тузалиб, об-овқат пишай, деганда, жала ёғиб, ҳамма нарсани расво қилди. Авжи саратонда ёмғир қайдан пайдо бўлди, деб ҳамма ҳайрон.

-Э худо, мен сенга нима қилувдим?..

Нормат аканинг бу ноласини эшитгувчи, унга далда бергувчи топилмади. Чунки, ҳамма уй-уйига тарқаб бўлган эди.

Яқинда Нормат ака қазо қилди. Айтишларича, қийналиб жон берибди. Ота бўлиб койигани учун ўғли роса калтаклаган эмиш. Нормат ака милицияга шикоят ёзиб берибди. Калтаклар зарбидан икки кун ўтиб вафот этгач эса суд падаркуш ўғилга беш йиллик қамоқ жазосини тайинлади.

Акасининг жанозасига Холмат бормади. Маҳалла аҳлининг илтимосига ҳам кўнмади.

-Ўша гапим – гап, - деди у. – Мен ундан рози эмасман. Қайси ишига рози бўлай? Уриб, мени ногирон қилиб қўйганигами? Ёки онамни уриб ўлдирганигами? У боласидан тортиши керак эди, шундай бўлди. Онам уни сениям боланг урсин, деб қарғаган эди...

Нормат аканинг майитини қабристонга олиб боришиб, қабрга қўймоқчи бўлишса, сиғмабди. Қабр оғзини кенгайтиришса ҳам бўлмабди. Охири, катталардан бири йиғилгандан сўрабди.

-Акаси ё укаси бўлса, сўранглар-чи, рози-ризолик қилишганмикин?..

Эски маҳалласидан жанозага борганлар бўлган воқеаларни айтиб беришибди. Шундан сўнг амал-тақал қилиб, майитни жойига қўйишибди.

...Ҳар сафар буни эслаганимда, юрагимда оғриқ туяман. Бир-бири билан арзимаган нарсага жанжаллашаётган ака-укаларни кўрганимда эса уларнинг ўртасини Аллоҳнинг ўзи ислоҳ қилиши, шу каби тақдирни рўбарў келтирмаслигини сўрайман.

ҲАЁТИЙ ҚАТРАЛАР

БЕГОНА АЁЛ ҲИММАТИ

Сабохон тўнғич қизини чиқарди. Ёлғиз қўл эса-да, кам қилмади. Бироқ, девор жавоннинг яхшисига кучи етмади. Маҳаллий ҳунармандларникини олиб берди. Бу, қудага ёқмабди. Қизининг юзига солибди.

Тўй ташвишлари, кейинги борди-келдилардан ҳориган Сабохон буни кўтаролмай, диққатчиликка қон босими ортиб, ётиб қолди.

- Наҳот, қудам тушунмаса?.. Тўйгача «борингизга барака, озни кўп ўрнида кўрамиз», деган эди-я... Отаси бўлгандаям бир навийди...

Эртасига иккинчи қизи етовида поликлиникага борди. Одам кўплигидан узоқ навбат кутиб қолди. Бир пайт ёнида ўтирган аёл ҳол сўраб, сўз қотди.

- Айланай, рангингизда ранг қолмабди, нима бўлди?

- Давлениям қурғур ошиб кетибди, опа...

- Сиқилгандирсиз-да, айланай. Энди, одам, деган сал нарсага диққат бўлавермаслиги керак-да. Бу дунёнинг ташвишлари тугамайди...

Аёл унга тасалли бериш умидида гапираётганини тушунса-да, Сабохоннинг энсаси қотди. «Кийиниши жойида. Демак, ўзининг бошига тушган ташвишлар унинг учун бегона. Бундайлар насиҳатгўйликни қотиришади-да...»

- Ҳа, энди, ташвишлариям бор бўлсин, опа. Ҳозир қиз чиқарганнинг ғами нима бўларди...

Хуллас, гап гапга уланди. Савол кетидан савол ёғилди. Бир соат қандай ўтгани ҳам билинмади.

Сабохон докторга кўриниб чиқса, ҳалиги аёл кетмаган экан. Хайр-хўшлашиб кетмоқчи эди, у шундай деди:

- Эртага яна келасиз-а? Унда мен сизни шу ерда кутаман...

Нега кутади, нима иши бор? Сабохон буни ўйлайдиган аҳволда эмасди.

Эртасига текширув таҳлилларини топшириб бўлгач, маҳалла шифокори хонаси томон бораркан, йўлакда кечаги аёлни учратди.

- Яхшимисиз, - сўрашди аёл эски қадрдонлардек. - Анча яхшисиз, айланай. Бугун одам оз экан, дарров кириб чиқинг, кейин...

Доктор ҳузуридан чиққач эса, аёл унинг қўлидан тутди.

- Ҳозир икковимиз бир жойга бориб келамиз, - деди у.

- Нега?..

- Негалигини кейин биласиз...

Ҳар нарсадан шубҳаланиб юрувчи Сабохон бу сафар индамай, унга эргашди. Поликлиника дарвозаси олдидаги енгил машинага ўтиришиб, бир оз юришгач, аёл унга юзланди.

- Қизингизни қайга бергансиз?

Бу саволнинг берилиши унга ғалати туюлса-да, қизи тушган маҳалла ва кўча номини айтди. Ҳайдовчи (аёлнинг ўғли бўлса керак) унинг жавобидан сўнг қўл телефонда қайгадир қўнғироқ қилиб, нимадир, деди.

Машина қудаси дарвозаси олдида тўхтади. Ҳайрону лол ўтирган Сабохонни аёл тушишга таклиф этди.

- Энди гап бундай, айланай, - деди аёл. - Ҳозир қудангизникига кирамиз. Мен қизингизнинг аммаси, ўғлим эса тоғаси бўлади. Тушундингизми?

Йўқ, Сабохон тушунмади. Бу аёлнинг амма каби катта саватда сарпо ва ўғлининг тоға ўрнида хорижий девор жавон (у юкланган машинани кейин кўрди) олиб келаётганини дабдурустдан тушунолмади.

Қуда чақирилмаган меҳмонларни қошларини чимирганча кутиб олди. Кейин эса муддаони англаб ва усталар дарҳол девор жавонни машинадан тушириша бошлаганини кўриб, очилиб кетди. Сабохондан ноўрин гаплари учун узр ҳам сўради.

Қайтишда эса Сабохон аёлдан нима учун бундай қилганини сўради. Аёл эса Сабохоннинг ўнг қўлини кафтлари орасига олганча, мулойим оҳангда деди:

- Аллоҳ учун, айланай, Аллоҳ розилиги учун!..

БИР ОҒИЗ СЎЗ ФОЖЕАСИ

Бир келинчакнинг кўзи ёриди. Паҳлавондек ўғил туғилди. Қайнона, қайнотасининг хурсандлигини кўрсангиз эди! Улар ҳамиша бахтли ҳаёт кечириши, ота-онасига йўлдош бўлишини тилаб, набирага Бахтиёр, дея исм қўйишди.

Фарзанд кўрган ёш отанинг боши осмонга етди. У ҳар куни келиб, она-боладан хабар олар, қувончини турмуш ўртоғи билан баҳам кўрарди.

Чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш катта тантанага айланиб кетди. Шу куни хонадон ҳар икки қудалар, амакию тоғалар, аммаю холалар билан билан тўлди. Ёш она фарзандининг таваллуди барча шодиёна улашаётганидан мамнун эди.

Орадан кунлар ўтди. Келинчак ўзига келгач, яна уй юмушларига киришди. У бахтидан масрур аёл сифатида жуда-жуда очилиб кетди. Шунинг учунми, энг яқин дугонаси кичкинтойни кўргани келганида, очиқ чеҳра билан кутиб олди. Улар тўкин дастурхон атрофида анча гаплашиб ўтиришди.

Дугонасининг гап орасида умр йўлдоши унга нима совға қилганини сўраганида, келинчак аввалига ҳайрон бўлди. Кейин аста жавоб берди:

– Ҳеч нарса совға қилмадилар... Ахир, ҳамма нарсам бор-ку. Шу фарзандим мен учун энг катта сийлов, дугонажон...

– Наҳотки?! – Ҳайратланди меҳмон. – Сенинг қадринг шуми? Ҳеч йўқса, биттагина тилла зирак бўлса ҳам тақиб қўймадими? Менинг эрим қизимни туққанимда, билакузук олиб берганди...

Дугона кетди. Лекин, у айтган сўзлар келинчакнинг фикри-ўйини қамраб олди. “Рост-да, қадрим йўқми менинг? Нега эрим ҳам нимадир совға қилмади? Қўли тош остидамиди?” Юрса-турса ҳам, боласини ҳар кўрганда ҳам шу ҳақда ўйлайдиган бўлиб қолди. Эр-хотиннинг ўша кунги суҳбати дилхиралик билан якунланди.

– Жоним, мен эндигина институтни битириб, ишга кирдим, – дея ётиғи билан тушунтирди эр. – Кейинроқ ҳаммаси бўлади. Ке, арзимаган нарсага жанжаллашмайлик...

Келинчак эса уни тушунишни истамади. Совға можароси кейин ҳам давом этди. Шунчаки тортишув, қадрини пеш қилишлар авжга чиқавергач, кунларнинг бирида ҳатто Аршни ҳам титратгувчи сўз йигитнинг тилидан кўчди.

Оила бузилди. Ҳали бахт нималигини билмай туриб, жажжи Бахтиёрнинг зиммасига отасизлик, етимлик доғи тушди. Келинчак ёшлик қилиб, катта хатога йўл қўйганини кеч англади. Аммо, ғишт қолипдан кўчган эди!

Муаммо нимадан бошланган эди ўзи? Ҳа, дугонасининг ташрифидан... Бир оғиз сўз фожеаси ёш келин-куёвнинг гулдек турмушини бузиб юборди. “Бировнинг хонадонига кўрдек кириб, соқов каби чиқинг”, деб шунга айтсалар керак-да!

ОНАЛИК БАХТИ

Ибодатхон аянинг бу хонадонга келганига йигирма йил бўлди. Чоли раҳматли ажойиб одам эди. Ўн йил бирга яшашди. Ундан кейин ёлғизланиб қоламанми, дея ўйларди. Энди ана шуни эсласа, ўзидан хижолат тортади.

...Онаси қазо қилгач, катта ўғил Нодирбек укалари билан бамаслаҳат отасини уйлаб қўйишди. Ибодатхон ая ўшанда элликка кирган кўркам аёл эди. Фарзанд кўрмагани боис, турмушидан ажраб, укаси билан бирга яшарди. Нодирбекнинг хотини билан бирга келишиб, айтган гаплари хотирасига бир умр муҳрланиб қолди.

- Аяжон, отам етмиш бешга кирди. Агар унга яхши қараб, хизматини қилсангиз, биз сизни бошимизга кўтарамиз. Бизга оналик қилинг...

Аввалига рўйхушлик бермаганди. Кейин орқаворотдан улар оиласи ҳақида суриштиргач, кўнди. Қодиржон ота оиласи билан тотув яшаган, ҳамма фарзандларини уйлаб, жойлаган экан. Унга ёққани фарзандлару келинларнинг ота измидан чиқмаслиги бўлди.

Келини, ўртоқ-дугоналари Ибодатхонга гап ўргатишди.

- Чол ҳам, ўғиллари ҳам ўзига тўқ, бадавлат экан, - дейишди улар. - Икки-уч хонали уй олиб беринглар, кейин тегаман, денг. Чол ўлса, яна кўчада қоласизми?..

- Ҳозирдан шундай, десам, кейин у ерда ҳурматим қолмайди-да, - деди у. - Нима бўлса, пешонамдан кўрдим, Худонинг айтгани бўлади... Ана, Расулжон олиб берган домим бўш турибди-ку. Ортиқчасини нима қиламан?..

Укаси Расулжон опасининг гапини маъқуллади.

- Нодирбек ва унинг укалари бу даражада паст кетадиган йигитлар эмас. Қараб турасизлар, улар опамнинг ҳурматини жойига қўйишади...

Нодирбек сўзида турди. Ука-сингиллар ва келинлар ҳам уни яхши қабул қилишди, ҳурматини ўз онасидек жойига қўйишди. Оиланинг каттаси сифатида тўй-тўркин, издиҳомларнинг тўрида юрди.

Орадан кўп ўтмай, чоли ётиб қолди. Ибодатхон ая бу дилкаш ва сўзамол, бир гапириб, ўн куладиган беозор қарияга шу даражада суяниб қолган эдики, хаста ётган уч ой унинг учун оғир кечди. У чолидан ажраб қолишдан қўрқарди. Бироқ, ҳамма вақт ҳам бандасининг айтгани бўлмас экан...

Чолининг қирқи-маъракалари ўтгач, бир куни катта келинга «мен домга бориб тураман, қизим, Нодирбекка айтинг, мендан хафа бўлмасин,» дедию, кийимларини бир тугунга жойлаб, йўлга тушди. У ёққа боргач, тўйиб йиғлади. Диванга ёнбошлаган кўйи бир оз мизғибди. Тушига чоли раҳматли кирибди. Кўришай, деса, кўришмас. юзини терс бурармиш... Туйқусдан уйғониб кетди. Шу пайт эшик таққиллаб қолди.

Чиқиб очса, остонада Нодирбек турарди.

- Келинг, болам...

- Ая, сизга нима бўлди? Нега бундай қилдингиз? Келинлар ё укаларим хафа қилишдими? Мен нима дегандим, ая? Нега менга ҳеч нарса демай...

Ибодатхон ая унинг саволларига жўяли жавоб топа олмасди. «Барибир, бир кун уйингга сиғмай қоламан. Ҳурматимнинг борида кўчимни йиғиштира қолганим яхши,» десинми?

- Туринг, кетдик, ая! - Нодирбекнинг сўзлари қатъий, шунчаки кўнгил учун айтилмаётганини Ибодатхон ая сезиб турарди.

- Болам, мени тўғри тушунинг...

- Юринг, уйда гаплашамиз... Яна бир онамиздан ажралишни бизлар хоҳламаймиз...

Нодирбекнинг олдига тушиб, уйга қайтишдан ўзга чораси қолмади. Уйда эса уни ҳамма кутарди. Неваралари йиғлаб, бўйнига осилишганида, қизлар, ўғиллар, келинлар қучоқ очиб кутиб олишганда, ая хато қилганини тушунди.

- Эси йўқ онангизни кечиринглар, болаларим...

Кўзларида ёш ила шундай дедию, Ибодатхон ая ўзининг оналик бахтини шу хонадонда топганига яна бир бор иқрор бўлди.

ҚЎШНИ СИFМАГАН УЙ

Давронбек тадбиркорликка қўл урдию, бойиб кетди. Ота ҳовлисини бузиб, ўрнида катта кошона қурди. Уйи битиши билан дўсту ёрларини ифторликка чорлади. Таклиф этилган масжид имоми барвақтроқ келди. Ичкарига киришга қанча зўрлашмасин, унамади.

- Маҳалла, қўни-қўшнилар билан кираман, - деди у.

Оғиз очиш пайти яқинлашиб қолди. Айтилганларнинг деярли барчаси келишди. Аммо, имом домла уйга кирай, демасди. У кўзларини ерга тикканча ўтирар, ора-сира келган, келаётганларга қараб қўярди. Ахийри, ўрнидан қўзғалди.

- Давронбек...

- Лаббай, домла! Қани, ичкарига кирайлик. оғиз очиш вақти ҳам бўлиб қолди...

- Давронбек, маҳалладан одам айтувдингизми?

- Ҳа, домла, киришди-ку...

- Мен қўшниларингизни назарда тутяпман, - деди имом унинг кўзларига тик боқиб. - Анави ўқитувчи Иноятулло домла чиқмади. Ён-атрофингиздаги қўшниларингиз ҳам кўринишмади. - Кейин рўпарадаги кўримсиз эски иморатга ишора қиларкан сўради: - Рўзиқулникимиди? У нега чиқмади?

Давронбек қизаринди. У бирор арзирли баҳона топишга уринар, аммо, тилига гап келмасди. Ахир, ифторликка казо-казоларни таклиф этгани, қўшниларининг ҳаммаси ҳам бу даврага лойиқ эмаслигини қайдан айтсин.

- Энди, домла...

- Ҳа, тушунарли. Бойларни чақирдим, денг...- Сўнгра барча эшитсин, дегандек, овозини баландлатди. - Қорни тўқларга берилган зиёфат ҳам исрофгарлик белгисидир. Сиз ҳозир ўз дўстларингизни, бой-бадавлат кишиларни анвойи таомлар билан меҳмон қиласиз. Шу вақтда бир неча қўшниларингиз, муҳтожлар қуруқ нон-чой билан оғиз очадилар. Расулуллоҳ (с.а.в) «Ким ўзининг қорни тўқ бўлиб, қўшниси оч ҳолида ўтирган бўлса, у киши чин мўмин эмасдир,» деганлар. Қолаверса, бой рўзадорнинг дуосидан камбағал рўза тутувчининг дуоси, албатта, тезроқ ижобат бўлади...

- Тушундим, домла, деди узр сўраркан Давронбек. - Энди ичкарига кирайлик. Одамлар кутиб қолишди...

- Йўқ, Давронбек, қўшни сиғмаган кенг уйга мен қандай сиғаман? Мен, яхшиси, уйда ифтор қила қолай. Узр...

Давронбек эса уни на қайтаришни ва на бирор сўз айтишни ҳам билмай, жим туриб қолди.

КУЁВГА АТАЛГАН “МАТИЗ”

Холдоржон қизини узатди. Бадавлат эмасми, қирқ кунгача топганини тўрт-беш маҳал куёвникига пайдар-пай жўнатиб турди. Қуда томон ҳам “бўлди, керак эмас,” демади, у ҳам тўхтатмади.

Мана, эртага куёвнинг туғилган куни экан. Эрталаб қизи телефон қилиб, онаси билан суҳбатлашаётган пайтда бехосдан “оғзидан чиқиб кетди”. Буни хотинидан эшитган Холдоржон мийиғида кулиб қўйди.

Ишхонасига боргач эса, тузукроқ совға жўнатиб, ҳам куёви, ҳам қизини хурсанд қилмоқчи бўлди. Бир кўнглида хотинига қўнғироқ қилиб, нима олишни маслаҳат қилишни ҳам ўйлади.

-Йўқ, - ўйлади у, - Розияга қолса, қимматбаҳо нарса тугул оддий игнани ҳам олдирмайди. Фотиҳа тўйида қуда аёлнинг бетга чопарлигидан кўнгли қолганди. Шунинг учун индамай...

Автосалонга йўл солди.

-Юрган йўли, турмушлари сутдай оқ бўлсин!

У шундай яхши ниятлар билан сутдай оппоқ “Матиз” олди. Ундан сўнг универмагга кирди. Дўкондаги энг қимматбаҳо жемперни харид қилди. “Ажойиб сюрприз бўлади-да...” Машинанинг бир дона калити жемпернинг чўнтагидан жой олди. Кейин бозорга кириб, сархил мевалардан қўшиб, қуданикига жўнатди. “Матиз”ни эса эртага ўз қўли билан куёвга топширишни ният қилди.

Холдоржон эртасига қизи тушган ҳовли рўпарасига келиб тўхтагач, юраги ҳаприқди. Машинада бир оз ўтириб, ҳаяжонини босиб олгач, дарвозани қоқди. Озгинадан сўнг уни қизи очди. Зумрадхон дадасини кўрдию, йиғлаб, бағрига ўзини отди. “Соғинган-да, хурсандлигидан йиғлаяпти”, ўйлади ота. Бироқ, гап бошқа ёқда экан.

Қизи қисқа вақт ичида бор гапни айтиб берди. Аёл қуданинг жемпердан ичи чиқмабди. “Янги куёв бўлса, тузукроқ нарса қилмабди-да отангиз,” деб, анча аччиқ-тиззиқ гапларни айтибди. Зумрад эндигина уйга қўнғироқ қилиб, бошқа совға жўнатишларини айтмоқчи бўлиб турган экан.

-Қани, ичкарига бошла... Қайнонангни, куёвингни чақир!..

Дадасининг илкис буйруғи Зумрадни лол қолдирди. Чунки феълини билади. Шундай бўлса-да, бўйсуниб, йўл бошлади.

Қудалар, қайнота, куёв бир-бирлари билан салом-алик қилишди. Соғлиқ-омонлик сўрашишди.

-Қуда ая, бизнинг совғамиз, наҳотки, сизларга ёқмади? – Холдоржон аёл қуданинг жавобини ҳам кутмай, куёвга юзланди: - Жемпернинг чўнтакларини қараб кўрмадингизми, ўғлим? Ахир, одатимиз бўйича куёв сарпонинг чўнтакларига нимадир солиб қўйиларди... Зумрадхон, жемперни олиб чиқ, қизим...

Жемпер қўлига теккач, Холдоржон унинг ўнг чўнтагидан бир дона калит олди.

-Бу, - деди у, - қўлимдаги мана шу калитнинг шериги эди. Дарвозангиз тагидаги “Матиз” эса... Майли, ўғлим, зоримиз бору, зўримиз йўқ. Яхши ниятлар билан олувдим, лекин, нимаям қилардик, машина сизга насиб этмаган экан... - Сўнгра қизига ўгирилиб, паст товушда гапини давом эттирди: - Ўзи фотиҳадаёқ тўйни тўхтатиб қўйсак, бўларкан. Хотин кишилигига борди, деб, онангнинг гапига кирмаган менда айб... Бор, кийиниб чиқ, қизим, уйга кетамиз...

Зумрад бир отасига, бир қайнонаси ва эрига боққанча, туриб қолди. Кейин эса дадил қадамлар билан уйга кириб кетди. Қизи чиққунча Холдоржон на куёв ва на унинг онаси сўзига қулоқ солди. Қайнона қанча ялинмасин, куёв узр айтмасин, Холдоржон жаҳлидан тушмади. Ота ва қиз куёвга аталган “Матиз”да уйга қайтишди.