Андижон 24

«Қуръон мусобақаси – 2018»: Қалблар нурга чулғонди


10.03.2018   1241

Аввал хабар берганимиздек, вилоятимизнинг қатор шаҳар ва туманларидаги масжидларда Қуръон қироати мусобақаларининг ҳудудий босқичлари бўлиб ўтган эди. Унда 1200 нафарга яқин қори ва қориялар иштирок этиб, ҳифз ва тиловат йўналишларида ўз иқтидорларини намоён қилдилар.

Андижон шаҳридаги «Тошкент премиум» ва «Андижон» тантаналар саройида ушбу танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Мусобақалар вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Мусулмонлар идораси вилоят вакиллиги томонидан юксак тайёргарлик асосида ташкил этилди.

Танлов ҳифз ва тиловат йўналишида 18-25 ёш ҳамда 26-40 ёшга тақсимланган ҳолда олиб борилди. Эркаклар ўртасида ҳифз йўналишида Андижон шаҳридан Муҳаммад Хўжаев ҳамда Убайдулло Исақовлар биринчи ўрин соҳиби бўлиб, республика танловига йўлланмани қўлга киритдилар. Тиловат йўналишида эса Андижон шаҳридан Оятилло Ҳакимов ҳамда Пахтаобод туманидан Жамолиддин Умаровларга ана шундай бахт насиб қилди.

Аёллар ўртасидаги мусобақа қатнашчиларини вилоят ҳокимининг ўринбосари, вилоят хотин-қизлар қўмитасининг раиси Манзурахон Юнусова табриклади. Ҳайратлар ва ҳаяжонларга тўла жараён дунё мамлакатларига тўғрида-тўғри онлайн тарзида намойиш этиб борилди.

Аёллар ўртасида ҳифз йўналишида биринчи ўринни шаҳрихонлик Гулжаҳон Жуманова ҳамда асакалик Зарнигор Аҳмедова, тиловат йўналишида эса Андижон шаҳридан Мубина Мирзаева ва Мўътабархон Мўминова эгаллашди.

Ғолибларга Ўзбекистон Мусулмонлар идорасининг махсус дипломлари ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Биринчи ўрин соҳиблари мамлакатимиздаги Ислом билим юртларида ўқиш учун имтиёзли йўлланмаларга эга бўлдилар.

Муҳаббатхон Отамирзаева,

Умиджон Мамарасулов.