Андижон 24

“ҚЎРҒОНТЕПА” ГТШ ХОДИМЛАРИ СИНОВДАН ЎТКАЗИЛДИ


13.03.2023   387

Тоифаланган объектларда техноген ҳалокатларнинг ўз вақтида бартараф этилишида тўғри ва тезкорлик билан ҳаракат қилиш катта ўрин тутиши боис бунга масъул ташкилотлар ходимлари бу борада юқори даражадаги тайёргарликка эга бўлишлари зарур. Ана шу муносабат билан “Hududgaz Andijon” газ таъминоти филиалининг “Қўрғонтепа” газ тўлдириш шохобчасида ГТШ ишчилари иштирокида фавқулодда вазиятлар рўй берганда аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича махсус-тактик ўқув машқлар ташкил этилди.

Унда фавқулодда вазиятлар бошқармасининг Қўрғонтепа туман бўлими ва ҳамкор ташкилотлар билан бирга содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларни ўз вақтида бартараф этиш, бинодаги ишчилар ва фуқароларни эвакуация қилиш, ҳудуддаги ёнғинга қарши сув таъминотини ўрганиш, шахсий таркибнинг жанговар тайёргарлиги ва касб маҳорати синовдан ўтказилди.

Айниқса иштирокчиларни 6 та шартли гуруҳга бўлиб, унда “Алоқа”, “Қутқурув”, “Авария тиклаш”, Разведка”, “Ёнғинни ўчириш” ҳамда “Жамоат тартибини сақлаш” гуруҳларининг вазифалари тушунтирилди. Ҳар бир гуруҳнинг вазифаси бир-бирига боғлиқлиги, лекин асосан эркин ҳаракат қилишлари кераклиги айтиб ўтилди.

Ёнғин хавфсизлиги ходимлари белгиланган тартиб асосида ҳаракат қилиб, шартли ёнғин ўчирилди. Машғулот якунида бажарилган ишлар ва йўл қўйилган хатолар муҳокама қилинди. Унда ишчиларга ёнғинларнинг олдини олиш, ёнғин содир бўлганда тўғри ҳаракатланиш, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун зарур бўлган бошқа тавсиялар берилди.

Мана шундай ўқув машғулотлари Филиалнинг “Асака” ва “Шаҳрихон” туманларида ҳам ташкил этилди.

“Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали матбуот хизмати