Спорт

Кураш байрамига айланди


24.05.2017   675

Узоқ йиллар агросаноат тармоғини ривожлантиришга муносиб улушини қўшган касаба уюшма фаоли, ибратли умри, инсоний фазилатлари билан ҳурмат топган избосканлик Тожиддин Шерматов ҳаёт бўлганида бу йил 60 ёшини қаршилаган бўларди.

Унинг хотирасига бағишлаб Пойтуғ шаҳридаги ака-ука Мамажоновлар спорт клубида 2005-2008 йилларда туғилган болалар ўртасида юнон-рум кураши бўйича турнир бўлиб ўтди. Мусобақа аввалида туман ҳокимлиги, жамоатчилик вакиллари, дўстлари ва оила аъзолари кўнгил сўзларини изҳор қилишди.

Майдон эгалари қаторида Андижон ва Асака шаҳарлари, Олтинкўл, Улуғнор, Булоқбоши туманларидан ҳамда қўшни Наманган вилоятидан ташриф буюрган 250 нафар ёш курашчи 7 та вазн тоифасида ғолиблик иштиёқида гиламга тушишди.

Кечга қадар давом этган мусобақа қизғин вамуросасиз беллашувларга бой бўлди ва кураш байрамига айланди. Ғолиб ҳамда фахрли ўринларни қўлга киритганларга турнир ташкилотчиларининг дипломлари, Т.Шерматовлар оиласи томонидан таъсис этилган эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Ҳалимжон Тоҳиров.

Маҳмуджон Рустамов олган сурат.