Андижон 24

Кўпчиликка ҳавола: ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗЛАРИ УЙ-ЖОЙЛАР УЧУН СУБСИДИЯЛАР БЕРАДИ


05.03.2020   1321

Аҳолининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўла таъминлаш мақсадида хайрли саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Ҳудудларда янги-янги даҳалар, маҳаллалар юз очяпти.

Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5886 сонли Фармонига мувофиқ, 2020 йил 1 мартдан бошлаб Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали фуқароларга субсидиялар бериш учун аризалар қабул қилиш белгиланган.

Англаш зарурки, арзон уй-жойлар эмас, маълум тоифадаги фуқаролар учун уйларни бозор нархида харид қилишга субсидиялар берилади. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралда 103-сонли қарори қабул қилинган. Унга асосан 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури доирасида талабгорларни танлаш бўйича туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги комиссиялар субсидия тайинлаш билан шуғулланмайдилар. Бу арзон уй-жойлар дастури якунланди, дегани эмас. Қонунчиликда шу масалада ҳокимликлар томонидан фуқаролар қабули хусусида ўзгартиришлар киритилмаган. Шундан келиб чиқиб, таъкидлаш жоизки, арзон уй-жой учун НАВБАТлар Давлат хизматлари марказлари орқали ўзгартирилмайди. Демак, НАВБАТлар масаласида маҳаллий ҳокимликларга мурожаат қилиш лозим.

Давлатимиз раҳбарининг юқоридаги Фармонига кўра, субсидиялар кам таъминланган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади. Фармонда субсидия тўлаш схемаси аниқ кўрсатиб берилган.

Субсидия тайинлаш учун фуқаролар аниқ мезонлар доирасида танлаб олинади. Ариза билан бирга маълум ҳужатлар жамланмаси тақдим этилади. Аниқ муддатлар ва ҳужжатлар жамланмаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланиши керак. Шундан сўнггина хизмат тўлиқ амалга оширилади.

Ҳозир Давлат хизматлари агентлиги томонидан марказларда ариза қабул қилиш имконияти йўлга қўйилди. Вазирлар Маҳкамасининг қароридан сўнг субсидия олувчиларни танлаб олиш мезонлари тасдиқланади. Ҳозирги жараёнда қарор чиқиши кутилмоқда.

Субсидияни тўлаш мезонлари тасдиқланганидан сўнг https:||t.me| davxizmat расмий каналимизда бу ҳақда маълум қиламиз. Зеро, уй-жойга эга бўлиш ҳар бир кишининг қонуний ҳақ-ҳуқуқи эканлигини, бу ишгадавлатимиз томонидан долзарб вазифа сифатида қаралаётганлигини таъкидлаш жоиз.

Камолиддин ҲУРБОЕВ,

Андижон шаҳар Давлат хизматлари маркази директори.