Андижон 24

КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАРДА ҚАНДАЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИЛЯПТИ?


07.06.2021   625

Кўп қаватли уйлар кўпчиликка тегишли. Шу сабаб унинг муаммолари ҳам кўпчиликники. Айрим одамларда "Менга нима, биргина мен яшамайман..." деган қараш шакллангани ҳам бор гап. Бироқ уйнинг ободлиги, қиёфаси ва талаб даражасида бўлиши биринчи навбатда мулк эгаларига боғлиқ. Вазифани биргина масъул ташкилотларга юклаш билан иш битмайди. Қолаверса, чекка ҳудудларда ҳам қатор кўп қаватли уйлар барпо этилаётгани масалага янада эътиборли бўлишни талаб этади.

Шу йилнинг 28 май куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўп қаватли уй-жойлар барпо этиш ва уларга хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама этилгани бежиз эмас. Хўш, вилоятимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар талаб даражасидами? Вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Расулжон ТЎЛАНОВга айни шу савол билан мурожаат қилдик.

– Бутун дунёда уй-жойга талаб ортиб боряпти. Шундан келиб чиқиб охирги йилларда Андижонда ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Айни вақтда вилоятимизда 1 минг 733 та кўп қаватли уйлар мавжуд бўлиб,шундан,1 минг 463 таси 1991 йилгача, 84 таси 1991-2015 йилларда ва 186 таси 2016-2020 йилларда қурилган. Савол туғилади: уларда коммунал хизмат кўрсатиш талаб даражасидами?

Уйларнинг 1 минг 170 таси марказий оқова тармоғига уланган бўлиб, 512 таси оқава хандагидан фойдаланади. Иситиш тизимини яхшилаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. Ҳозирда 149 тасидаги 4 минг 136 та хонадон икки контурли қозонлар ёрдамида иситилади.

Электр ва газ таъминоти доимий назоратга олинган.Электр таъминоти бўйича муаммо йўқ, 1 минг 552 та уй газ,1 минг 586 таси ичимлик суви билан таъминланган. Бу рақамлар ҳали олдинда қатор вазифалар турганини кўрсатади.

Кўп қаватли уйнинг 5-қаватида яшасангизда, коммунал хизмат яхши йўлга қўйилмаса ёки 1-қаватида турсангиздауйингизни олди маиший чиқиндиларга тўла бўлса. Бундай манзара кимга ёқади. Бу муаммони ечимини топиш вақти келди. Давлатимиз раҳбари шу каби масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар. Тизимда янги тартибда иш ташкил этиш таклифини билдирди. Кўп қаватли уй-жойларни барпо этиш ҳамда уларга хизмат кўрсатиш тизимини тубдан ўзгартириш ва такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Албаттаянгиланишлар, амалга оширилаётган изчил ислоҳотлардан кўзланган мақсадаҳоли учун қулайлик яратиш, муносиб турмуш шароитини таъминлашдан иборат. Бунинг асосий омилларидан бири коммунал хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш.

Видеоселекторда қў-йилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов жойларда ҳозирда фаолият олиб бораётган ҳамда янгитдан ташкил этилаётган "Бошқарув ташкилотлари" ходимлари,ширкатлар раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Тадбир давомида вилоят раҳбари соҳадаги ютуқ ва камчиликлар, қилиниши керак бўлган долзарб вазифалар юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирди.

Тўғри, ҳозирда мавжуд кўп қаватли уйларга 295 та хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари хизмат кўрсатмоқда. Бироқ бу етарли эмас. Ўтказилган хатлов натижасига кўра, ширкатлар молиявий ҳамда моддий техник ҳолатидан келиб чиқиб 3 тоифа(яхши, ўрта, оғир)га ажратилди. 14 таси"яхши", 73 таси"ўрта"ва 208 таси "оғир" тоифага киритилди.

Ширкатларнинг бугунги кундаги молиявий ҳолатининг ночорлиги,хизмат кўрсатиш даражаси ва иш унумининг пастлиги, моддий техник базаси йўқлигини инобатга олиб уларнинг ўрнидан бошқарув ташкилотлари ташкил этилмоқда. 2020-2021 йилларда иш бошлаган 16 та бошқарув ташкилоти томонидан 326 та уйларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди.

Мисол учун, Андижон шаҳри,"Ўзбегим" МФЙ ҳудудидаги янги қурилган 31 та кўп қаватли уйлар ва ундаги 1378 та хонадонларнинг умумфойдаланувдаги қисмларини сақлаш ва таъмирлаш учун"21-аср обод уйлари" МЧЖ бошқарув ташкилоти ташкил этилди. Бу билан 16 нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги ҳам таъминланди. Амалдаги йил якунига қадар Юнус-обод тажрибаси асосида яна 9 та ана шундай бошқарув ташкилотлари ташкил этилади.

Тажриба тариқасида ташкил этилаётган бош-қарув ташкилотининг фаолиятини йўлга қўйишда кадрлар масаласи катта аҳамиятга эга. Шундан келиб чиқиб, ишсиз фуқаролар"Аҳолини касб ҳунарга ўқитиш макази" ҳамда "Ишга марҳамат мономаркази"да малакасини ошириб, бепул ўқитилади. Маҳаллий бюджетдан уларни зарур асбоб-ускуналар билан таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Кўрсатилган хизмат учун тўловларни ўз вақтида ундириш долзарб вазифалардан. Шу сабабли мулкдорлардан тушаётган мажбурий бадал тўловларини шаффофлигини таъминлаш ҳамда ҳар бир уй-жой мулкдорларига алоҳида ҳисоб рақам очиш бўйича "ОБОД-УЙ" ("БИЛЛИНГ" тизими) ахборотлаштирилган дастури ишга туширилди.

Тўловлар хақида гап борганда битта масалага эътибор қаратиш лозим. Ҳар бир уйда яшовчилардан йиғилган пул алоҳида ҳисоб рақамларда жам-ғариб борилади. Назорати ҳам жамоатчилик зиммасида. Жамғарилган маблағни фақат фуқароларнинг ўзаро келишувига кўра уларнинг тавсиялари асосида ишлатиш мумкин. Ҳар бир уйнинг ҳисобини алоҳида бўлиши бир тарафдан фуқароларнинг масъулиятини оширса, иккинча тарафдан ўзлари учун курашишга ҳам бошлайди. Аниқроқ қилиб айтганда, қайси уйнинг жамғармасида пул кўп йиғилса, ана шу уйнинг ободлиги ва унга хизмат кўрсатиш ҳам юқори бўлади.

Дастурга барча кўп қаватли уйлардаги мулкдорларининг яшаш майдонлари, кадастр маълумотлари ҳамда мажбурий бадал тўловларидан бўлган қарздорликлари киритилиб, тижорат банкларининг "МУНИС" тизимига бевосита уланган. Мавжуд кўп қаватли уйларнинг 41 минг 727 таси ёки 88 фоизи юқоридаги тизимга киритилди.

Яна бир масала: кўп қаватли уйлар олдидаги йўлакларининг деярли эгаси йўқ эди. Ана шу йўлакларга эгалик қилувчилар ҳам аниқланади. Ободонлаштириш учун бериладиган маблағ янги ташкил этилаётган бошқарув ташкилотига тўланади ва ана шу маблағ ҳисобига хизмат сифати оширилади.

Бугунги талаб, белгиланган вазифалар тизимда катта ўзгаришларга йўл очади. Асосийси, халқимизнинг турмуш фаровонлиги ортади.

Акбаржон НАЗАРОВ ёзиб олди.