Ижод гулшани

КЎНГИЛ ҚАТРАЛАРИ


05.10.2017   718

Фахрийларимиз ижодидан

Амирхон Султонов деярли ярим аср халқ таълими соҳасида ишлаб, бугунги кунда меҳнат фахрийлари сафидан жой олган. Избоскан туманидаги умумтаълим мактабларида ёш авлодга математика, алгебра, физика каби аниқ фанлардан сабоқ берган устознинг бадиий ижодга меҳри баланд. Назм ва матбуотнинг чинакам шайдоси. Бўш вақтларида кўнгил кечинмаларини қоғозга туширишга интилади. Бир неча шеърий тўпламлари чоп этилган.

Қуйидаги ёши улуғ устознинг қаламига мансуб сатрларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

КЎНГИЛ ҚАТРАЛАРИ

Хато қилсанг қай ишда – касри тегар турмушга,

Қўлдан тушса сингандек мисоли чироқ шиша.

***

Ҳаёт қонунлари сира-сира эскирмас,

Бунга амал қилмасанг, сенга сира эс кирмас.

***

Ҳалол яшаб, ҳалол юриб, ҳалол ишлагай,

Умри узоқ бўлиб, ризқин тишлагай.

***

Индамаган индагандан яхшироқ,

Бевақт индаб, бошимда синди таёқ.

***

Таъманинг касри ёмон,

Юзингни қилар сомон.

***

Муҳаббат юракда ниш урган майса,

Меҳр-ла кўкаргай лаҳзама лаҳза.

***

Андиша қилсак гар битта ўғрига,

Жабр қилган бўламиз мингта тўғрига.

***

Етмиш икки дардга даво асалдир,

Ози малҳам, кўпин еган касалдир.

***

Вақтида бор –ошга айтса,

Эртароқ бор – ишга айтса.

***

Устозингнинг кимлиги хулқингдан бўлар маълум,

Хулқинг ёмон бўлса, ўзинга ўзинг золим.

***

Кимда бор зўр ҳунар – уни излар пул,

Кимда йўқ бир ҳунар – ўзи излар пул.

***

Эркалатма ўғлингни, талтайтирма қизингни,

Бу қилмишинг бир куни қизартирар юзингни.

***

Гапирма “Бас!” дегунча,

Кўплаб танбеҳ егунча.

***

Бировни қилма ғийбат,

Ортидан келар кулфат.

Амирхон Султонов.