Андижон 24

​Кун тартибида: БОЛАЛАР ОРОМГОҲЛАРИ


30.05.2022   991

Андижон вилоятида жорий йил ёз мавсумида 19 та болалар ва мактабларда ташкил этиладиган 67 та кундузги оромгоҳларда 18 минг 400 нафар бола дам олиши белгиланган.

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ички ишлар, маданият бошқармалари, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида 2022 йил ёз мавсумида фаолият кўрсатувчи вилоятдаги болалар оромгоҳлари раҳбарлари, ҳисобчилари, спорт йўриқчилари, етакчи тарбиячилар, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган ўқув-семинарда оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш борасида амалга оширилган ишлар, мавсумни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг вилоят Кенгаши раиси Қодиржон Парпиев, вилоят ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ва маънавий-маърифий масалалар бўйича ўринбосари Насибулло Мўминов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук, баркамол вояга етишларини таъминлаш, хусусан, болаларини соғломлаштириш, ёзги таътилни мазмунли ўтишини ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Ободонлаштириш, зарур инвентарлар, турли жиҳозлар, спорт буюмлари, маърифий-бадиий адабиётлар, дори-дармонлар билан таъминланиши, оромгоҳларда хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиниши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланиб, мутасаддиларга Ёшлар ишлари агентлиги, халқ таълими муассасалари, маданият, спорт бўлимлари ҳамкорлигида фестиваллар, спорт тадбирлари, санъаткорлар, спортчилар билан учрашувлар, турли кўнгилочар кечалар, шунингдек, оромгоҳларда ижодиёт марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, спорт ва фанлар бўйича тўгараклар ташкил этиш, қизиқарли машғулотлар, китобхонлик кечалари ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди.

Ф. Убайдуллаев