Андижон 24

ҚУМАРИҚҚА РАИС «САЙЛАНДИ»


15.04.2019   2033

вилояткўргазмали семинарида сайловга тайёргарлик намунавий намойиш этилди

Ўтган шанба куни Фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси томонидан кўргазмали семинар ўтказилди.

Андижон тумани Қумариқ МФЙда ташкил этилган тадбирга туман ва шаҳар ҳокимларининг ўринбосарлари, кўмаклашувчи комиссиялар аъзолари, МФЙларда тузилган ишчи гуруҳи раҳбарлари, мазкур ҳудуддаги кўчалар, уйлар ва хонадонлардан сайланган вакиллар иштирок этдилар. Семинарни вилоят ҳокимлиги ташкилий назорат гуруҳи етакчи мутахассиси Баҳодир Юнусов олиб борди.

Ўн уч кундан сўнг сайлов бошланади. Вилоятимиздаги 880 та фуқаролар йиғинида раис лавозимига номзодлар кўрсатилди. Жараённинг очиқ, ошкора, демократик тамойиллар асосида ўтказилиши жамоатчилик назоратининг ўзига хос шаклидир. Каттаю кичикнинг ҳурматига сазовор, етакчилик салоҳияти кучли одамгина элга бош бўлишга муносибдир. Улар орасидан энг тажрибали, ташаббускор инсонларнинг номзоди қўллаб-қувватланади, албатта.

Вилоят кўмаклашувчи комиссияси раиси Муҳаммаджон Юлдашев соҳага дахлдор қонунчилик ҳужжатларининг моҳияти, тайёргарлик ишлари, вакиллар йиғилишини ўтказишмасалалари хусусида маълумотлар берди.

Қизғин савол-жавоблар билан ўтган тадбир давомида Қумариқ МФЙ раисини сайлаш жараёни намуна сифатида саҳналаштирилди. Унда йиғилиш котиби раёсат ҳамда саноқ комиссияси аъзоларини белгилаш, номзодларни таништириш ва уларнинг дастурларини ўқиб эшиттириш, номзодларга саволлар, бюллетень тарқатилиши ва яширин овоз бериш жараёни, овозларни санаб чиқиш ва якун ҳақидаги баённома билан таништириш каби масалалар амалий тарзда кўрсатиб берилди. “Сайлов”да йўл қўйилган хато ва камчиликлар кўрсатиб ўтилди, фикрлар муҳокама этилди.

Гулжаҳон ЖАББОРОВА.