Бугуннинг гапи

ҚЎЛДАН КЕТГУНЧА, ЭГАСИГА ЕТГУНЧА...МИ? ЁКИ ҚУВОНЧИ УЗОҚҚА ЧЎЗИЛМАГАН ҚИЛИЧМОЗОРЛИКЛАР


30.04.2019   17419

Жалақудуқ тумани, Қиличмозор маҳалласида яшовчилар 2018 йилда «Обод қишлоқ» дастури асосида маҳаллада бошланган қурилиш ва таъмирлаш ишларидан ҳурсанд бўлган эдилар. Жумладан, маҳалла ҳудудидаги туман тиббиёт бирлашмаси тасарруфида бўлган собиқ «Иттифоқ» қишлоқ врачлик пункти биносининг таъмирланиши тиббий хизмат сифатининг яхшиланишига умид уйғотганди.

Афсус, улар ўйлагандек бўлмади. Таъмирталаб бўлса-да, аҳоли саломатлиги учун яраб турган муассаса бир йилдирки фаолият олиб бормаяпти. Фуқаролар муассаса дарвозасига илинган занжирнинг ечилишини кутиб зерикдилар.

Умумий қиймати 892 миллион сўмлик лойиҳа асосида иншоот «ZEROMAX BUILDING» масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан таъмирланиши, 2018 йилнингавгуст ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган эди. Бироқ орадан шунча вақт ўтсада,бошланган ишлар охирига етмаяпти. Бу борада кимдир қурувчиларни, яна кимлардир соҳа раҳбарларини айбламоқди. Роппа-роса бир ой илгари Қиличмозорда бўлганимизда Акмалжон Дадахонов бошчилигидаги «ZEROMAX BUILDING» МЧЖ қурувчилари таъмирлашни 10 кунда ниҳоясига етказишларини билдиргандилар. Ваҳоланки, холат ўша- ўша.

ҚВПмаҳалла гузарида жойлашганлиги боис барчаси жамоатчиликнинг кўз ўнгида. Аммо на соҳа раҳбарлари, на МФЙ фаоллари, на маҳаллий кенгаш депутатлари бунга эътибор қаратишди. Натижада қурувчилар таъмирлаш ишларини қўлдан кетгунча, эгасига етгунча, қабилида бажардилар. Ташқи деворлар эса ёмғир сувларида ювилмоқда. Томдан чакка ўтади, эшик-ромларнинг ўрнатилишидақатор камчиликлар мавжуд.

  • Барчасини бартараф этамиз, озгина вақт берсаларинг бўлди, - дейди А. Дадахонов.

Қизиқ, қурувчиларгаяна қанча вақт керак?Давлатимиз томонидан ажратилган маблағни улар қандай мақсадда сарфлашди экан?

Шу ўринда туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори Дилмуроджон Исмановнинг муассаса фойдаланишга қабул қилинганлигини айтишидан қандай хулоса қилайлик? Қурувчилар ишни якунлаган экан (барчаси қоғозда) нима учун ҳанузгача аҳоли 4 километр йўл босиб, Ҳамзаобод ҚВПга қатнамоқда? Ҳудудда доимий тиббий хизматга мухтож 42 нафар имконияти чекланган, кекса ва туғиш ёшидаги аёллар яшайди. Бу, айниқса,уларга муаммо туғдиряпти.

-Додимизни кимга айтишни билмаймиз. Ноилож туман марказидаги шифохоналарга қатнаяпмиз, -дейди исм-шарифини кўрсатмаслигимизни сўраб, шу маҳаллада яшовчи онахон.

Айтаверсак гап кўп. Қиличмозордаги муаммолар қачон ечимини топар экан? Бу масалага туман ҳокими ҳам эътибор қаратиши зарур.

«auz.uz» бу мавзуга яна қайтади ва кузатишда довом этади.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Рустамжон ЭШОНОВ.

-------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------

Ушбу мақоланинг тўлиқ қисмини «Aндижоннома» газетасининг навбатдаги сонларида ўқинг.