Спорт

Қўл жанги бўйича чемпионлар лигаси Андижонда


01.07.2017   1908

17:00. Андижон шаҳридаги “Соғлом авлод” ўйингоҳи яна спорт мухлислари билан гавжум. Қўл жанги бўйича жаҳоннинг кучли профессионаллари чемпионлар лигаси дастурида мамлакатимиз полвонлари билан куч синашадилар. Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қўл жанги федерацияси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ташкилотчилигида ўтказилаётган тадбирда 6 вазн тоифасида жанглар бўлиб ўтади ва республикамизнинг таниқли эстрада юлдузлари ўз чиқишлари билан тўпланганларга завқ бағишлайдилар.

Уч раунддан иборат жангларда дастлаб, фарғоналик халқаро турнирлар ғолиби Ғиёсиддин Жамолиддинов Тожикистон чемпиони Амирхон Отахонов (60 килограмм)га, андижонлик таниқли полвон Сардор Содиқов Европа чемпиони белоруссиялик Игор Чемякин (65 килограмм)га қарши майдонга тушадилар.

Кейинчалик Ўзбекистон чемпиони Бегзод Нурматов (Қашқадарё) Европа чемпиони, жаҳон чемпионати финалчиси, россиялик Алексей Волков (85 килограмм) билан, жаҳон чемпионати финалчиси Илёс Раимов, жаҳон чемпионати совриндори россиялик Александр Солдаткин (+90 килограмм) билан беллашади.

Беш раунддан иборат жангларда жаҳон чемпиони, тошкентлик Муҳиддин Мамажонов Россия кубоги соҳиби калининградлик Алексей Ильенко (70 килограмм)га қарши, жаҳон чемпиони, бухоролик Жаҳонгир Жумаев жаҳон чемпионати совриндори, белоруссиялик Дмитрий Родак (75 килограмм)га қарши жанг қилади.

Айни дамда беллашувлар олдидан севимли хонандаларнинг қўшиқлари мухлисларга тақдим этилмоқда.

AUZ.uz on-line гуруҳи.