ЖАМИЯТ

КЎКЛАМНИНГ ИЛК ШОДИЁНАСИ


02.03.2019   1980

Баҳорнинг илк кунлари...Ён-атрофга назар ташласангиз табиат уйғонаётганини кўрасиз. Бу ажиб гўзаллик инсонлар қалбига кўчади ва сиз ҳам беихтиёр ошно бўласиз. Андижон тумани, Гумбаз маҳалласида ана шундай гўзалликни кўргандек бўлдик. Эрта тонгдан карнай-сурнай садолари остида маҳалланинг каттаю-кичиги 8-сонли мактабгача таълим муассасасига йўл олдилар. Маҳалла аҳлининг неча йиллардан буён рўёбга чиқмаётган орзулари ушалди: фарзандлари кенг, ёруғ, замон талабларига жавоб берадиган боғчада тарбияланадиган, ўйнаб куладиган шароит яратилди.

Муассасанинг очилиш маросими баҳорнинг илк кунида қишлоқ аҳлини бирлаштирди. Ферузахон Иминова раҳбарлик қилаётган масканда дошқозонда сумалак пишириб, ош дамлаган муассаса ходимлари кайвони онахонлару пиру бадавлат отахонларнинг дуоларин олдилар, қаҳрли совуқдан эсон-омон кўкламга етишиш шукронасини туйдилар. Оналар байрами ва шукуҳли, қувватбахш, дилларга кўтаринкилик, халқимизни ҳамжихатликка чорловчи ҳаётбахш куни Наврўз айёми олдидан завқлантирди. Табиат эшигини биринчи бўлиб қоққан, бойчечак айтиб келган болакайни қўлида тутган миттигина ҳаёт чечагини кўзларига суртдилар. Қутлуғ кун дийдорлашувидан гўё ўзлари ҳам болаликка қайтгандай бўлдилар.

Қишлоқ марказида жойлашган ушбу жойда 1956 йилда қурилган хароба бино бўларди. Ўтган йилда давлат инвестиция дастури доирасида қаровсиз,ташландиқ, сувсиз жойда 150 ўринга мўлжалланган, 2 қаватли замонавий мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилди. Валишер Ҳолиқов бошчилигидаги “Зарбдор” хусусий корхонаси ишчилари томонидан 3 милларддан ортиқ маблағ эвазига қисқа муддатда қуриб битказилди. Ўзбек, рус, инглиз тиллари ўргатиладиган ушбу масканда 15 нафар малакали педагог 6 гуруҳда 170 га яқин болажонга таълим-тарбия бермоқда. Дилфуза Хушназарова, Минура Абдуллаева, Одина Мамажонова, Зулхумор Дадамирзаева каби малакали мутахассислар фаолият юритадилар.

- Туманимизда 32 та давлат МТМ мавжуд. Ўтган йилда инвестиция дастурига мувофиқ 3 та муассаса қаторида 8- мактабгача таълим муассасаси янгитдан қурилди, -дейди Дилфузахон Мусаева. –Дастур доирасида яна кўплаб худди шундай шароитдаги болалар боғчаси қурилиши режалаштирилган.

Чинакамига байрамга айланган тадбирда меҳмонлар гўёки эртаклар оламига сайр қилдилар, яратилган шароитлар гуруҳларда ўтказилган машғулотлар билан танишдилар. Турли ўйинчоқлар билан безатилган хоналар, деворлардаги нақшинкор чизгилар, табиат билан ҳамоҳанг манзаралар, муассаса ҳовлисидаги атракционлар болажонларга туҳфа бўлди. Кичкинтойлар томонидан ижро қилинган куй-қўшиқлар, саҳна кўринишларидан завқландилар.

Тадбирда туман ҳокими Улуғбек Исомиддинов иштирок этди.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА,

Аъзамжон Қодиров олган суратлар.