Бугуннинг гапи

КЎЧАГА САРДОР ПАТЕЛ НОМИ БЕРИЛДИ ВА БЮСТ ЎРНАТИЛДИ


19.10.2019   6928

Сардор Пател Валлабхай Ҳиндистон озодлиги йўлида собитқадам турган, истиқлолга эришишга катта ҳисса қўшган буюк шахслардан бири. Атоқли давлат ва жамоат арбоби, Миллий конгресс етакчиларидан бири бўлган ушбу сиймо Ҳиндистон Конституцияси муаллифларидан ҳисобланиб, мамлакат сиёсий тизимини яратишда фаол иштирок этган.

У Гужаратда деҳқон оиласида туғилган. Лондонда ҳуқуқшунослик дипломига эга бўлган. Британия мустамлакасига қарши кураш давомида бир неча бор қамоққа олинган. 1947 йилда Ҳиндистон мустақилликка эришгач, турли йилларда Бош вазир ўринбосари, ички ишлар, ахборот ва радиоэшиттириш, принсентлар вазири лавозимларида ишлаган.

Форум доирасида Андижон тумани Ўрикзор маҳалла фуқаролар йиғинидаги собиқ “Ёшлик” кўчасига Ҳиндистоннинг миллий қаҳрамони номи берилиши ва бюстининг очилиши муносабати билан тантанали маросим бўлиб ўтди. Унда нуфузли меҳмонлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаоллари, ёшлар иштирок этдилар.

- Сардор Пател бюстининг очилиши ва унинг шарафига кўчанинг номланишини қадимдан муштарак маданиятларимиз ва тарихимизга асосланган, бугунги кунда эса мустаҳкамланиб бораётган ўзбек-ҳинд дўстлиги ва ҳамкорлигининг яна бир исботи сифатида қабул қиламиз, - деди вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов маросимда сўзлаган нутқида.

Шундан сўнг бюст тантанали тарзда очилиб, унинг пойига вилоят ҳокимлиги ва Гужарат штатининг гулчамбарлари қўйилди. Шундан сўнг сўзга чиққан Гужарат штатининг бош вазири Шри Вижай Рупани ҳамюртига кўрсатилган эҳтиром бутун Ҳиндистон аҳлига ҳурмат белгиси эканлигини таъкидлади.

Маросим якунида иштирокчилар буюк ҳинд арбобининг бюсти пойини гулдасталар билан тўлдирдилар.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ,

«auz.uz» online гуруҳи.