Андижон 24

КЎЧА МЕНДАН «АРАЗЛАГАН ПАЙТ»...


01.08.2020   492

“Тўқилмаган янги фалсафа” туркумидан

Ҳаётнинг бир заррасимиз...

Ҳамма ўз орзусига етаверса, армон, деган туйғуга ўрин қолмасди. Лекин, менинг фикримча, инсоннинг орзулариунга гўёки маёқдек янги манзиллар сари йўл кўрсатади, холос. Шунинг учун нимагадир эришолмаган бўлсангиз – койинманг. Демак, Сиз Ҳаёт аталмиш оламнинг бир зарраси сифатида ҳаракатда экансиз.

Нега мени ўйлайсиз?..

Сиз ҳақингизда ўйламасам, кунда кўришни хоҳламасам – бу, душманлик ё чоҳ қазиш ҳам эмас. Шуни истамасам, нима қилай? Чунки, мен сиздан қўрқмайман!

Сиз эса мен ҳақимда кўп ўйлайсиз...

Негаки, МЕНДАН ҚЎРҚАСИЗ!

Кўринмас рақибдан қўрқ...

Сенга ошкора тош отганлардан чўчима. Ундан ўзингни эҳтиётлаш имкони мавжуд. Бирортаси тегса, нари борса, бошингни ёрар.

Аммо, зимдан чоҳ қазийдиган ё кўринмас рақиблардан қўрқ. Чунки улар нақд юрагингни нишонга оладилар.

Агар қўшнинг кар бўлса...

Қўшнинг кўр бўлса, кўзингни қис, дейдилар. Буни-ку, тушунса бўлар. Лекин қўшним кар бўлса, нетаман? Қулоғини “қисган” одамни кўрмаганман. Шунинг-чун ҳар куни хом тухум ютиб, овозимни чархлаяпман...

Ким кимдан аразлади?

Йигитликда уйда бирор нарса ёқмаса, аразлаб, бор-ей, деб қўл силтаб кўчага чиқиб кетаверардим. Олтмишдан ўтгач, кўча мендан “аразлаб”, “қўл силтаб” қўйгач, уйда ўтирибман.

Энди уйдаги ҳамма нарса, ҳатто хотиним ҳам кўзимга чиройли кўриняпти...

Меросхўр улғайяпти...

Бобом қуйидаги нақлни доим такрорлаб юрарди:

Мен ҳам эдим сенингдек,

Сен ҳам бўларсан менингдек...

Нега бундай деяверасиз, деб сўрасам, “ёшимга етганда биласан”, деганди.

...Бугун шу саволни неварамдан эшитдим. Мен эса 55 йил олдин бобом айтган сўзларни такрорлай олдим, холос.

Демак, бобомнинг нақлига меросхўр улғайяпти...

Қўлимиздан келмайдиган иш...

Ҳамманинг дўстлари ва душманлари бор. Дўст бир кун ўз айбимиз ила душманга айланиши мумкин. Лекин душманни дўстга айлантириш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Айб муҳаббатдами?

Агар ҳар бир кўнгилга Муҳаббат ташриф буюрганда эди, ёмонлар қолмасмиди... Унда дунё Эзгулик нурларидан яна-да чароғон бўлиб кетарди!

Айб ҳамманинг кўнглига кирмаган Муҳаббатдами ё?..

Жавоби йўқ савол

Ҳадиси шарифда “Аёлларда эрининг ҳаққи кўпдир. Эрларда эса оналарининг ҳаққи кўпдир”, дейилади. Унда нега аёллар Пайғамбарнинг гапига кирмай, эркакларни бутунлай эгаллаб олишади?..

Билмадим... Аммо, ҳозиргача шусаволга жавоб топган одамни ҳамкўрмадим...

Ҳавас билан яша...йлик!

Кимлардир мен эришган ютуқ ва мартабаларга ҳасад қилишади. Мен эса уларга қарата, қўрқмай шундай дейман:

-Аллоҳ берган нарсани сен ола биласанми? Қўлингдан келса, олавер! Ундан кўра, ҳавас қил, балки сенга ҳам берар...

Кейин яна айтдим:

-Мен ҳасад қилмаганим учунгина эришдим уларга... Чунки, шиорим шу эди: “Ҳасад билан эмас, ҳавас билан яшайлик...”

Ҳали ўлганим йўқ...

Қайдадирмени “битта шеър ўқиб беринг”, дея даврага таклиф этишди. Билмадим, ўша куни негадир кўпроқ муҳаббат, ишқ ҳақида ўқидим... Жойимга қайтгач, бир “дўстим” менга танбеҳ берди:

-Сочингизга оқ тушганда ҳам қуюлмас экансиз-да... Менга ўхшаб, муҳаббат ҳақидамас, фалсафий шеърлардан ўқисангиз, ярашарди...

Шунда мен унга дедим:

-Ҳатто Шайх Саънондек мўътабар зот ишқ олдида саросар қолганида, бизни Муҳаббат шамоли осмонларга кўтариб учса, айб биздами? Худога шукр, севги туйғуси ҳали қалбимизни тарк этгани йўқ... Негаки, ҳали тирикмиз-да, дўст...

У нимани тушунди, билмадим...

Ичкуёвдан ҳам хунукманми?

Ахтачилик Тўхтасин ака шу ҳикоятни айтиб берди:

-“Хунуклигидан ҳамма қурбақани масхара қиларкан. Бундан у жуда хафа бўлиб юраркан.

Кунларнинг бирида тушкун кайфиятда кетаётса, йўлидан илон чиқиб қолибди. Унинг ҳолатини кўриб, ҳол-аҳвол сўрабди.

-Э, қурбақа, нимадан бунча хафасан?

-Нимасини айтай, - жавоб берибди қурбақа. – Мени ҳамма хунуксан, деб масхара қилишади. Шунга хафаман.

-Тўғри-да, жуда хунуксан-да ўзиям, - дебди илон ҳам дабдурустдан.

Қурбақа шунда бир оз ўйланиб қолибди. Сўнгра илондан сўрабди:

-Дурустроқ қара-чи, ичкуёвдан ҳам хунукманми-а?..”

...Ҳикоятни эшитдиму, бир пайтлар ичкуёвликка рози бўлмаганимдан қувондим...

Амалдорлар эшитмасин...

Неча юз йиллар илгари Жалолиддин Румий ҳазратлари ҳаётдан нолиган одамга қарата шундай дебди:

-Сизга нимага эга бўлаётганингизёқмаса, унда бераётганингизни ўзгартиринг...

Агар буни ҳозирги айрим амалдорлар эшитиб қолсами!.. Юз, минг порани олиб, бирини бераётган бўлса, ўшаниям бермай қўймасин, дейман-да... Тушунмадингиз, пастгамас, юқорига...

Тезроқ қочинг...

Биринчи таассурот хато, ташқи кўриниш эса алдамчи бўлиши мумкин эканиниҳеч қачон унутманг. Сиз одамнинг қалбига боқинг. Агар унда ўзингизни кўрмасангиз, унинг олдидан тезроқ қочишга урининг.

Негаки, суратингизни қалбига жойлай олмаган одам ҳеч қачон Сизга дўст бўлолмайди.

Нажмиддин ИКРОМИЙ.