ЖАМИЯТ

КРЕДИТ ТАЪТИЛИ БЕРИЛГАНИГА ҚАРАМАЙ, БАНК КРЕДИТ ТЎЛОВИНИ ТЎЛАШГА МАЖБУРЛАСА...


23.08.2020   2244

"Марказий банк таътил берганига қарамай, банк кредитни фоизларини тўлашга мажбурламоқда. Бу тўғрими?"

Бу каби саволларга Марказий банк масъуллари жуда кўп марта жавоб берган бўлишсада, шу маънодаги мурожаатлар оқими тўхтаётгани йўқ.

Мисол учун, 2019 йилда "Савдогарбанк"нинг Шайхонтоҳур филиалидан 36 фоизлик, 3 йиллик кредит олган шахс кредит таътили жорий этилган бўлсада, "Савдогарбанк" филиали ходимлари карантин даврида пластик карточкани блоклаб, пулни ечиб олмоқчилигидан шикоят қилган.

Шу боис масалага яна бир марта ойдинлик киритиш учун Марказий банк департаменти директори Акмал Назаровга мурожаат қилдик.

̶ Банклар мустақил тадбиркорлик субъекти. Улар сарф-харажатларини яъни, коммунал тўловлар, бино ижараси, ходимларга ойлик маош бериш ва ҳоказо тўловларни қилишда ўзини-ўзи қоплайди, ̶ дейди А.Назаров. ̶ Ахир, ҳеч бир тадбиркор зарарга ишлашни истамайди ва дарҳол фойда кўрмаса бизнесини ёпиши табиий ҳол.

Шунга қарамай, Марказий банк тижорат банкларига тавсиявий характердаги кўрсатма хатларини юборгани рост, ўз вақтида. Қайси банк бунга тўлиқ амал қилди, қайси бири қисман амал қилди. Агарда октябрга қадар берилган таътилларга келсак, меҳнат мигрантлари ёки кичик цехлар ишлаши тўхтагани туфайли ишсиз қолган ёки оиласида умуман боқувчиси йўқ фуқарога бу имтиёз ҳали ҳам амал қилади.

Бу банк билан мижоз ўртасида индивидуал тартибда кўриб чиқилади. Яъни асослантирилган ва манзилли мурожаат бўлиши керак. Баъзида ойлиги узилмаган, давлат ишида ишлаб камида 5-6 миллион даромад олаётган фуқаро ҳам шу имтиёздан фойдаланмоқчи бўлади. Энди айтингчи, қийналган ёки боқувчисиз, даромадсиз қолган аҳоли қатлами фойдаланиши керак бўлган имтиёздан даромади бор инсон фойдаланиши тўғрими?

Бу ҳолда имтиёз керакли манзилига етиб бормайди. Агар банклар ёппасига (яъни манзилсиз) имтиёзни ҳамма кредит олганларга қўлласа, тижорат ташкилоти касодга учраши турган гап. Иқтисодиётнинг шундай қонунияти бор, иқтисодий инқироз биринчи навбатда банкларга таъсир ўтказмоқда. Аммо, унутманг банклар банкрот бўлса, кўпгина тармоқлар издан чиқади.

Демак, даромадини йўқотмаган аҳоли қатлами имкон даражасида кредитни сўндириб бориши лозим. Бир ой олдин бўлмаса, бир ой кейин кредитни барибир тўлаш керак бўлади.

Манба: uza.uz