Андижон 24

КОТТЕЖ ВАСВАСАСИ. АНДИЖОНЛИК ХУРШИДА ТИЛЛАЕВА НИМАДАН НОРОЗИ?


29.05.2019   6237

Жорий йилнинг 28 май куни ижтимоий тармоқларда «Президент уй берди» деб телевизордан раҳмат айттирилган андижонлик аëл «шоу уй»дан чиқарилди» сарлавҳаси остида мақола эълон қилинди. Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи чоғида «Ўзбекистон24» телеканали орқали «уй берилди» деб кўрсатилган аёллар кейинроқ ушбу хонадонлардан чиқариб юборилгани, улардан бири Хуршида Тиллаева ўша куни телеканал учун интервью бергани, у фақат «бир соатлик уй бекаси» бўлгани ва «алдов қурбони»га айлангани ҳақида сўз боради.

Мақола эълон қилинганидан сўнг ушбу ҳолат омма ўртасида навбатдаги кўзбўямачилик сифатида баҳоланмоқда. Мазкур ҳолатга аниқлик киритиш, мақолада тилга олинган фуқаро билан суҳбатлашиш мақсадида auz.uz сайти мухбирлари журналистик суриштирув олиб бордилар.

“Менга коттеж беришларини истайман”

Дастлабки манзил Андижон шаҳридаги Мустақиллик маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Пушкин кўчаси, 49-умумий ҳовлида бўлдик ва мақолада тилга олинган Хуршида Тиллаева билан суҳбатлашдик.

- 2010 йилда Жалақудуқ туманида истиқомат қилувчи Акмалжон Бегалиев билан шаърий никоҳ орқали турмуш қурдим, ундан 2 нафар фарзандлик бўлдим. Яшаш шароитимиз ўта оғир эди. Аксарият ҳолатларда ижарама-ижара сарсон бўлардик. Натижада оилавий келишмовчиликлар келиб чиқарди. Шу ва бошқа сабабларга кўра, 2017 йилда турмуш ўртоғим билан ажрашдим ва ота уйига қайтиб келдим. Шу йилдан бошлаб, қийин бўлса ҳам онам, синглим, 1-гуруҳ ногирони бўлган укам ва фарзандларим билан яшаб келмоқдаман.

Бизнинг маҳалла ўрнида янги замонавий биноларнинг қурилиши режалангани туфайли онам ва синглим Моҳисора Тиллаевага Боғишамол атрофида янги барпо бўлган Мустақилликнинг 27 йиллиги маҳалласида қурилаётган коттеж уйлардан беришди. Улар яқинда кўчиб ўтишди. Кўчиришга ёрдамлашаётганимда янги маҳаллага “Ўзбекистон24” телеканали мухбирлари келишган экан. Интервью беришимни илтимос қилишди.

Менга ҳам шу ҳудуддан август ойида қурилиши битказиладиган кўп қаватли уйлардаги 2 хонали хонадонлардан бирини беришадиган бўлишган. Аммо мен онам ва опам каби коттежда яшашни хоҳлаб қолдим. Хорижий ОАВларга видеомурожаат йўлласам, менга ҳам коттеж уй тегармикан, деб ўйладим.

2 хонали уй учун 12 миллион сўм

бошланғич тўлов тўлаб берилган

Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитасининг маълум қилишича, Х. Тиллаеванинг онаси 18 май куни Хўжаобод тумани Хидирша массивидаги Мустақилликнинг 27 йиллиги маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 263-уйга, опаси Моҳисора Тиллаева эса оила аъзолари билан биргаликда шу маҳалладаги 178-уйга кўчиб ўтган ва яшамоқда.

Хуршида Тиллаевага эса жорий йилнинг август ойида қуриб битказилиши режалаштирилаётган 4 қаватли уйларнинг 2 хонали хонадонларидан бири учун бошланғич бадали сифатида “Мустақиллик тикувчилик мажмуаси” МЧЖ томонидан 12 миллион сўм ўтказиб берилган. Ушбу маблағларнинг 3 миллион сўми Х. Тиллаеванинг ўз иш ҳақидан тўпланган бўлиб, қолган қисми корхона томонидан ҳомийлик асосида ўтказилган.

“Мустақиллик тикувчилик мажмуаси” масъулияти чекланган жамияти кадрлар бўлими бошлиғи Мавлуда Нишонованинг айтишича, уй-жой билан боғлиқ муаммолари бор, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёлларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уй-жой билан таъминлаш мақсадида МЧЖ томонидан тикувчилик корхонасида меҳнат қилаётган 46 нафар хотин-қизлар учун “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК қураётган кўп қаватли уйлардан олиш учун 10 фоизли бошланғич тўловлари ўзи ишлаб топган маблағларига 526 миллион 400 минг сўм қўшимча равишда ҳомийлик асосида тўлаб берилган.

Мақолада қайд этилган яна бир фуқаро Муяссар Раҳимова ҳам ушбу маҳалладаги А. Умархон кўчаси 11-уйда яшаб, тикувчилик цехида ишлар экан. Унга ҳам уйнинг бошланғич бадали корхона томонидан тўлаб берилган.

Маълумотларга кўра у шаърий никоҳ асосида турмуш қуриб, 3 нафар фарзандни дунёга келтирган. Турмуш ўртоғи учун массивдан алоҳида коттедж ажратилган. Бироқ оилавий келишмовчиликлар сабабли айни пайтда эри билан бирга яшамайди.

М. Раҳимованинг уй-жойсиз қолиш хавфи борлиги учун унга ҳам кўп қаватли уйлардан биридаги 3 хонали уй учун жами 14 миллион 800 минг сўм миқдоридаги бошланғич тўлов ўтказиб берилган.

Суриштирув давомида Хуршида Тиллаева ва Муяссар Раҳимоваларнинг мақсади кўп қаватли уйларда эмас коттежларда яшаш орзусига ваколатли шахсларга мурожаат қилиш орқали эмас, балки хориждаги нопок кимсалар ёрдамида эришишни ўйлашган. Шунча шароит ва имконият яратиб берилсада ношукурлик қилишгани ҳар бир виждонли инсоннинг кўнглини хира қилиши табиий.

Биз уларга инсоф тилашдан бошқа чорамиз йўқ.

«auz.uz» online гуруҳи.