Бугуннинг гапи

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ БЎЛСАНГИЗ САФИМИЗГА ҚЎШИЛИНГ!


29.11.2019   153

9 декабрь - Бутунжаҳон коррупцияга қарши курашиш куни. Шу муносабат билан жойларда ўтказилаётган тадбирларда жамиятимиз ривожига тўсиқ бўладиган асосий омиллардан бири коррупция эканлигига эътибор қаратилмоқда.

Жиноятчиликнинг бу турига қарши курашишда жамоатчиликнинг роли катта. Шу сабаб андижонлик “адолатчилар”нинг “Коррупцияни илдизи билан қуритамиз!” шиори остида майдонга чиқишини кўпчилик қўллаб-қувватламоқда.

Қўрғонтепа туманида айни шу мавзуда ташкил этилган акцияда сўз олган Ўзбекистон “Адолат” СДП Қўрғонтепа туман кенгаши раиси Фотима Сиддиқова партиянинг сайловолди дастурида қонун устуворлигига алоҳида эътибор қаратилгани, жиноятчиликни олдини олиш йўлида амалга оширилаётган ишлар ва коррупцияга йўл бермасликка йиғилганлар эътиборини қаратди.

- Бу ҳаракатга ёшларни кенг жалб этилаётгани бежиз эмас,-дея таъкидлади у,- Чунки биз фарзандларимизни маънавий соғлом инсонлар қилиб тарбиялаш билан бир вақтда ҳуқуқий маданиятини юксалтиришимиз зарур. Токи улар жиноятнинг юзага келишига ўзимиз сабабчи эканлигимиз ва унинг олдини олиш ҳам ўзимизга боғлиқ эканлигини, коррупциянинг эртаси йўқлигини тушуниб етсинлар.

Майдон узра “Биз коррупцияга қаршимиз!” дея чақириқ янгради. Йиғилганлар ҳам бунга қўшилди, штирокчиларнинг сафи янада кенгайди.

-Жойларда ўтказилаётган бу каби тадбирларда кўпчилик бизни қўллаб-қувватлаяпти,-дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши матбуот котиби Акбаржон Назаров, - Айниқса, талабалар ташаббуснинг фаол иштирокчиларига айланди. Марказий кўчаларда кун ора “Коррупцияга йўл йўқ!”, деган шиорлар билан автобусларда “Ёш адолатчилар”нинг юриши ўз натижасини бермоқда.

“Коррупцияни илдизи билан қуритамиз!” мавзусидаги тарқатма материаллар иштирокчиларнинг билимларини бойитди. Айни шу шиор остида ўтказилган савол-жавобларда ҳуқуқшунослар уларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.