ЖАМИЯТ

КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ


22.02.2019   2197

Коррупция лотинча «corruptio» сўзидан олинган бўлиб, «айниш», «порага сотилиш» деган маъноларни англатади. Шунингдек, Коррупция атамаси эндиклопедияда «мансабдор шахснинг ўз мансаби бўйича берилган ҳуқуқларни шахсий бойиш мақсадида бевосита суиистеъмол қилишидан иборат амалиёт, мансабдор шахсларни сотиб олиш, уларнинг порага сотилиши ҳам коррупция дейилади» деб тушунтирилади.

Дарҳақиқат, Коррупиция бу ижтимоий иллат бўлиб, миллатни ич-ичидан емирадиган, инсонни ўзига жалб этгани ҳолда инсонийликдан чиқаришга, халқни тубанлаштиришга хизмат қилувчи ижтимоий ҳодиса ҳисобланади.

Чунончи, БМТ ҳам коррупцияни глобал муаммо сифатида баҳолаб, 2003 йил 31 октябрда «Коррупцияга қарши конвенция»ни қабул қилган. Ўз ўрнида ушбу конвенцияга икки йил давомида 130 дан ортиқ давлат ҳамда 2008 йил 7 июлда Ўзбекистон Республикаси қўшилган.

Алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда «Жамият ривожига ғов бўлаётган яна бир иллат – бу коррупция балосидир». Шу нуқтаи назардан Давлатимиз раҳбари Президентлигининг дастлабки йилларидаёқ коррупцияга қарши курашишни давлат сиёсати даражасига кўтарди. Жумладан, 2017 йил 3 январь куни «Коррупция қарши курашиш тўғрисида» ЎРҚ-419-сонли қонун қабул қилинганлиги фикримизнинг исботидир. Ушбу қонун билан коррупция тушунчаси, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари, ушбуборада фаолият олиб борувчи давлат ташкилотлари кўрсатиб берилди, бир сўз билан айтганда коррупцияга қарши кураш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тўла ва ҳар томонлама тартибга солди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида тўғридан-тўғри «коррупция» атамасидан фойдаланилмаган бўлсада, кодекснинг 15-боби «Бошқарув тартибига қарши жиноятлар» билан тўлдирилган. Мансаб лавозимидан фойдаланган ҳолда пора берувчининг манфаатини кўзлаб олинган ҳар қандай моддий қимматликлар жиноят предмети бўлиб ҳисобланади. Хусусан, Булоқбоши тумани «Ер ресурслари ва давлат кадастри»да бўлим бошлиғи вазифасида ишлаган У. Рахмонов фуқаро Б. Усмоновдан 4 сотих ер майдони бериш эвазига 4000 АҚШ долларни пора тариқасида олаётган вақтида ҲМҚО ходимлари томонидан ушланган. Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судининг 20.09.2018 йил кунги ҳукми билан У. Рахмонов Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 3-қисми «в» банди билан айбли деб топилиб, 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни «мансабдор ва моддий» жавобгарлик юклатилган вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда унга энг кам ойлик иш ҳақининг 70 баровари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Шоҳжахон ҚОСИМОВ,

Булоқбоши тумани ИИБ ҳузуридаги тергов

бўлинмаси бошлиғи вазифасини бажарувчи.