ЖАМИЯТ

КОРРУПЦИЯ ИЛДИЗИ БИЛАН ЙЎҚ БЎЛАДИ?


30.07.2019   992

Халқимизнинг том маънодаги адолат қарор топган жамиятда яшаши учун нафақат масъул шахслар, балки ҳар бир фуқаро ўз ҳиссасини қўшиши зарур. Бу фуқароларимизда коррупцияга, ҳар қандай қонунбузарликка нисбатан муросасизлик кайфияти, маданияти шаклланишига ҳам боғлиқ. Чунки ҳар қандай жиноятларнинг содир этилишига, кўпайишига кўп ҳолларда ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлади.

Айни пайтда халқимиз азалдан юксак қадрлаб келадиган, ҳамма нарсадан устун қўядиган адолат туйғусини ҳаётимизда янада кенг қарор топтириш борасида бир қанча тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жамиятимизда коррупция, турли жиноятларни содир этиш ва бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига қарши курашиш, уларга йўл қўймаслик борасида қонун талабларини амалда таъминлаш бўйича қатъий чоралар кўриш бугунги кун талабидир.

Тараққиёт йўлига жиддий тўсиқ бўлиб, жамият ривожи, соҳалар юксалишига бевосита таҳдид туғдирадиган асосий иллат бу – коррупциядир. Шу боис мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидан эски тузум орқали ўтган асрда қонларга қўшилган бу дардга қарши кураш чораларини кучайтириш, уни таг-томири билан йўқотиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни янада мустаҳкамлашга жиддий эътибор қаратилиб келинди.

Бу борадаги ишларнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил 4 январида «Коррупцияга қарши кураш тўғрисида»ги қонун имзоланди ва кучга кирди.

Қонун коррупцияга қарши кураш соҳасида давлат сиёсатининг асосий йўналишларини келтириб ўтади.

Энди коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик асосида давлат ташкилотларида иш ташкил қилиб, истеъдодли кадрларнинг ўсишига тўсиқ бўлиш, жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг давлат томонидан қонун билан кафолатланган ҳолда берилган ҳуқуқларини бузиш, ўз вазифаси бўйича белгиланган мажбуриятларини бажаришни пайсалга солиб, таъмагирлик қилиш каби ҳолатларда бундай қабиҳликларни амалга оширганлар учун давлатнинг қатъий жазоси муқаррарлиги аниқ-равшан белгиланди.

Кучли фуқаролик жамияти сари қадам қўйиб бораётган Ўзбекистонимиз ҳаётида бу Қонуннинг амалга тадбиқ этилиши тараққиёт ривожига катта ҳисса қўшувчи омил бўлиши шубҳасиз.

Сардорбек ЮСУПОВ,

Жиноят ишлари бўйича

Улуғнор тумани суди Раиси