Андижон 24

КОРРУПЦИЯ: АНДИЖОН ВИЛОЯТИДА 22 НАФАР ШАХСГА НИСБАТАН ЖИНОЯТ ИШИ ҚЎЗҒАТИЛДИ


17.06.2019   5110

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кенг кўламли кураш олиб борилмоқда. Негаки бу "ижтимоий офат" давлат амалдорлари, сиёсатчилар, тадбиркорлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларини ҳам ўз комига тортиб олаётгани, миллий иқтисодни қўпоришга, ижтимоий барқарорликни издан чиқаришга, аҳолининг давлатга ишончини сусайтиришга олиб келаётгани соғлом фикрли ҳар бир инсонни ташвишга солиши табиий албатта.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновнинг “Андижоннома” газетасининг 2019 йил 15 июнь сонида чоп этилган “Жамият танасидаги дард - унга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш керак” сарлавҳали мақоласида шу хусусда атрофлича фикр юритилган, салбий ҳолатлар таҳлил қилиб берилган.

“Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармаси ва ҳудудий билимлари томонидан мазкур иллатнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, уларни бартараф этиш ҳамда олдини олиш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ишлар натижаларини таҳлил этсак, бундай жиноятларга нисбатан янада қатъий чоралар кириш зарурати юзага чиқади, - дейилади мақолада. - 2019 йилнинг ўтган даври давомида вилоятимизда коррупция жиноятига қўл урган 22 нафар шахсга нисбатан 19 та жиноят иши қўзғатилганлиги кишини ҳушёр торттиради. Энди мана шу жиноятлар кўрсаткичларини таҳлил қилайлик. Соғлиқни сақлаш соҳасида 6 нафар, маҳалла фуқаролар йиғини тизимида 3 нафар, таълим йўналишида 2 , банк тизимида 1 ва бошқа соҳаларнинг 10 нафар ходимларига нисбатан жиноят ишлари очилди. Бу рақамлар жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашни, коррупция қандай кўринишда билмасин, адолатсизликка йўл очаётганини, умуминсоний қадриятлар емирилишига замин яратаётганини кўрсатади”.