Андижон 24

КОРОНАВИРУСДАН «ХОЛИ» ҲУДУД. АДИРЛИКЛАРДА ҚУРИЛАЁТГАН МАССИВДАН ФОТОРЕПОРТАЖ


04.04.2020   7900

Йилнинг бошида Хўжаобод туманидаги Хидирша массивида 34 та беш ва етти қаватли уйлар бунёд этишга киришилган эди. Адирлик шароитида қад ростлаётган дастлабки уйларда бугунги кунда иш қизғин кетмоқда.

Уйсозлик ишларини “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси вилот филиали ҳамда соҳага ихтисослашган маҳаллий тадбиркорлик субъектлари томонидан олиб бориш белгиланган. 23 та илғор қурилиш ташкилотлари жалб этилган.

Аҳолиси ўта зич бўлган вилоятимиз шароитида адирликлардан фойдаланишдан ўзга имконият йўқ. Бу каби турар-жой массивлари Туркия ва Хитойда мавжуд. Замонавий махсус технологиялардан фойдаланиш уйларнинг мустаҳкамлигини, яъни 8 балли ер силкинишига дош берадиган даражани таъминлайди.

Микро (камида 100 хонадонли) ва макро (камида 200 хонадонли) массивлар ландшафт имкониятларидан келиб чиқиб, каскад усулида жойлаштириляпти. Турар-жой бинолари ташқи томондан энергия тежовчи қурилиш ашёлари билан қопланади. Уйларнинг ҳар бири ўзига хос дизайн ва ечимлар асосида қурилади.

17,4 гектарли майдонда махсус техника, шу жумладан кўтарма кранлар ишламоқда. Объектда 1000 нафар қурувчи банд. Илғор қурилиш ташкилотларидан “Комфорт люкс”, “Имкон қурилиш”, “Феррум декор”, “Яхшилик сари” каби масъулияи чекланган жамиятлари пешқадам бўлиб турибди.

-Битта беш қаватли ва битта етти қаватли уй қурмоқдамиз, - дейди “Анемон элит” МЧЖ раҳбари Улуғбек Маматқулов. - 45 нафар ишчимиз ниқоблар таққан ҳолда меҳнат қилмоқдалар. Уйга қатнаб ишловчилар автомашинада элиб қўйиляпти. Иш юритувчиЗоҳиджон Ўринов, бригадир Ҳалим Йўлбарсов, ғишт терувчилар Диёр Йўлдошев, Мамарасур Маманазаров, Зиёиддин Тиллаев иш унумини таъминламоқдалар.

Объектга кираверишда санитария пости ташкил қилинган.

-Эрталабдан келувчиларнинг иситмаси ўлчанади, ошхоналар, вақтинчалик ётоқлар уч мартадан дезинфекция қилинади, - дейди объектга бириктирилган Хўжаобод тумани санитария-эпидемиология осойишталиги маркази бўлими мутасаддиси Жавлон Давидов. – Ниқоблар, қўлқоплар билан таъминлаяпмиз.

Шу ернинг ўзида фаолият олиб бораётган қурилиш штабида барча масалаларга тезкорлик билан ечим топилмоқда. Мақола тайёрлаш мақсадида келганимизда штабда вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов бошчилигида ишларнинг сифати ва хавфсизлик масалалари яна бир карра назорат қилинаётган экан.

-Хонадонларнинг 270 таси ногирон, якка-ёлғиз аёллар учун ажратилган, 60 таси ҳарбий хизматчилар, миллий гвардия ва ички ишлар ходимларига мўлжалланган, қолганлари аҳолининг бошқа тоифаларига берилади, - дейди “Қишлоқ қурилиш инвест” инжиниринг компанияси вилот филиали директори Равшанбек Джабаркулов. – Уйларни мустақиллик байрамига битказиш режалаштирилган.

С. Шукуров.

З. Умрзоқов.