Андижон 24

КОРОНАВИРУС ВА ҚОНУНЧИЛИККА КИРИТИЛГАН ЎЗГАРТИШЛАР


16.04.2020   693

Коронавирус инфекцияси инсониятга жиддий таҳдид солибгина қолмай, балки барча давлатларнинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига хавф туғдирмоқда, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига сабаб бўлмоқда. Глобал иқтисодиёт тизимининг бир қисми бўлган Ўзбекистонга ҳам зарарли таъсири қилмоқда.

Маълумки, 2020 йилнинг 19 март куни Президентимизнинг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш буйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар туғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Молия вазирлиги ҳузурида 10 трлн. сўм миқдоридаги “Инқирозга қарши курашиш жамғармаси” ташкил этилди. Ушбу жамғарма маблағлари биринчидан, коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши курашиш бўйича соғликни сақлаш соҳасидаги тадбирларни молиялаштириш, иккинчидан, тадбиркорликни ва аҳоли бандлигини қўллаб- кувватлаш, учинчидан, аҳолини қўллаб-кувватлашни кенгайтириш, тўртинчидан, иқтисодиёт тармоқларининг барқарор фаолият юритишини таъминлашга йўналтирилади.

Муҳтарам Президентимиз раислигида жорий йилнинг 3 апрель куни коронавирус пандемияси келтириб чиқарган инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари буйича ўтган видеоселектор йиғилишида, “Бугунги кунда бутун дунё, инсоният мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Мамлакатимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда” деди.

Тошкент вилоятида 10 минг кишини қабул қилишга мўлжалланган карантин зонаси жадал суръатлар билан барпо этилмоқда. Унинг дастлабки бир қисмига хориждан келган 2 минг 200 дан ортиқ фуқароларимиз жойлаштирилди. Зангиота туманида 10 минг ўринли 2 та вирусология шифохонаси қўрилмоқда. Чет эллардан минглаб тест ва ҳимоя воситалари олиб келинди. Беморларни даволашга Жанубий Корея мутахассислари жалб этилган. Шифокорларимиз хорижий ҳамкасблари билан мунтазам видеомулоқот ўрнатишди. ОАВнинг барча тармоқлари орқали коронавирус эпидемиясига қарши кураш мавзусида тиббий-оммабоп, маънавий-маърифий мавзулар ёритилмоқда.

Коронавирус эпидемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида мамлакатимизда қисқа даврда бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлар ишлаб чиқилди.

“Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”гиҚонуни қабул қилинди.

Унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган 244-5 моддаси билан тўлдирилди. Ушбу модданинг иккинчи қисмида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни нашр қилиш ёки бошқача усулда кўпайтирилган матнда ёки оммавий ахборот воситалари, шунингдек, интернет бутунжаҳон ахборот тармоғи орқали тарқатганлиги учун оғирлаштирилган жавобгарлик кўрсатилиб, уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Шу билан бирга, Жиноят кодексининг санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик кўрсатилган 257-1 моддаси жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлар билан янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Унга кўра, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида Давлат санитария назорати органларининг тиббий текширувидан ва даволанишдан ўтиш, карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаслик одамларнинг оммавий қасалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёҳуд одамларнинг оммавий қасалланиши ёки заҳарланишига олиб келса, айбдор шахс бошқа альтернатив жазолар билан бирга беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Жиноятнинг жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлари сифатидаушбу қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш (2-қисм), агар айбдорнинг ўша қилмиши одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси билан жазоланади (3-қисм).

Агар чет эл тажрибасига эътибор қаратсак, ушбу қилмиш учун Италия, Испания, Франция каби давлатларнинг Жиноят кодексларида 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, Хитойда эса ўлим жазоси ҳам кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар айни вақтнинг зарурли талабидир. Кодекснинг “Маъмурий жазо” деб аталмиш учинчи боби “Маъмурий жазо ва мажбурлов чораси” этиб белгиланиб, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида тиббий йўсиндаги мажбурий чора қўллаш кўрсатилган29-2 моддаси билан тўлдирилди.

Унга кўра, ушбу шароитда санитария ва эпидемияга қарши курашиш коидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан тегишли тиббий асослар мавжуд бўлган тақдирда, давлат органлари томонидан карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги 30 суткагача бўлган мажбурлов чоралари қўлланиши мумкинлиги белгиланди. Ушбу тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг ижроси Давлат санитария назорати, ички ишлар ва Миллий гвардия органлари томонидан амалга оширилади.

Шу билан бирга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик кўрсатилган 54-моддаси янги таҳрирда ишлаб чиқилди. Ушбу модданинг биринчи қисмида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитида жамоат жойларида ниқобсиз юрганлик учун жавобгарлик кўрсатилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваригача миқдорда жарима солиш белгиланди.

Ушбу модданинг иккинчи қисмида эса, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши шароитидашифохонадаги ички тартибга риоя этмаслик ҳамда Давлат санитария органларининг тиббий текширувдан ва белгиланган жойларга етиб бориш ва ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарқ этмаслик, касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ёки бошқа қонуний талабларни узрли сабабларсиз бажармаслик учун жавобгарлик кўрсатилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача, мансабдор шахсларга эса юз бараваридан бир юз элликбараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шуни қайд этиш керакки, қонун ҳужжатларига мазкур ўзгартириш ва қўшимчаларкарантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ва тарқалиши ҳақида аҳоли орасида асоссиз ваҳима тарқалишининг олдини олиш; жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мутасадди идораларнинг нормал фаолият юритиши учун етарли шароит яратиш; юқумли касалликлар пайдо бўлиши ёки тарқалишининг олдини олишни амалга ошириш; санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш учун жавобгарлик ва жазо муқаррарлигини англаш мақсадларида киритилди.

Муҳтарам Президентимизнинг 3 апрелдаги мурожаатида миллатнинг отаси сифатида масъулиятни сезган холда ҳар бир инсон ва оилага меҳри ва эътибори билан чин қалбидан айтилган сўзларини яна бир бор таъкидлаб ўтиш зарур деб ўйлайман.

“Ишонтириб айтмоқчиманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб харакат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз” деди.

Ботир Матмуратов,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг

суд ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раиси