Андижон 24

КОРОНАВИРУС: ҲАР БИР ҲОЛАТНИ НАЗОРАТГА ОЛИШ ЗАРУР


13.07.2020   701

13 июль, душанба ҳолатига Андижон вилоятида коронавирус хасталигига чалинган беморлар сони 296 нафарии ташкил этди. Уларнинг икки нафари оғир аҳволда, саккиз нафари ўрта оғир ҳолатда.

Масаланинг муҳокамасига бағишланган йиғилишда касаллик аломатларига гумондор фуқароларнинг ҳисобни юритиш, аниқланганларини даволаш бўйича қўшимча чоралар ишлаб чиқилди. Бу борада вилоят санитария-эпидемиология осойишталиги маркази бошлиғи Дилмуроджон Набиев шундай изоҳ беради:

-Вилоятдаги барча дорихоналарга иситма дори сўраб мурожаат қилганларни қайд этиш дафтарини юритиш, ҳар бир ҳолат юзасидан шаҳар ва туманларда ташкил этилган штабларга хабар бериш топширилди.

Одатда юқори ҳароратнинг кўтарилиши кечга яқин ва тунда кузатилади. Бундай ҳолатда аҳоли “Тез ёрдам”дан ташқари маҳалласидаги врачлар, ҳамшираларга мурожаат қилишга одатланган. Шуни инобатга олиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларига ўз ҳудудидаги тиббиётчилар орқали вазиятни назорат қилиш вазифаси белгиланди.

Учинчи йўналиш - вилоятдаги мактабгача таълим муассасалари. Уларнинг ҳар бирида ҳамширалар штати бор. Ҳозирда боғчалар фаолият кўсатмайди. Демак тиббиёт ходимларига ҳам иситмалаган аҳолидан мурожаат тушиши мумкин. Бундай вазиятда бемор ҳақида маълумот бериш зарурлиги айтилди.

Бизнинг санитария-эпидемиология осойишталиги марказимизга тест ўтказиш бўйича кунига 1,5 - 2 минг атрофида мурожаат келиб тушади. Ишни жадаллатиш учун марказда таҳлил ўтказувчи қўшимча лаборатория ташкил этилди. Ҳудди шундай лаборатория ОИТС марказида ҳам очилди. Бу имкониятларимизни оширади. Юқоридаги тартиб жорий қилиниши натижасида коронавирус аломатларига гумон туғилган фуқаролар жойлардаги санитария-эпидемиология осойишталиги марказларига, тиббиёт муассасаларига мурожаат қилишлари учун имконият яратилди.

Шуни ҳам айтиб ўтиш зарурки, гарчи хасталик ҳаво-томчи йўли билан юқсада, аҳолиси зич вилоятимиз шароитида маиший даражадаги мулоқот натижасида юқиши кузатилмоқда. Демак, одамларимиз ижтимоий масофани сақламаяптилар, тиббиёт ниқобини тақмаяптилар. Вақтида алмаштириб турилганда ниқоб хасталикдан 85-90 фоизга ҳимоялайди.

Ҳурматли андижонликлар!

Жиддий вазиятга жиддий муносабатда бўлайлик. Белгиланган қоида ва талабларга қатъий амал қилайлик.