Бугуннинг гапи

КОРОНАВИРУС ИНСОН ОРГАНИЗМИДА ҚАНДАЙ АСОРАТЛАР ҚОЛДИРАДИ?


11.07.2020   1486

“COVID-19”ни бошидан кечирган айрим беморларда ушбу касаллик белгилари, ҳатто тузалганидан бир неча ой ўтсада, йўқолмаслиги мумкин экан. Бу хулосани Гарвард университети профессори Тобиас Курт берган.

«Шундай пациентлар борки, уларда вирус белгилари умуман пайдо бўлмайди, табиийки қатор, жумладан ўпка билан боғлиқ муаммоларни ҳис этадиган беморлар ҳам кўп учрайди. Масалан, айрим ёш беморлар ҳам хасталик ўтиб кетгандан кейин бир неча ойгача жисмоний тарбия билан шуғуллана олмайдилар», — дея ўз фикрига аниқлик киритган олим.

Курт яна шуни таъкидлаганки, ҳозирча ушбу вирусни тўлиқ ўрганиб чиқишга улгурилгани йўқ. “COVID-19”ни енгиб ўтганларда саломатликка оид муаммолар сурункали кўриниш оладими ё вақт ўтиши билан йўқолиб кетадими, бу ҳақда тадқиқотчилар кейинроқ ишонч билан хулоса чиқаришлари мумкин.

Аввалроқ британиялик шифокорлар SARS-CoV-2 вирусига дуч келган беморлар соғлигида узоқ вақт муаммолар кузатилиши мумкинлигини айтишганди. Хусусан, коронавирусдан даволаниб чиққан кишилар ўпка фаолияти етишмовчилиги, сурункали чарчоқ, руҳий тушкунлик ва асаб тизимидаги муаммолардан азият чекиши таъкидланганди.

Манба: УзА.