ЖАМИЯТ

ҚОРАТЕПАЛИКЛАРНИНГ ЭНДИ БАРЧА ҚУЛАЙЛИКЛАРГА ЭГА БОЗОРИ БОР


12.09.2019   2068

Бугун вилоятимизнинг қай ҳудудига борманг олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари қишлоғу маҳаллаларнинг янада кўркамлашувига хизмат қилмоқда. Энг чекка қишлоқларда ҳам жойлашган деҳқон бозорларида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари эса нафақат тадбиркорларнинг, балки аҳоли вакилларига ҳам қулайликларни яратмоқда.

Асака туманининг Қоратепа қишлоғи, Гумбаз маҳалласи жойлашган. “Қоратепа деҳқон бозори” бир неча йилдан буён фаолият олиб бораётган бўлсада, кўримсиз ҳолатда бўлган. Қишлоқдаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган 25 мингдан ортиқ аҳоли қишда лой, ёзда чанг ичида олди-сотди қилган. Бозорда савдо-сотиқ учун павильон ёки расталар бўлмагани сабабли деҳқонлар ўз томорқасида етиштирган мева-сабзавотларини ерда ўтириб сотиб кетишга мажбур эди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Андижон вилоят бош­қармаси, туман бўлими, Вилоят бозорлари ва савдо комплекслари уюшмаси ҳамда туман ҳокимлигининг амалий кўмаги билан жорий йил бошидан бошлаб, бозорда тўлиқ таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Янги расталар қурилиб, замонавий бозор барпо этилди.

Олдинлари ушбу бозорда санитария ва эпидемиология, ветеринария хизматлари талаб даражасида бўлмаган. Яъни маҳсулотлар сифатини таъминлаш, сифатсиз маҳсулотларнинг бозорга киришини чеклаш бўйича аниқ лаборатория жиҳозлари етишмаган. Бугун эса нафақат бозорнинг ободлигига, балки савдо жараёнида санитария ва эпидемиология назоратини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, бозорга келган харидор ва меҳмонларнинг хавф­сизлигини таъминлаш мақсадида кузатув камералари ҳам ўрнатилди.

Бозор ҳафтанинг чоршанба куни фаолият кўрсатади. Бу ерда 300дан ортиқ деҳқон, томорқа ер эгаси, тадбиркор савдо қилади. Ўша куни ўртача 4-5 минг нафар харидор ташриф буюради.

Куни кеча ушбу бозорнинг очилиш маросими ўтказилди. Вилоят, туман ҳокимликлари, фаоллар иштирок этган тадбирда халқни рози қилиш учун юртимизда олиб борилаётган ислоҳотлар ўз мевасини бера бошлагани, аҳоли яратилаётган шароитлардан мамнун эканликларини таъкидланди.

- Қишлоғимизда бозорнинг обод бўлиши ёшу қарини бирдек хурсанд қилмоқда, - дейди меҳнат фахрийси Абдукарим Абдуғофуров. - Айниқса, янги расталарнинг қурилиши, бозор атрофидаги автотураргоҳ майдонининг таъмирланиши, нафақат тадбиркорлар, балки харидорлар учун ҳам кўп қулайликлар яратади. Энди ердаги тартибсиз олди-сотди ишлари бартараф этиладиган бўлди.

Қайд этиш лозимки, жорий йил октябрь ойига қадар режага асосан Булоқбоши туманидаги Кулла, Избоскан туманидаги Чувама ва Лўғумбек, Пахтаобод туманидаги Маданият, Балиқчи туманидаги Эски Ҳаққулобод, Шаҳрихон туманидаги Назармаҳрам қишлоқларидаги савдо шаҳобчалари ҳам олиб борилаётган қурилиш ишларини якунлаб, фойдаланишга топшириш белгиланган.

Вилоят бозорлари ва савдо комплекслари уюшмаси матбуот хизмати.