Бугуннинг гапи

Қонунчиликдаги янгиликлар: ҲАЙДОВЧИ, ЎЗ ВАҚТИДА МАЛАКА ОШИРИШНИ УНУТМАНГ!


07.06.2019   1758

Жорий йилнинг 2 май санасида Ўзбекистон Республикаси Президенти «Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят – процессуал кодексларига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Қонунни имзолади.

Қонунга мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 135-моддасига қўшимча киритилди. Унга кўра юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати ёнида бўлмаган ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқариши энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида жарима солинишига сабаб бўлади. Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолган гувоҳнома ўрнига бошқасини бериш ҳолларини истисно қилган ҳолда, гувоҳнома олинган пайтдан эътиборан икки йиллик давр бундан мустасно этиб белгиланди. Юқорида кўрсатилган қушимчалар, Қонуннинг расмий эълон қилинган кунидан уч ой ўтганидан сўнг, яъни 2019 йилнинг 4 августидан бошлаб амалда қўлланилади. Шу муносабат билан вилоятимиздаги барча юридик шахсларга тегишли хайдовчиларни юқоридаги қарор асосида малака ошириш курсларини ўз вақтида якунлаб, тегишли сертификат билан таъминланишлари мақсадга муофиқдир.

Кейинги йилларда юзага келаётган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлили ҳамда йўл ҳаракати қоидаларига киритилаётган ўзгартиришлар доимий равишда ҳайдовчилар малакасини ошириб боришга эҳтиёж туғдирмоқда. Иш кунига қадар марказимизда вилоятимиздаги минглаб юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситалари ҳайдовчилари ўз малакаларини ошириб, тегишли сертификат билан таъминландилар. Бир ҳафта давомида кечадиган дарс жараёнларида ҳайдовчилар билан бирга иш олиб борилади. Дарс жараёнининг янада қизиқарли ўтишини таъминлаш учун машғулотлар анимацион 3D роликлар ёрдамида, замонавий ахборот технолгиялардан фойдаланилган ҳолда олиб борилмоқда. Ўз вақтида малака оширган ҳайдовчиларимиз эса йўл ҳаракати қоидалари борасидаги билимларини янада мустаҳкамлаб, ўзига бўлган ишончи янада ортмоқда. Зеро, йўл ҳаракати қоидаларини пухта билиш ҳар биримизнинг хавфсизлигиз гаровидир.

Жаҳонгир ЭГАМНАЗАРОВ,

«Avtotest Andijon» ўқув маркази директори.