ЖАМИЯТ

КОНСТИТУЦИЯ - ТИНЧЛИК, БАРҚАРОРЛИК ВА ТАРАҚҚИЁТ КАФОЛАТИ


10.12.2018   1550

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича қабул қилган ҳаракатлар стратегиясида юртимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва Қуролли Кучларимизни ривожлантиришни устувор йўналишларидан бири сифатида белгилангани, аввало, ташқи сиёсатимизнинг мослашувчанлиги ва очиқлиги, қўшниларимиз билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантириш, Ватанимиз мустақиллиги ва суверенитетини сақлаш энг устувор вазифа экани ҳақидаги принциплар асосида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси янгиланган ҳолда қабул қилинди.

2017 йилда Миллий гвардия Мудофаа саноати бўйича давлат қўмитаси ташкил этилди, ҳарбий округларнинг таркибий тузилиши ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди, қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, уларни босқичма-босқич замонавий қурол-яроғ ва техника билан таъминлаш бўйича муҳим қадамлар қўйилди, мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, армия ва халқ бирлигини таъминлаш борасида жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ролини ошириш бўйича ишлар бутунлай янги сифат босқичига кўтарилгани, ҳар бир ҳудудда ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Уларга бевосита раҳбарлик қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари зиммасига юкланди.

Униб-ўсиб келаётган ёш авлод қалбида мустаҳкам ҳаётий позиция ва Ватанимиз тақдири учун юксак масъулият туйғусини шакллантириш мақсадида ватанпарварлик тарбияси соҳасида моҳият эътиборига кўра ноёб тизим яратилиб, унинг доирасига мамлакатимиз аҳолисининг кенг қатламлари қамраб олинганлигини, Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши ва Қуролли Кучлар тизимида унинг бирламчи тузилмалари фаолияти йўлга қўйилиши мамлакатимизда ёш авлод манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати самарадорлигини оширишга қаратилган саъй-ҳаракатларимизнинг мантиқий давоми бўлди.

Мустақиллик йилларида Конституция асосида миллий хавфсизлигимизни таъминлашнинг ташкилий-ҳуқуқий тизимини шакллантирувчи қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва ҳаётга самарали татбиқ этиб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Мудофаа доктринаси, Давлат хавфсизлик концепцияси ҳамда бир қатор бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳам қабул қилинди. Улардан «Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарада»ги, «Мудофаа тўғрисида»ги, «Фуқаро муҳофазаси тўғрисида»ги, «Терроризмга қарши кураш тўғрисида»ги, «Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар резервидаги хизмат тўғрисида»ги қонунларни ҳамда Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолияти концепциясини алоҳида келтириб ўтиш ўринли. Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, аҳолининг тинч ҳаёт кечириши ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бошқа бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан бирга, жамиятдаги барқарорликни мустаҳкамлаш ҳамда фуқаролар ва давлат хавфсизлигини таъминлашда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Шу ўринда Асосий қонунимизда белгиланган, миллий хавфсизлигимизни, мудофаа салоҳиятимизни таъминлашга қаратилган айрим боб ва моддаларга тўхталиб ўтсак. Масалан, мустақиллигимизни сақлаш ва ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган Конституциямизнинг 26-боби «Мудофаа ва хавфсизлик» деб номланади. Ушбу бобнинг 125-моддасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яҳлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади» деб белгиланган.

Конституциянинг 126-моддасида Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада қуролли кучларига эга эканлиги ифода этилган.

Андижон ҳарбий прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституция қабул қилинганлигининг 26 йиллиги муносабати билан унинг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадида ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилиб келаётган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари, Андижон вилоятидаги чегараолди ҳудудларида яшовчи фуқаролар иштирокида учрашувлар, суҳбатлар ва бошқа тарғибот тадбирлари ташкил қилинмоқда. Ўтказилган тадбирлар оммавий воситалари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда изчил ёритиб борилмоқда.

Хулоса ўрнида таъкидламоқчиманки, Асосий Қонунимиз Ўзбекистон давлатчилигининг шаклланиши ва ривожланишига, жумладан, мамлакатимизда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшиб келмоқда.

Алишер ҚУРБОНОВ,

Андижон ҳарбий прокурорининг ёрдамчиси

адлия майори.