Андижон 24

КОММУНАЛ СОҲАДА ОНЛАЙН НАЗОРАТ ТИЗИМИ ТАТБИҚ ЭТИЛМОҚДА


30.06.2020   2275

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигида “Smart qurilish” ахборот тизими амалиётга татбиқ этилмоқда.


Маълумки, кейинги йилларда ичимлик суви, оқова сув хизматлари ва иссиқлик таъминоти инфратузилмасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, 2020 йилда 1,4 триллион сўм давлат бюджети, 144,6 миллион доллар халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан 500 дан ортиқ ичимлик суви, оқова сув хизматлари ва иссиқлик таъминоти объектлари қурилмоқда ва реконструкция қилинмоқда.

Айни пайтда, соҳада амалга оширилаётган қурилиш ишларининг сифатини назорат қилиш, лойиҳалаштиришдан бошлаб фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнлар мониторингини юритиш ва шаффофлигини таъминлаш каби масалалар муҳим ахамият касб этмоқда.

Ушбу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш учун вазирлик томонидан малакали дастурчи мутахассисларни жалб қилган ҳолда “Smart qurilish” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, тест режимида синовдан ўтказилиши бошланган эди. Бу эса соҳада амалга оширилаётган қурилиш ишларининг шаффофлигини таъминлаш билан бир қаторда коррупциянинг олдини олиш ва бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади.

Бугунги кунда вазирлик буюртмачилигида амалга оширилаётган лойиҳаларга оид маълумотлар рақамлаштирилган ҳолда “Smart qurilish” ахборот тизимига жойлаштирилган. Унинг яна бир муҳим жиҳати лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида тасдиқланган режа-жадваллар ва имзоланган шартномаларда белгиланган ишларнинг ижро муддатлари яқинлашган ёки кечиктирилганда тизим орқали масъул ижрочилар ҳамда мутасадди раҳбарлар мунтазам хабардор қилинади. Бу эса лойиҳачи, буюртмачи ва пудратчи ташкилотларнинг масъулиятини ошириш, юзага келган муаммоларни тезкорлик билан бартараф этиш ва объектлар ўз вақтида фойдаланишга топширилишини таъминлайди.

Бундан ташқари, ушбу ахборот тизими лойиҳа ташкилотлари, буюртмачи ва инвесторлар ва бошқа қурувчи-пудрат корхоналарига бир қатор қулайликлар яратди. Жумладан, буюртмачи ва назорат қилувчи ташкилотларга қурилишнинг ҳар бир босқичида амалга оширилган ишларни сифати ва ўз вақтида бажарилганлигини онлайн режимида назорат қилиш ва мониторингини юритиш имконини беради. Авваллари “қоғоз” кўринишида бўлган қурилиш жараёнида бажарилган иш ҳажмини тасдиқловчи ҳужжатлар бугунги кунда тизим орқали электрон шаклда, фотосуратлар билан тақдим этилмоқда ва маълумотлар базасида сақланмоқда.

Дастурнинг “Monitoring” тизими ёрдамида қурилиш жараёнида иштирок этувчи барча ташкилотларнинг фаолияти техник назоратчи томонидан кузатиб борилади.

Хозирда “Smart qurilish” дастурий таъминоти ёрдамида онлайн тарзда шаффоф тендер савдоларини ўтказиш имкониятини берувчи “Tender” тизимини ишлаб чиқиш бўйича ишлар якунланмоқда. Бунда, буюртмачи ва тендерда иштирок этувчи пудратчи-қурувчи ташкилотлар билан масофадан туриб ишлар ташкил этилади. Тендерда иштирок этиш истагини билдирган пудратчи-қурувчи ташкилотлар тизим орқали тендер хужжатларини тайёрлаш учун лойиҳа тўғрисидаги тегишли маълумотлардан фойдаланиб, онлайн тарзда тендерда иштрок этади.

– Дастурий таъминотнинг муҳимлиги буюртмачи ва пудратчи ўртасидаги ўзаро қурилиш бўйича молиявий ҳисоб-китоб операцияларини онлайн тарзда амалга ошириш имконияти мавжудлигида номоён бўлади, – дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Алипаша Аҳмедов. – Шу боис “Smart qurilish” дастурий таъминотининг “Billing” тизими ҳам жорий этилмоқда.

Жорий этилаётган “Smart qurilish” дастурий таъминоти жойларда самарали ишлашини таъминлаш мақсадида ушбу дастурий таъминот билан ишловчилар учун махсус тренинг-машғулотлари ўтказилди.

Манба: УзА.