Андижон 24

КОММУНАЛ ХИЗМАТЧИЛАР ЭНДИ КАСБ-ҲУНАР МАКТАБЛАРИДА ТАЙЁРЛАНАДИ


07.07.2020   4331

Андижон шаҳридаги 4-сон касб-ҳунар мактаби Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Профессионал таълим тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан Андижон Банк коллежи негизида ташкил этилган.

720 нафар ўқувчиларга касб-ҳунар ўргатишга мўлжалланган муассасада умумтаълим мактабларини 9-синфини тамомлаган ўқувчилар банк назоратчиси, рақамли ахборотларни қайта ишлаш устаси, якка тартибдаги кийим тикувчиси, агробизнес ва маркетинг агенти, меҳмонхона хўжалиги мутахассиси, сартарош (модельер), ошпаз ва қандолатчи, сотувчи назоратчи кассирлик йўналишлари бўйича таълим олишлари мумкин.

Ўтган ҳафтада вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ушбу мактабга ташриф буюриб, муассасада олиб борилаётган янги ўқув йилига тайёргарлик жараёнлари, ўқувчилар учун яратилаётган шарт-шароитлар билан танишган эди.

Ўшанда вилоят раҳбари мактабда ўқитиладиган йўналишлар бугунги кундаги кадрлар етишмовчилигини оз бўлсада тўлдиришини айтиб, шаҳар аҳолиси томонидан қилинаётган мурожаатлар ва мавжуд муаммоларнинг аксарияти коммунал соҳага тегишли эканлигини, бунинг учун ана шу йўналишлар бўйича ҳам заҳира кадрларни тайёрлаш лозимлигини билдирганди.

Мазкур топшириқлардан келиб чиқиб, вилоят ҳокими ташаббуси билан мактаб қошида намунавий тарзда коммунал тизимларини таъмирлаш ва тиклаш йўналишлари бўйича қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилиши белгиланди.

Топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи мактабда коммунал соҳа мутахассисларини тайёрлашга мўлжалланган хоналар билан танишди. учрашув давомида мактаб маъмурияти билан келгусида ушбу йўналишлар бўйича курсларни тамомлайдиган тингловчиларни бандлигини таъминлаш бўйича ҳам келишиб олинди.

- Айни пайтда тасарруфимиздаги «Таъмирлаш-тиклаш хизмати» давлат унитар корхонаси томонидан кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолига 20 дан ортиқ хизматлар кўрсатилмоқда, - дейди бошқармаси бошлиғи Машъалбек Таджибаев. – Шунга муносиб тарзда мурожаатлар сони ҳам кундан кунга ортиб бормоқда. Тегишли йўналишлар бўйича ходимларнинг етишмаслиги эса айрим мурожаатларга ўз вақтида жавоб беришда қийинчиликлар вужудга келмоқда. Ўқув курсларининг ташкил этилиши кадрлар заҳирасини тўлдириш билан бирга муаммоларни ўз вақтида барҳам беришга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз. Мўлжалимиз бўйича ҳозирнинг ўзида маиший техникалар ва бошқа тизимларни ўрнатиш, таъмирлаш ва тиклаш учун ўндан ортиқ мутахассисни ишга олиш зарурияти бор.

Андижон вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси ахборотхизмати.