Андижон 24

Комил Алламжонов: МАНСАБДОРЛАРНИНГ ЖУРНАЛИСТЛАРГА НИСБАТАН НОҚОНУНИЙ ХАТТИ-ҲАРАКАТЛАРИДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ ТИЗИМИ КУЧАЙТИРИЛАДИ


18.12.2019   2816

Давлатимиз раҳбари туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган нормани бекор қилиш, журналистларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний ҳаракатлари ёки қарорларидан ҳимоя қилиш бўйича топшириқлар берди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган қарор имзолади. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган қарор имзоладилар.

Ҳужжатда Агентлигимиз зиммасига ҳам бир қатор муҳим вазифалар юклатилган. Хусусан:

- туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган нормани бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади;

- суд тизимида шаффофликни ва жамоатчилик назоратини янада кучайтириш мақсадида журналистлар ва фуқароларнинг очиқ суд мажлисларида иштирок этиши, судларнинг веб-сайтлари ва матбуот котиблари ишини яхши ташкил қилиш бўйича Олий суд Пленумининг қарори қабул қилинади;

- ҳамон оғир аҳволда қолаётган босма нашрлар борасида — давлат органлари муассис бўлган босма ОАВларини кучайтириш, таҳририят ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлашни яхшилаш ҳамда босма нашрлар веб-сайтларини ривожлантиришга қаратилган Ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади;

- «Телерадиоэшиттиришлар тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилади ва «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонунга ўзгартишлар киритилади. Шу жумладан, теле- ва радиостанцияларга лицензия бериш жараёни соддалаштирилади ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг журналистларга нисбатан ноқонуний хатти-ҳаракатлари ёки қарорларидан ҳимоя қилиш тизими кучайтирилади;

- Ўзбекистондаги барча давлат органлари фаолиятининг очиқлигини, уларнинг ОАВ билан алоқаларини кучайтириш бўйича чоралар ишлаб чиқамиз.

Ушбу қарор мамлакатимизда қонун устуворлиги ҳамда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш йўлидаги, уларни янги босқичга олиб чиқадиган муҳим ва дадил қадам бўлади. Бу аснода Агентлигимиз зиммасига юклатилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажарилиши таъминланади.

Манба: Кун.уз