Андижон 24

КОМБАЙНЛАР МАВСУМГА ШАЙ


25.05.2020   2424

Миришкорлар эртага қилинадиган ишга барвақт тайёргарлик кўришга одатланишган. Бу ғаллакорлар меҳнатига ҳам тегишли.

Кўпчиликнинг ҳаракати билан минглаб гектар ғаллазорларда мўл ҳосил етиширилмоқда. Бошоғи бўлиқ буғдой поялари тилла рангга киряпти. Ҳадемай ўримга киришилади. Шаҳрихон агросервис машина-трактор парки жамоаси 18 та “Кейс”, “Класс” русумли комбайнларни мавсумга шайлаб бўлдилар. Фермер хўжаликлари ихтиёридаги 2 та комбайннинг техник қарови сифатли бажарилди.

- 6 минг 775 гектар ғаллазорда ўрим ўтказамиз, - дейди машина-трактор парки директори Ўткирбек Сулаймонов. – 20 та ўрим-йиғим отрядига малакали мутахассис-раҳбарлар бириктирилди. Ҳар бир отрядда 10 тадан “Камаз” машиналари хизмат кўрсатади. Бош ва ёрдамчи операторлар, механиклар биргаликда иш юритишади. Кўчма устахона фаолият кўрсатади.

Мамлакатимиз Президентининг Андижонга ташрифи барчани қўллаб-қувватлаб айтган йўл-йўриқлари бизни руҳлантирди. Масъулиятни янада оширди.

Шаҳрихоннинг буғдойзорлари баракали ҳосилдан дарак бериб турибди. Бошоқларда элнинг рисқ-рўзи намоён бўлаётир. Юртбошимизнинг Андижон деҳқончилик мактабига берган тарифи ҳаммани янада ғайрат-шижоат билан иш юритишга ундади. Саноқли кунлардан сўнг янги мавсум хирмонларига ҳосил тўкилади. Баракасини берсин.

Аҳмадилло СОЛИЕВ.

Суратларда: Шаҳрихон агросервис машина-трактор парки фаолиятидан лавҳалар.

Хурсандбек АРАББОЕВ олган суратлар.