Бугуннинг гапи

КОЛЛЕЖДА НАФОСАТ БАЙРАМИ


07.03.2019   187

Аёл... У, аввало, мўътабар она, меҳрибон опа-сингил, суюкли ёр. Ҳар қандай чиройли таърифу тавсиф унинг учун кам. Андижон саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежида 8 март-Халқаро хотин-қизлар куни байрами муносабати билан “Онага ҳурмат-Ватанга ҳурмат”деб номланган тадбирда ана шу фазилат кишилари улуғландилар.

Талаба қизлар “Нафосат маликалари” танловида беллашдилар. Ўзларининг одоб-ахлоқи, кийиниш маданияти, пазандалик маҳоратларини синовдан ўтказдилар. Ижодий чиқишларида аёл, она, Ватан мадҳини тараннум этдилар. Байрам муносабати билан фахрий онахонлар таклиф этилди. Коллеж директори Наргизахон Абдупаттоева хотин-қизларнинг оила ва ижтимоий ҳаётдаги ўрни тобора юксалиб бораётгани, ишлаб чиқариш, илм-фан, тадбиркорлик, ҳунармандлик, санъат ва спорт соҳаларда улкан ютуқларга эришаётганликларини таъкидлади.

Коллежнинг йигитлари томонидан тайёрланган саҳна кўринишлари, ижро этилган куй-қўшиқлардан устоз аёллар ва баҳор янглиғ очилган, ял-ял ёнаётган қизлар завқландилар. Бор нафосатию фазилати, гўзаллигу назокати билан фаол бўлган иштирокчилар муносиб тақдирландилар. Тикувчи қизларнинг “Асл либослар” модалар намойиши ўтказилди, байрамона безатилган ширинликлар тарқатилди.

Гўзаллик ва нафосат байрамида самимий дил изҳорлари мушоираларга уланди.

Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА,

Азаматжон Тошматов олган сурат.