ЖАМИЯТ

ҚОБИЛИЯТ ВА ИМКОНИЯТ


27.05.2019   1297

Избоскан туманидаги 11-мактабгача таълим муассасасидаги 5 оммавий ва 2 қисқа муддатли гуруҳда 160 нафардан ортиқ болажонлар таълим ва тарбия олмоқдалар.

Ёш авлод тарбиясида миллий анъаналар, урф-одат ва Ватанни англаш тушунчаларининг уйғунлиги муҳим аҳамият касб этади. Ана шу узвийликни 9 нафар педагог тарбиячи ўзига хос ёндашув билан амалга оширмоқда. Тажрибаларни оммалаштириш мақсадида тумандаги мактабгача таълим бўлимларининг мудиралари, тарбиячи ва педагоглари иштирокида семинар ташкил этилди. 5 та муҳим ташаббус асосида олиб борилаётган ишларга эътибор қаратилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

- 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлаш мақсадида машғулотлар инглиз, рус тилларида олиб борилаётгани таълимнинг эътиборли жиҳатларидан, - деди туман мактабгача таълим бўлими шўъба раҳбари Маҳфуза Эртоева. - Болаларни спортга жалб этиш даражаси ёш гимнастикачи қизларнинг маҳоратли чиқишларида намоён бўлди. Китобга бўлган қизиқишини оширишда тарбияланувчилар иштирокидаги саҳна кўринишлари рағбат тариқасида баҳоланди.

Шунингдек, иштирокчилар 3-мактабгача таълим муассасасида 150 нафар боланинг давр талабига мос тарбияланишлари учун яратилган шароитлар бефарқ қолдирмади. Боғчада билим бериш болаларнинг қизиқишларига қараб гуруҳларга бўлинган ҳолда ташкил этилаётганлиги ютуқларга пойдевор бўляпти.

5 ёшли Моҳирахон оппоқ халат кийиб, тенгдошининг соғлиғини сўраётганлигидан шифокорликка қизиқиши борлигини англаш мумкин. Тоҳиржон бино расмини чизмоқда. Демак, маҳобатли ва замонавий иншоотларнинг дизайнини яратувчи меъмор бўлади. Собиржон ўртоқларига глобусни кўрсатиб, нималарнидир тушунтирмоқда. Унинг ҳам, албатта, юрт корига камарбаста фарзанд бўлиб вояга етиши шубҳасиз.

Маскан ҳовлиси гавжум. Айни вақтда болаларнинг бир гуруҳи ҳаракат хавфсизлиги майдончасида автомобиль ҳайдовчиси, бошқаси йўловчи тариқасида қоидаларни ўрганишмоқда. Бу йўл-транспорт ҳодисаси билан боғлиқ холатларнинг олдини олишга хизмат қилади. Иккинчи гуруҳда қизларни ҳаётга, оилага бўлган меҳрини ошириш бўйича машғулот ўтилаётир. Кейингисида Ватанимиз байроғини юқори кўтаришга қодир келажак спортчилари машғулотларда иштирок этмоқдалар. Албатта, 5 муҳим ташаббус бераётган имкониятлар эртанги кунга ишонч билан ҳаракат қилишга ундайди. Шу билан бирга фарзандларимизнинг қобилиятларини юзага чиқаришга хизмат қилади.

Жаҳонгир Содиқжонов.