Ўзбекистон

Клиплар «чиғириқ»дан ўтказилади


09.01.2018   501

“Ойнаи жаҳон” орқали айрим хонандаларнинг қўшиқларига ишланган ажабтовур клипларни кўриб энсамиз қотарди. “Наҳотки ТВдагилар, бошқа мутасаддилар буни кўрмаган бўлишса? Қўшиқ матнига умуман “ёпишмаган” бунақанги клиплар мухлисга нима беради? Эссиз кетган пул, эссиз кетган вақт, эссиз санъат...” дея афсусланганимиз бор гап. Янги йилдан эътиборан клип борасидаги нохуш қилиқларга барҳам бериладиган бўлди.


«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ҳузурида 2018 йилдан бошлаб клиплар фаолиятини ташкил этиш бўйича бадиий кенгаш тузилади. Бу ҳақда мазкур муассаса раҳбари Одилжон Абдуқаҳҳоровнинг маълумотига асосланиб, UZ24 хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ҳар бир хонанда қўшиққа клип ишлашдан аввал унинг сенарийсини бадиий кенгаш аъзолари назоратидан ўтказиши керак бўлади.

Дейлик, клип сценарийси наридан бери, мазмунсиз бўлса нима бўлади? Бу хусусда Одилжон Абдуқаҳҳоров қуйидагиларни таъкидлаган:

“Клип мазмун моҳияти маъқул келсагина уни ишлашга рухсат берилади. Шуни таъкидламоқчиманки, хонандаларнинг клиплари хусусидаги қўйилаётган бу вазифаларнинг барчаси санъатимиз нуфузини кўтариш, хонандаларимизнинг шаънига доғ туширмаслик мақсадида қилинаётган хайрли ишлардир”.