Иқтисодиёт

Қирғизистонлик тадбиркорлар


04.10.2017   970

Андижон орқали Тошкентга йўл олдилар

Амалдаги йил мамлакатимиз тарихида катта из қолдирадиган воқеаларга бой бўлмоқда. Иқтисодий тармоқларнинг ривожланиши, тадбиркорликни қўллаб-қувватланиши, қўшни давлатлар билан яқин алоқаларнинг мустаҳкамланиши халқимиз ҳаётида муҳим ўзгаришлар ясамоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида бўлиб ўтган олий даражадаги мулоқотнинг давоми сифатида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш, минтақавий ва халқаро сиёсатнинг долзарб масалалари бўйича фикр алмашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Қирғизистон Республикаси Президенти Алмазбек Атамбаев шу йилнинг 5-6 октябрь кунлари давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлади.

Давлат раҳбарлари Тошкент шаҳрида ўтадиган Ўзбекистон ва Қирғизистон саноат кўргазмасига ташриф буюрадилар. Куни кеча унда Қирғизистон Республикасидан иштирок этадиган тадбиркорлар Хўжаобод туманидаги “Дўстлик” божхона чегара мажмуасида тантанали тарзда кутиб олинди. Савдо - саноат палатаси вице президенти Ўрозбек Эргашев шундай дейди:

- Кўргазмада Қирғизистон Республикасидан 120 дан ортиқ тадбиркор ва ишбилармонлар иштирок этади. Мамлакатимиз ишлаб чиқарувчиларининг 42 дан зиёд экспонатлари ярмаркага қўйилади. Шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш юзасидан шартномалар тузилиши кўзда тутилмоқда.

Делегация аъзолари Хўжаобод туманидаги “Тошкент вино комбинати” акциядорлик жамияти, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва “Навигул” қўшма корхонаси ҳамкорлигидаги “FRUIT INDUSTRIES” қўшма корхонасида бўлдилар. Бу ерда ташкил этилган замонавий технологиялар асосидаги иссиқхона, мева-сабзавотларни қайта ишлаш, қуритиш, сақлаш жараёнлари билан яқиндан танишдилар.

- Савдо-сотиқ ишлари билан шуғулланман, - дейди Жалолобод шаҳридаги “Рубин” хусусий корхонаси раҳбари Бакир Маҳмудов. - Хўжаобод туманидаги иссиқхоналарни кўрдик. Замонавий бўлиш билан биргаликда қулай, илғор технологиялар жорий этилган экан. Меваларни қуритиш, қайта ишлаш, сақлаш цехлари ҳам бугунги кун талабларига тўла жавоб беради. Мана шундай завод, фабрикалар билан ҳамкорлик қилиш мақсадида келдик. Икки давлат раҳбарлари учрашуви доирасида ўтказиладиган саноат кўргазмасида биз ҳам иштирок этамиз. Фарғона водийсига электр поезди қатновининг йўлга қўйилиши иқтисодий ҳамкорлигимизнинг янада кенгайишига хизмат қилади, деган умиддаман.

Меҳмонлар текстил корхоналаридаги ишлар билан танишдилар. Корхонага калава ип кириб келиб, тайёр маҳсулот бўлиб чиқиб кетиш жараёнини кузатдилар.

-Ўзбекистонга биринчи маротаба келяпман, - дейди Боткен шаҳридан тадбиркор Ойбек Ражапов. – Мамлакатингизда саноат, иқтисодиётнинг ривожланганини телеканалларда берилаётган кўрсатувлар орқали кўрар эдик. Бугун Хўжаободда фаолият олиб бораётган корхоналарда биз кутгандан ҳам катта ишлар амалга оширилганидан далолат бериб турибди. Ҳамкорлик қилишга арзийдиган муҳим жиҳатларнинг кўплиги мени янги бизнес ғояларни режалаштиришга ундамоқда.

Андижон шаҳри бўйлаб уюштирилган саёҳат давомида диққатга сазовор жойлар ва бунёд этилаётган иншоотлар делегация аъзоларида катта таассурот қолдирди. Кўргазма олдидан Андижон вилоятидаги учрашув Боткен вилояти Тўртош шаҳри мэрияси бўлим бошлиғи Абдубаннон Қўлдошевга ҳам кўтаринкилик бахш этди.

-Андижон жуда ҳам гўзал экан. Меҳмондўстлик, хушмуомилалик мени тўлқинлантирди. Мана шундай яхши кунларни кутиб яшадик. Бу тарихий воқеликни кўриб турганимдан ва гувоҳига айланганимдан жуда мамнунман. Замонамиз, элимиз тинч, икки халқ бир - бирига камарбаста бўлсин.

Меҳмонлар “Андижон-Тошкент” тезюрар электропоезди билан пойтахтимизга кузатиб қўйилди. Улар икки кун давомида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган кўргазмада иштирок этиб, икки халқ тадбиркорлари учун хизмат қиладиган муҳим шартномаларни имзолайдилар.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ.

Муаллиф олган суратлар.