Бугуннинг гапи

Қирғизистонлик олимлар Андижонга келишди


08.02.2018   285

Ўзбек ва қирғиз халқлари азалдан қардош ва жондош саналади. Кейинги вақтда Ўзбекистон ва Қирғизистон давлатлари ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик ришталари янада юқори поғоналарга кўтарилди. Ҳар икки қардош мамлакат ўртасидаги муносабатларда нафақат сиёсий, иқтисодий масалалар, балки илм-фан борасида ҳам сезиларли ижобий ўзгаришлар кўзга ташланяпти.

Икки томонлама келишувга мувофиқ, бугун Андижон давлат тиббиёт институтига Ўш давлат университети делегацияси ташриф буюрди. Айтиш жоизки, бундан чорак аср муқаддам университет мақомини олган мазкур таълим маскани Қирғизистоннинг энг катта олийгоҳи саналади. Унинг таркибида 6 та таълим ва илмий-тадқиқот институти, 18 та факультет, 117 та кафедра ва бошқа билим муассасалари, марказлари бор. Бу ерда 27 мингдан зиёд талаба турли йўналишларда таҳсил олади. Улар орасида хорижлик ёшлар ҳам бор.

ЎшДУда ҳалқаро тиббиёт факультети алоҳида мавқега эга. Факультетда фаолият олиб бораётган тиббиётчи олимларнинг изланишлари халқаро миқёсда кўп бор эътироф этилган. Андижонлик ва ўшлик тиббиётчи олимлар, тадқиқотчилар узоқ йиллардан бери илмий ҳамкорлик қилиб келишади, тажрибалар алмашишади. Ўш давлат университет ректори, профессор Канибек Исақов бошчилигидаги халқаро тиббиёт факультетининг олимларидан иборат делегация аъзоларининг Бобур заминга мазкур ташрифи илмий-ижодий ҳамкорликни янада кучайтиришга қаратилди.

АДТИ ректори Мадаминжон Мадазимов меҳмонларга жамоада амалга оширилаётган ишлар хусусида гапириб берди, кафедралар фаолияти, ўқув жараёни билан яқиндан таништирди. Институт илмий кенгашлар залида ҳамкасбларнинг юзма-юз мулоқоти бўлиб ўтди. Унда қатнашчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олишди.

Шу куни меҳмонлар вилоятимизнинг бир қатор тиббиёт масканларида бўлдилар, Андижон шаҳрининг диққатга сазовор жойларини кўздан кечирдилар.

Ҳ. Тоҳиров.

Р. Эшонов олган суратлар.